Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

Раис порахўрликда айбланмоқда


Ўзбекистонлик фермерлар етиштирган маҳсулотларига ўзлари нарх бича олмагани етмагандай, ҳар йили турли ўлпонлар йиғиб беришга мажбурлигидан ҳам шикоят қиладилар.
Ўзбекистонлик фермерлар етиштирган маҳсулотларига ўзлари нарх бича олмагани етмагандай, ҳар йили турли ўлпонлар йиғиб беришга мажбурлигидан ҳам шикоят қиладилар.

Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳокимиятига қарашли агрофирма раиси Фахриддин Деҳқонбоев фермер Қўчқор Солиҳовдан пора олаётган пайтда МХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.

Айни пайтда Фахриддин Деҳқонбоевга нисбатан Тошкент вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо Фахриддин Деҳқонбоевни таниган фермерлар сўзларида агрофирма раисига ачиниш оҳангларини сезмадик.

- Ҳамма қутулиб бўлди. “Сиз пахтага пул бермадингиз”¸ деган. Яна 3-4 та фермерни айтибди. Унинг гапирган гаплари диктофонга ëзилган экан. Фермер: “Қанча қарзим бор?” деб сўраса¸ “бир ярим миллион сўм қарзинг бор”, дебди. Фермер эртасига олиб бориб берадиган бўлган. Пулни олиб кириб бераëтганда¸ МХХ ходимлари томонидан ушланган, - дейди ўзбекистонлик фермер Дилрабо Холбоева.

Фахриддин Деҳқонбоевнинг агрофирма раиси вазифасини суиистеъмол қилиб, пахта йиғим-теримидаги ҳашарчилар учун сабзавот етиштириш билан шуғулланадиган фермерларнинг ҳар гектар ерига 100 минг сўмдан солиқ солиб чиққани ҳақида аввал гапиргандик. Ўшанда Дилрабо Холбоева:

- Гектарига 100 мингдан олиб чиқиб бердим. 1 миллион 700 минг олиб чиқиб бердим. Эшигимнинг тагига келавергандан кейин мажбуран олиб чиқиб бердим. Пахтага ҳар йили ëрдам тариқасида ҳашарчи берардик. Бу йил одам олиб чиқсак¸ агрофирма раиси Деҳқонбоев: “Керакмас менга одамларинг. Пулини беринглар. Мен ўзим гаплашиб тўғрилайман”, деди, - дея ҳасрат қилганди.

Дарвоқе, ўшанда Озодлик радиосига бу ҳақда гапирган Фахриддин Деҳқонбоев фермерлардан пул йиғиб олганини инкор этмаганди:
- Пахта териш пайтида шундай бўлдики¸ бизда шу пайтда сабзавот ҳам йиғиштириб олинади. Шунинг учун деҳқонларнинг ўзлари истаган ҳолда мардикор ëллаш учун маҳаллий теримчилар билан келишилиб, пахта тердирилган. Кейин озиқ-овқат масаласида йиғилиш бўлган пайтда теримчиларнинг озиқ-овқати учун пул йиғилган. Ҳар киши бошига 40 кун ва кунига 5 минг сўмдан кетиши белгиланган. Битта одам бошига 200 мингдан йиғилган¸ - деган эди Фахриддин Деҳқонбоев.

Дилрабо Холбоева эса унинг бу вазифага тайинланиши билан фермерлар боши балога қолганини айтади:

- У агрофирма раиси бўлиб келгандан бери фақат пул сўрайди. Пахта бўлмасидан олдин ҳам агрофирмани фермерлар томонидан шакллантирилиши учун айланма пулидан 10 фоиз шартнома қилдирган мажбуран. Бизлар ўшанда ҳам қарши чиққандик. Яна: “2006 йилдан бери бўлган оборотинглардан 10 фоиз ажратиб берасизлар”, деган. Ўшанда ҳам биз қарши чиқиб¸ ҳокимга ëзиб буни тўхтатган эдик. Ўшанда яна металлоломга пул йиққан. Унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ. Биз унинг учун шартнома қилишимиз керак. У бўлса ҳамма фермерлардан нақд пул йиғиб олган, - дейди Дилрабо Холбоева.

Айни пайтда Фахриддин Деҳқонбоев устидан Тошкент вилояти прокуратураси иш қўзғатган. Фермерлар чақиртирилиб, улардан кўрсатмалар олинмоқда.

Одамларнинг айтишларича, Фахриддин Деҳқонбоев илгари Тошкент туманидаги Навоий божхона пости бошлиғи бўлиб ишлаган. Ишдан ҳайдалганидан сўнг, Тошкент тумани ҳокими Сайфулла Темиров уни “Навоий миришкор2 агрофирмасининг раҳбари этиб тайинлаган. Сайфулла Темировнинг ўзи ҳам илгари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишлагани айтилади.
XS
SM
MD
LG