Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

Муҳаррирга таҳдид қилинди


“Лица” газетасининг 18 декабр кунги бош саҳифаси ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг президент Ислом Каримовга даъвати билан босилди.
“Лица” газетасининг 18 декабр кунги бош саҳифаси ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг президент Ислом Каримовга даъвати билан босилди.

Қирғизистондаги “Лица” газетаси бош муҳаррири Бермет Букашева ўз нашри ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ мақоласини чоп қилгани учун таҳдидга учраяпти.

Бишкекда чиқувчи “Лица” газетасининг жорий йил 18 декабрдаги сонида ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг таржимаи ҳоли ва унинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўллаган очиқ хати эълон қилинди.

Газета бош муҳарири Бермет Букашеванинг Озодлик радиосига билдиришича, газета сотувга чиқарилган куни унга телефон қилиб, таҳдид қилишган.

Бермет Букашевага кўра, барча таҳдид қўнғироқлари Муҳаммад Солиҳ ва унинг очиқ хатига тааллуқли бўлган.

Бу қўнғироқларнинг Ўзбекистондан бўлганлигини тахмин қилинмоқда. Чунки, Букашева хонимнинг таъкидлашича, қўнғироқ қилган шахслар ўзбекча талаффуз билан рус тилида гапирганлар.

18 декабр куни Интернет тармоғидаги бир қатор сайтлар орқали Бермет Букашеванинг Қирғизистон ҳукумати ва ҳуқуқ фаолларига йўллаган мурожаати эълон қилинди.

Унда Бермет Букашева ўзига нисбатан бўлаётган таҳдидлар орқасида ўзбек махсус хизмати турганлигини айтиб, хавфсизлигини таъминлашни сўраган.

- Бутун дунёдаги ҳуқуқ фаоллари журналист Алишер Соиповнинг фожеали ўлимида ўзбек махсус хизматларининг қўли борлигини таъкидлашмоқда. Айни ҳолатни инобатга олиб, биз хавотирга тушдик ва мурожаат билан чиқишга мажбур бўлдик, - дейди Бермет Букашева.

“Лица” мустақил ахборот-таҳлилий газета бўлиб, у Қиғизистонда 18 000 нусхада нашр қилинади.

Бермет Букашевага кўра, газета Қирғизистон ҳукуматига мухолиф фикрларни ҳам ўз саҳифаларида тез-тез эълон қилиб туради.

- Газета саҳифаларидан маҳаллий мухолифатчилар учун ҳам, қўшни давлатларнинг мухолифати учун ҳам жой бериб келганмиз.

Газетамизда бир неча бор қозоқ мухолифати вакилларининг мақолалари эълон қилинган. Лекин бирор марта биз жиддий муаммога дуч келмагандик, - дейди Бермет Букашева.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова ҳам Бермет Букашевага бўлган таҳдид орқасида Ўзбекистон ҳукумати турибди, деган фикрда.

- Ўзбекистондаги авторитар тузум нафақат ўз мамлакати, балки қўшни давлатлар, жумладан, Қирғизистондаги сўз эркинлигини ҳам назорат қилиш ниятида.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Бермет Букашеванинг ҳаёти хавф остида бўлганлиги сабабли қирғиз ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот органларидан унинг хавфсизлигини таъминлашни сўраймиз, - дейди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Бақит Сейитов бу ҳолат бўйича хулоса чиқаришга эрталиги, аввал вазиятни ўрганиб чиқиш лозимлигини билдирди.

- Биз аввал бу ҳолатни аниқлаймиз. Ҳақиқатан ҳам Бермет Букашевага таҳдид бўлганми ёки йўқми, агар бўлган бўлса, у кимлар томонидан қилинганлигини ўрганамиз.

Бу ҳолат бўйича Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли органлари иш олиб боришади, - деди Бақит Сейитов.

Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ эса Қирғизистон ҳукумати айни ҳолатни жиддий ўрганиши лозимлиги, акс ҳолда, Алишер Соипов билан боғлиқ ҳолат такрорланиши мумкинлигини таъкидлайди.

- Бу Бермет Букашевага қилинган таҳдид телефонлари худди бир ярим йил олдин Алишер Соиповга қилинган таҳдид қўнғироқларига ўхшайди.

Ўша пайтда биз бундай таҳдид қўнғироқларини Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинаётганини билар эдик. Ва буни айтганмиз, ёзганмиз. Лекин жамоатчилик ўша пайтда ҳам, кейин ҳам бизнинг бу гапларимизга эътибор бермади.

Афсуски, Алишер Соиповнинг ўлими сабаблари ҳозиргача аниқланганича йўқ, - деди мухолифатдаги Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган эди.

Мустақил кузатувчилар¸ унинг ўлимида Ўзбекистон ҳукуматининг қўли борлигини очиқ гапириб келмоқдалар.

Зотан¸ Алишер Соипов ўлимидан аввал унга ҳам Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан тинимсиз таҳдидлар бўлгани¸ Наманган вилоят телевидениесида уни ўзбеклар ва Ўзбекистон душмани қилиб кўрсатган махсус кўрсатув намойиш қилингани қайд этилган.
XS
SM
MD
LG