Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:37

ҲРУ: "Босим кучайиши лозим!"


Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият сўровларини қондириш фикридан йироқ кўринади.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият сўровларини қондириш фикридан йироқ кўринади.

Мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов янги йил арафасида 10 йиллик қамоқни ўташ учун Қарши шаҳридаги жазони ўташ колониясига юборилди.

Журналистнинг адвокатлари томонидан Қорақалпоғистон Олий судига йўлланган назорат тартибидаги шикоят аризаси ҳам натижасиз бўлди. Эндиликда адвокатларЎзбекистон Олий судига шикоят аризаси тайёрламоқдалар.

Солижон Абдураҳмонов деярли ҳар йили Янги йил байрамини оила даврасида нишонлашни хуш кўрарди. Тошкенту Нукусдан барча оила аъзолари Солижон ака туғилиб ўсган Манғитдаги уйга йиғилишар эди. Бу йил эса Солижон Абдураҳмонов Янги йилни Қаршидаги қамоқхонада кутиб олди.

Солижон Абдураҳмонов бир қиз ва олти ўғилнинг отаси. Унинг икки ўғли Тошкентда яшайди. Солижон аканинг энг катта фарзанди 33 ёшли Давронбек Янги йил байрам дастурхони атрофида отаси бўлмаганидан ўкинади.

- Ҳар йили янги йилда қишлоқдаги уйимизга йиғилар эдик. Дадам ишларини қўйиб келар эди. Биз ҳам укам билан Тошкентдан борар эдик. Бу йил дадам йўқ бўлгани учун қишлоққа боролмадик, дейди Давронбек.

Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати ва укаси Баҳром Абдураҳмонов айнан Янги йил байрами арафасида акасининг Қарши шаҳридаги қамоқхонага жўнатилганини айтади.

- Қаршидаги 64/61 деган колонияга жўнатишди.

Яқинда Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари Қаршига бориб, у билан учрашиб қайтишди. Давронбек отаси билан бўлган учрашув тафсилотларига тўхталади.

- Аҳволини кўринишига қараб айтадиган бўлсак¸ яхшига ўхшайди. Ўзининг айтишига қараганда, кайфияти яхши.

“Ҳеч нарсадан қайғурманглар, бу бўлиб турадиган нарса, мендан баттарлари ҳам бўлган”, деган гапларни айтди.

Ўзи мен учрашувга биринчилардан бўлиб ëзилган эдим. Нимагадир энг охирги бўлиб учрашдим. Мендан бир соат олдин кириб кетганлар билан тенг чиқдим ҳисоби. Ўзи учрашиш вақти икки соат экан-ку. Мен ярим соатча учрашдим, холос, дейди Солижон аканинг ўғли Давронбек.

Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Тергов давомида¸ ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилгани иддао қилинди.

Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Кейинчалик унга банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик айби қўйилди.

10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилиниб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ, наркотик топилган машинани давлат фойдасига мусодора қилиш белгиланди.

19 ноябр куни эса Қорақалпоғистон Олий суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди.

Адвокат Баҳром Абдураҳмоновнинг Озодликка билдиришича, куни-кеча улар Қароқалпоғистон Олий судига йўлланган назорат тартибидаги шикоят аризасига ҳам жавоб хати олганлар.

- Назорат тартибида берилган ариза жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Олий судининг раиси томонидан эмас¸ айнан апелляция инстанциясида қатнашган судья томонидан кўриб чиқилган ҳамда раис ўринбосарининг имзоси билан жавоб хати берилган.

Апелляция инстанцияси ҳам, биринчи инстанция суди ҳам тўғри қарор қабул қилган¸ яъни қонуний жазо белгиланган, деган жавобни олдим. Бу жавоб асосида назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Олий суди раиси номига ариза тайëрлаяпмиз, дейди Баҳром Абдураҳмонов.

Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида бир қатор халқаро ташкилотлар хавотир билдириб, унинг қамалишини касбий фаолияти билан боғлаган.

Европа Иттифоқи икки марта Ўзбекистон раҳбарияти номига мурожаат йўллаб, Солижон Абдураҳмонов 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинганидан хавотир билдирган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ҳам Ўзбекистон хукуматидан Солижон Абдураҳмоновни озод қилишни талаб қилиб келмоқда.

Айни ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов Солижон Абдураҳмоновнинг озод қилинишига умид қилаётганликларини айтади.

- Улар¸ албатта¸ Ўзбекистон судлов тизими объектив қарор қилиб, Солижон Абдураҳмоновни озод қилишига умид қилишмоқда, лекин Қорақалпоғистон Олий суди дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирганлиги умидлар пуч эканлигини кўрсатади.

Айнан ҳозир халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга қаттиқ босим кўрсатиши лозим ва шу йўл орқалигина Солижон Абдураҳмонов озодликка чиқарилиши мумкин¸ дейди Ҳюман Райтс Вотч ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Солижон Абдураҳмонов 20 йилга яқин вақт мобайнида ўрта умумтаълим мактабларида мураббийлик қилган. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бошлаб журналистика билан шуғулланган.

У Озодлик ва Америка овози радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net интернет сайти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган.

Шу билан биргаликда, Солижон Абдураҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.
XS
SM
MD
LG