Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:51

“Газпром” Тошкентда музокара ўтказди


"Газпром" Ўзбекистон газини жаҳон баҳоси формуласида сотиб олишини билдирганидан сўнг расмий Тошкент қўшни давлатларга ҳам газни ўтган йилга қараганда икки баробар қиммат нархда сотишини эълон қилди.
"Газпром" Ўзбекистон газини жаҳон баҳоси формуласида сотиб олишини билдирганидан сўнг расмий Тошкент қўшни давлатларга ҳам газни ўтган йилга қараганда икки баробар қиммат нархда сотишини эълон қилди.

Ўтган жума куни “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер Ўзбекистонга келди, деб хабар берди 22 декабр куни Газета uz нашри.

Бу воқеа негадир Ўзбекистон ҳукуматининг ЎзА ва Жаҳон расмий ахборот агентликлари назаридан четда қолди.

Маълум бўлишича, Алексей Миллер Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳамда “Ўзбекнефтегаз” ширкати раҳбари Улуғбек Назаровлар билан учрашган.

Музокараларда газни Ўзбекистон ҳудуди орқали тразит қилиш ва 2009 йил учун ўзбек газини сотиб олиш ҳақида гап борган.

“Музокараларнинг бошқа тафсилотлари маълум қилингани йўқ”, деб ёзади бу ҳақда хабар берган Газета uz интернет нашри.

Маълумки, Ўзбекистон 2009 йилда Газпромга 14 миллиард куб метр газ сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги Ўзбекнефтегаз давлат ширкати вакили Жўрабек Мирзамаҳмудовга таянган ҳолда 26 ноябр куни маълум қилган эди.

Ўзбекнефтегаз вакили, шунингдек, 2009 йилда Ўзбекистон Россия ва Марказий Осиё мамлакатларига газни аввалгидек белгиланган баҳода эмас, балки бозор нархида сотишини ҳам қайд этган.

Бундан аввалроқ, 2008 йилнинг сентябрида Россия бош вазири Владимир Путиннинг Тошкентга расмий сафари доирасида ўтказилган музокараларда, “Газпром” ўзбек газини тўла миқдорда жаҳон нархи формуласи асосида сотиб олиши келишилганди.Россия расмийларига кўра, бу нарх 2009 йилда 300-350 доллар атрофида бўлиши кутилган эди.

Бироқ жаҳонда нефт нархининг тушиб бораётгани газ баҳосининг ҳам пасайишига сабаб бўлмоқда. Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг башоратига кўра, 2009 йилда газ нархи 257-275 доллар атрофида бўлади. “Газпром” ширкати эса газ нархи 260-300 доллар атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер ўзбек расмийлари билан Тошкентда аввал тахминий келишилган газ нархига аниқлик киритиш масаласини муҳокама қилган бўлиши ҳам мумкин.

Айни пайтда Тошкент қўшни Қирғизистон ва Тожикистон учун ҳам 2009 йилга белгиланган газ нархини 300 доллар, деб эълон қилди. Бу давлатлар 2008 йилда ўзбек газининг минг кубометрини 145 доллардан сотиб олган эдилар. Демак, Ўзбекистон ўз қўшниларига 2009 йили газни икки баробар қиммат баҳода сотишини билдирган.

“Тожикгаз” давлат унитар корхона раиси Фатҳиддин Муҳсиддиновнинг Озодликка билдиришича, ўзбек гази нархининг кўтарилиши истеъмолчиларнинг камайишига сабаб бўлмоқда. Унинг айтишича, сўнги уч йил давомида ўзбек гази нархи уч марта оширилган. 2006 йилда ҳар бир минг кубометр газ 55 доллардан, 2007 йилда 100 доллардан ва 2008 йилда 145 доллардан сотиб олинган.

- Бу, ўз навбатида, табиий газга бўлган эҳтиёжларнинг 20 фоизга камайишига олиб келди. Шуни назарга олган ҳолда, биз келгуси йил Ўзбекистондан аввалги 650 миллион куб ўрнига 500 миллион куб метр газ олишни режалаштирдик, - деган эди Фатҳиддин Муҳсиддинов Озодлик радиосининг Душанбедаги мухбирига.

Расмий Бишкек ҳам ўзбек газини 300 доллардан сотилишини ўта қиммат, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон энергетика вазири Илёс Давидов фикрича ўзбек газининг нархи 250 доллардан ошмаслиги зарур. Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов эса Ўзбекистон газ нархини қайси асосларга кўра 300 доллар қилиб белгилагани тушунарсиз эканини маълум қилган.

Бош вазир матбуот хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, қирғиз тарафи ўзбек ҳукуматига ўртача газ нархини аниқлаш формуласини ишлаб чиқишни ва газ нархини ана шу формула асосида исботлаган ҳолда белгилашни таклиф этиб махсус мактуб жўнатган.
XS
SM
MD
LG