Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:19

Уй солиғи яна ошадиган кўринади


Кузатувчилар фикрича¸ фуқароларга қарашли кўчмас мулкни қайта баҳолаш қарори ортида¸ давлат ғазнасига уй солиғидан келаëтган киримни кўпайтириш мақсади ëтибди.
Кузатувчилар фикрича¸ фуқароларга қарашли кўчмас мулкни қайта баҳолаш қарори ортида¸ давлат ғазнасига уй солиғидан келаëтган киримни кўпайтириш мақсади ëтибди.

Айни кунларда Ўзбекистон фуқароларига қарашли кўчмас мулкни қайта баҳолаëтган Ер тузиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ходимларининг қўли-қўлига тегмаяпти.

Бошқарма вакиллари ўзларига бириктирилган ҳудуддаги жисмоний шахсларга тегишли уй-жой ва биноларни 1 февралга қадар қайта баҳолаб, солиқ идораларига топишириши лозим.

Белгиланган янги баҳога кўра, жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкига нисбатан янги тартибдаги солиқ қиймати белгиланади. Аниқроғи, тўланадиган солиқ қиймати оширилади.

Тошкент шаҳридаги Ер тузиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ходимларидан бирининг сўзларига кўра, республика фуқароларига тегишли кўчмас мулкни қайта баҳолаш жараёни анчадан буён давом этмоқда.

Фуқароларнинг уй-жойлари қай асосда ва қай тариқа қайта баҳоланади, деган саволимизга бу ходим шундай жавоб қилди:

- Бизда Вазирлар маҳкамасининг қарори бор. Китоб ишлаб чиққан. Ўша китоб асосида баҳоланади. Уйга неча йил бўлгани¸ фоиз взнослари ҳамма нарсалар инобатга олинади¸ дейди Тошкент шаҳридаги Ер тузиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ходимларидан бири.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк сўнгги бор 1998 йилда қайта баҳоланган ва ўшанда бундай мулкка белгиланган давлат нархи ўрта ҳисобда 10 фоизга ошган эди, деб давом этади ўзини таништирмаган бу ходим.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирга келиб жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк турлари, жумладан, турар-жой биноларининг давлат кадастрига кўра ишлаб чиқиладиган янги нархи қандай бўлишини ҳозирдан айтиш қийин.

- Бизларда коэффицент бор. Коэффицентга қараб белгиланади. Ҳозир бу нарсани ҳеч ким айтиб бера олмайди. Бозорни биз назорат қила олмаймиз¸ дейди бу ходим.

Ўзбекистонда турар-жой учун давлат белгилаган нарх ва бозордаги эркин нарх ўртасида катта фарқ кузатилади.

Айниқса, сўнгги икки йил ичида Тошкент шаҳри ва республиканинг йирик шаҳарларидаги уй-жой нархи жуда ошиб кетгани боис бу фарқ 10 баробардан 25 баробаргача ўсиб кетди.

Лекин аҳоли яшаб турган турар-жой бинолари, айниқса, кўп қаватли уйларнинг аксарияти совет иттифоқи даврида қурилган ва уларга белгиланган нарх ҳам ўша даврдаги нормативларга асосланган.

Шу боис, эркин бозордаги нарх давлат идоралари, хусусан, Ер тузиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан расмийлаштириладиган ҳужжатларда акс этмайди, дейди тошкентлик маклерлардан бири.

- 30-40 йиллик домларнинг¸ албатта¸ нархлари паст бўлади. Ҳужжатдаги асл нарх кўрсатилмайди. Ўша шартномада қанақадир баҳоси ëзилади. Нотариус сотувчи ва олувчи орасида келишилган нархга аралашмайди. У фақат ëзиб беради. Уйингизни 100 миллионга сотсангиз ҳам келишувда хоҳлаган суммангизни ëздирасиз¸ дейди тошкентлик маклерлардан бири.

Тошкентда уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланадиган бу даллол давлат томонидан жисмоний шахслар мулкининг қайта баҳоланиши эркин бозордаги нарх-навога заррача таъсир этмайди, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонлик кўчмас мулк эгалари учун эса Ўзбекистонда аҳоли мулкини яна бир бор ҳисоб-китоб қилиниши фақат бир жиҳатда – кўчмас мулк учун тўланадиган солиқнинг ошганида сезилади, холос, дейди яқиндагина уй харид қилган қўқонлик инженер Исоқжон Ҳамидов.

- Қайта нархланса нима бўлади? Нарх бўйича солиқ олиши керак. Солиқ давлат ғазнасига тушади. Агар ҳозир уй-жой қайтадан баҳоланса¸ унинг учун тўланадиган солиқ янги белгиланган нархга қараб тўланади.

Суғурта деган нарса бор. У ҳам шу нархга қараб қўйилади. Ўзи мана бу кадастрнинг ўзининг югур-югурига жуда кўп пул кетади. Одамларнинг шўри қуриди¸ дейди Исоқжон Ҳамидов.

Исоқжон Ҳамидов бу тадбири билан ҳукумат аслида солиққа кўз тикиб қолган давлат ғазнасини тўлдириш ниятида¸ дейди.

Айни вақтда¸ у кўчмас мулк учун давлат белгилаган нарх билан эркин бозордаги нарх ўртасида фарқнинг катталигича қолаётганидан ҳам аслида давлат манфаатдор, дер экан давлат амалдорлари бу нархни қай тартибда ва нимага асосланиб, белгилаётганини аниқлаш мулк эгаси учун мушкул, дейди.

- Мисол учун¸ ҳозир синглимнинг уйи бузиладиган уйлар рўйхатига тушган. Қачон кўчиради билмаймиз¸ лекин арзимаган нарх қўяди. Бу пулга у уй қура қолмайди.

Олдинги вақтда норматив бўларди. Уйнинг нархи квадрат метрига қараб баҳоланарди. Ҳозирги замонда қандай баҳоланишидан менинг хабарим йўқ¸ дейди қўқонлик инженер Исоқжон Ҳамидов.
XS
SM
MD
LG