Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:53

Браузерга ҳушëр бўлинг


Дунëнинг энг машҳур ва бадавлат одамларидан бири бўлган Билл Гейтс ширкати навбатдаги муаммонинг ҳам тезда ҳал этилишини айтмоқда.
Дунëнинг энг машҳур ва бадавлат одамларидан бири бўлган Билл Гейтс ширкати навбатдаги муаммонинг ҳам тезда ҳал этилишини айтмоқда.

Компьютер хавфсизлиги соҳаси мутахассислари Microsoft ширкатининг Internet Explorer браузеридан вақтинча фойдаланмай туришликни тавсия этмоқда.

Бундай огоҳлантирув сабаби шундаки¸ браузерда ғанимлар комьютердаги маълумотларингизга кириши мумкин бўлган тешик борлиги аниқланган.

Microsoft ширкати мутахассислари ҳозирда бу нуқсонни тузатиш ҳаракатида ва аллақачон уни тузатувчи дастурни ҳам ишлаб чиққанлар.

Мутахассислар эса токи браузердаги бу камчилик бартараф этилмагунича¸ ундан фойдаланмай териш керак деб маслаҳат беришмоқда.

Ўзбекистонлик компьютер соҳаси мутахассиси Юсуфбек Мақсудов гапиради.

- Microsoft ширкати томонидан ишлаб чиқарилган Internet Explorer дастури кўплаб танқидларга учради. Чунки унинг таркибида хавфсизликка тааллуқли бўлган ниҳоятда катта камчилик топилди.

Бунинг камчилиги шундаки¸ оддий фойдаланувчилар бу дастурдан фойдаланиб¸ махсус яратилган сайтга кирганда¸ ўша сайтда хакерлар томонидан қўйилган махсус дастур фойдаланувчининг компьютерини тўлиқ қўлга олиб¸ хоҳлаган ишини бажариши мумкин.

Microsoft компанияси буни билгач¸ бир неча кун ичида бу камчиликни бартараф этувчи махсус дастур ишлаб чиқди¸ дейди Юсуфбек.

Хакерларнинг энг кўп ҳужумлари Internet Explorerнинг еттинчи версиясида кўпроқ қайд этилган. Мутахассислар браузернинг бошқа версияларида ҳам муаммо борлигини айтишмоқда.

- Кўплаб фойдаланувчилар махсус дастурдан фойдаланиб¸ бу камчиликни бартараф этишган. Лекин шунга қарамасдан¸ бу камчиликдан бехабар фойдаланувчилар ҳали кўп. Шунинг учун мен интернет фойдаланувчиларига бу махсус дастурни сотиб олиб¸ компьютерига ўрнатишни тавсия қиламан¸ дейди Юсуфбек.

Антивирус дастурларини ишлаб чиқарувчи Тrend Micro Inc. ширкати мутахассисларига кўра, браузердаги тешикдан компьютер қароқчилари фойдаланувчининг паролларини ўғирлашмоқда.

Шунингдек, қароқчилар бу тешик орқали компютерингизга кириб кредит карта ҳамда банк ҳисоб рақами ҳақидаги маълумотларга эга бўлиб йирик ўғриликларни амалга оширишмоқда.

- Банк рақамларини¸ фойдаланувчи исмларини¸ паролларини ўғирлаб хакерлар бундан ўз мақсадларида фойдаланишлари мумкин¸ дейди Юсуфбек.

Microsoft ширкатининг Internet Explorer браузери энг кўп фойдаланиладиган браузер ҳисобланади. Юсуфбек Мақсудовнинг айтишича, компьютер фойдаланувчиларининг 60 фоизи ҳали ҳам Internet Explorer дан фойдаланади.

- Хавфсизлик борасида Mozilla Firefox браузери ўзини яхши кўрсатган. Унинг ҳам камчиликлари йўқ эмас¸ лекин бу камчиликлар ниҳоятда тез тузатилади.

Бу браузерни кўплаб хавфсизлик мутахассислари доимий равишда текшириб боришади. Шу туфайли ҳам Mozilla Firefox браузери кейинги пайтда кўп фойдаланувчиларни ўзига жалб қила бошлаган ва Internet Explorer браузерининг асосий рақиби сифатида тан олинган.

Лекин барибир фойдалнувчиларнинг 60 фоиздан кўп қисми Internet Explorer браузеридан фойдаланади. Бунга сабаб хавфсизлик камчиликларига бўлган эътиборсизлик бўлиши мумкин ëки бу ҳақда умуман тушунчага эга бўлмаслик бўлиши мумкин.

Биласизларки¸ Internet Explorer браузери Windows операцион системаси билан бирга тарқатилади. Бундан ташқари кўпчилик фойдаланувчилар бошқа шунга ўхшаган дастурларнинг мавжудлигидан бехабар бўлишлари ҳам мумкин¸ дейди Юсуфбек.

Сўнгги маълумотларга кўра, Internet Explorer браузеридаги тешик боис 10 миллион фойдаланувчи қароқчилар ҳужумига учраган. Microsoft ширкати ўз мижозларига тузатиш дастурини ширкат сайтидан кўчириб тезроқ компьютерингизга юклашни тавсия этмоқда.

Ўз навбатида фойдаланувчилар сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Mozilla ширкати ҳам мижозларига Firefox браузерининг аввалги 2.0 версияси учун тузатиш дастури йўқлиги боис янги 3.0 версиясини кўчириб комьютерингизга юклашни тавсия этади.
XS
SM
MD
LG