Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:10

Болалар қаровсиз қолаяпти


Россияга мардикор ташийдиган бу автобуслар эндиликда меҳнат муҳожирларининг болаларини ҳам ёт ўлкаларга олиб кетиши мумкин.
Россияга мардикор ташийдиган бу автобуслар эндиликда меҳнат муҳожирларининг болаларини ҳам ёт ўлкаларга олиб кетиши мумкин.

Тирикчилик кўйида дунёнинг тўрт тарафига тарқаб кетган меҳнат муҳожирларининг фарзандлари ота-она тарбиясидан мосуво кун ўтказмоқда.

Мақоламиз бош қаҳрамони – ўшлик 12 яшар Исмоилжон бешинчи синфда ўқийди.

Аяси бир неча йилдан бери Россияда ишлайди. Ўшга ҳар йили бир марта, бир ойга келиб кетади.

- Охирги марта аям Россияга 13 августда кетган , дейди Исмоилжон.

Аясининг айтишича, у ўзига ўхшаш меҳнат мигрантлари – қурувчилар ошхонасида ошпазлик қилади.

- Ошхонада ишлаяпман¸ усталарга овқат қилиб бераяпман¸ деб айтган эди, - дейди Исмоилжон.

Исмоилжоннинг дадаси ҳам узоқда.

- Дадам Бишкекда ишлайди. Кетганига икки йил бўлди¸ - дейди Исмоилжон.


“Пул йиғиб, опамни чиқармоқчимиз”

Бир қарашда Исмоилжонни “қаровчисиз қолган” деб бўлмайди. Лекин қаровчисининг ўзи ҳам қаровчига муҳтож. Қаровчиси - опаси. У эндигина
18 га кирган. Аяси келаси йил Россияга олиб кетмоқчи.

- Баҳорда келаман. Ëзда ҳаммамиз кетамиз, деб айтди аям¸ - дейди Исмоилжон.

Опа-уканинг кундалик сарф-харажати 18 га кирган опанинг зиммасида.

- Опам қандолатчиликда ишлайди. Сочи кекслари чиқаради.

Исмоилжоннинг аяси ҳар ойда 300 доллардан жўнатади.

Аяси жўнатган пулларни опа-ука йиғмоқда.

- Уй оламиз, деяпмиз. Опамни чиқарамиз¸ - дейди Исмоилжон.


“Қаровсиз болалар жиноят йўлига кириб кетаяпти”

- Исмоилжон ва унинг опаси, умуман, қаровчисиз қолган ёки тарбияси бувиларию буваларига ташлаб қўйилган миллионлаб ўзбек боласининг икки нафаригина холос, - дейди сирдарёлик Карим ака Бозорбоев.

Озодлик билан суҳбатда маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси Карим ака ҳамма биладиган бир ҳақиқатни айтдики, у гапни ҳамма билади, деб эшиттирмай қўймоқчи эмасмиз.

- Ота-онаси болаларини бувиларининг¸ буваларининг қўлига ташлаб¸ ўзлари даромад топиш учун бошқа ерларга кетишган экан¸ болалар ота-оналарининг олдида тарбия олгандай тарбия ололмайди¸ - дейди Карим Бозорбоев.

Карим аканинг айтишича, ота-она назоратисиз қолгани туфайли тарбияси бузилиб кетаётган болалар йилдан-йилга кўпайиб кетаяпти. Мана, биргина мисол:

- Бувисининг қўлида қолган битта ëш боланинг отасининг Россияга кетганига анча йил бўлди. Онаси вафот этган. Бу ëш бола¸ 10-12 яшар бола¸ шу даражага бордики¸ ўзим фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаганимда магазиндан нарса ўғирлаб¸ охири Ички ишларнинг назоратига олинган. Ҳозиргача назоратдан чиққани йўқ¸ - дейди Карим Бозорбоев.


“Россия етимлари”

Фарзандларини ташлаб, бошқа юртларга кетган ўзбекистонликларнинг нуфузи тўғрисида бухоролик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниевнинг мана бу гапидан тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

- Мана, ҳозирги кунда Бухоро шаҳридаги биргина еттинчи маҳалланинг ўзидан 100 га яқин оиланинг бошлиғи Россияда. Ҳар биттасида ўртача 3 тадан бола бор. Улар албатта қаровсиз қолаяпти. Кўпинча буви ва буваларининг қўлида қолаяпти¸ - дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев Озодлик билан суҳбатда бир ўхшатиш ҳам қилди.

- Яқинда Евроньюсда қизиқарли бир мавзуда дастур бўлди. Унда “евроетимлар” деган атама қўлланилди. Агар ҳозирги кунда шу нарсани Ўзбекистонга нисбатан ишлатсак¸ “Россия етимлари” деган категория пайдо бўлаяпти. Чунки минглаб болалар қаровсиз қолаяпти¸ - дейди Шуҳрат Ғаниев.

"Россия етимлари". Ўта хунук атама. Лекин бу воқелик. Бу факт. Факт эса, маълумки, ўжар нарса.


“Махсус дастур керак”

Шуҳрат Ғаниевнинг фикрича, ҳадемай "Россия етимлари"нинг дастлабки авлоди балоғат ёшига етади. Бу авлоднинг тарбиясини ўнглаш ҳамда етимларнинг яна бир авлоди пайдо бўлмаслиги учун ҳукумат махсус давлат дастури қабул қилиши керак. Аммо расмийлар бундай дастур устида бош қотираётганлари ҳам йўққа ўхшайди.

- Умуман, давлат томонидан ҳозирги пайтда мана шунга аниқ ва равшан бир дастурнинг йўқлиги¸ иқтисоднинг паст даражада бўлиши¸ оиланинг қаровчисиз қолиши болаларни жиноят йўлига бошлаши мумкин. Жиноят у ëқда турсин¸ болалар улғайганидан кейин ҳар хил оқимларга кириб кетиш хавфи катта¸ - дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ўзбек ҳукумати, ўзбек жамияти мана шу хавфни ўйлаяптими?


“Кетсанг, кетавер...” дейликми?

Лавҳамиз бош қаҳрамони - эндигина 12 га кирган Исмоилжон, боя айтганидай, ёзга чиқиб Россияга кетмоқчи, қурилишда ишламоқчи.

- Ўша ерда ишлайман. Том ëпаман¸ девор ураман¸ - дейди Исмоилжон.

Ишқилиб, ёз тезроқ кела қолсин. Исмоилжонни опасига қўшиб аяси Россияга олиб кетсин.

Аяси тезроқ қайтиб келсин, Россияда юрган барча оталар, барча оналар ватанга, фарзандлари олдига қайтиб келсин, дегингиз келаётгандир. Лекин, шундай дея оласизми?
XS
SM
MD
LG