Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Украина ўзбеклар сирини очди


Зарғалдоқ инқилоби воситасида ҳокимиятга келган Виктор Юшченко билан¸ рангли инқилобларни террорчилик билан боғлайдиган Каримов ҳукуматлари ўртасидаги алоқа анчайин совуқлигича қолмоқда.
Зарғалдоқ инқилоби воситасида ҳокимиятга келган Виктор Юшченко билан¸ рангли инқилобларни террорчилик билан боғлайдиган Каримов ҳукуматлари ўртасидаги алоқа анчайин совуқлигича қолмоқда.

Юрт бойликларини кимга¸ қайси нархда сотаëтгани ҳақида ўз халқига ҳисоб беришни истамайдиган расмий Тошкент давлат сири деб бекитиб келган газ нархи ошкор бўлди.

Украина ташқи ишлар вазирлигига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Газпром Ўзбекистондан ҳар минг куб метр газни 301 АҚШ долларидан сотиб олишга келишган.

Таҳлилчиларнинг эътирофича, Марказий Осиё давлатлари ўз газининг яхши баҳода сотилишига эришган ва ҳозирда Россия – Украина ўртасидаги газ можаросига томошабин бўлиб қолишни афзал кўрмоқда.

Украина ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида қайд этишича, айни пайтда Ўзбекистон ва Газпром ўртасида келишилган нарх йил давомида ҳар чоракда ўзгартирилиши мумкин.

“Газпром” расмий вакили Денис Игнатьев газ олди-сотдиси бўйича келишувга ўтган йили эришилганини тасдиқлади. Бироқ газ нархи ошкор этилмаслигини таъкидлади.

- Биз Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан жорий йил учун Европа нарх формуласига асосан шартномаларнинг имзолангани ҳақида аллақачон баён қилганмиз. Биз фақатгина аниқ рақамларни келтирмагандик, чунки биз газ нархини ошкор этиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз¸ деди Газпром расмий вакили.

Унга кўра, газ нархининг ошкор этилмаслиги¸ эришилган шартномаларнинг махфийлигига оид бандига мосдир.

Энергетика масалалари бўйича украиналик таҳлилчи Михайло Гончар фикрича, яқиндан бошлаб газ нархининг сирга айланиши сабаби Москванинг Марказий Осиё давлатлари билан музокаралари қийин кечаётгани билан боғлиқ.

- Марказий Осиё газининг нархи кўтарилган сайин, Газпром даромадлари энг паст даражага тушиши ёки мутлақо йўқолиши мумкин.

Ҳозир эълон қилинган нарх Марказий Осиё давлатларини қондираётган бўлса ҳам¸ у вақтинчадир.

Менимча¸ Газпром Украина билан жорий бўҳрон сабабли уни туширишга ҳаракат қилади¸ дейди таҳлилчи.

Россия газ таъминотини узиб қўйиб Украинадан газ учун қарзни талаб қилаётган бир вақтда¸ Украина томони Газпромдан газ нархини пасайтиришни сўрамоқда.

Украинанинг давлатга қарашли Нафтогаз ширкати вакили Валентин Землянский Газпром Марказий Осиёдан газни неча пулга сотиб олаётгани билан бизнинг ишимиз йўқ¸ дейди.

- Газпром ўзбек ёки туркман газини ўзи истаган нархда сотиб олиши мумкин. Бизнинг масаламизга бунинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Биз Россиянинг ҳар минг куб метр гази учун 201 АҚШ доллари бера оламиз. Газпром билан ўзимизнинг келишувимиз бор эди ва ёдингизда бўлса ўшанда Газпром газни 250 доллардан таклиф қилаётган эди.

Агар улар ўшандаёқ ўзлари газни 300 доллардан сотиб олишларини билиб бизга шундай таклифни қилган бўлса, демак улар нимагадир асосланганку¸ дейди Нафтогаз вакили.

Украина орқали Европага газ транзити тўхтаб қолган ҳозирги кунларда, Газпромнинг Марказий Осиёдан сотиб олаётган газни қаерга ишлатиб¸ қаерда сақлаётгани номаълумлигича қолмоқда.

Киев – Москва можароси Марказий Осиё гази нархини ҳозирча пасайтира олмаган бўлса ҳам, иқтисодий бўҳрон шароитида Тошкент ва Ашхободнинг газ экспортини ошириш режасини савол остига қўйди.

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Дўсум Сатбоевнинг таъкидича, шу боис ҳозирча можарога томошабин бўлаётган бу давлатлар Россияни четлаб ўтувчи муқобил қувурлар ҳақида кўпроқ ўйлашни бошлашлари лозим.

- Россиянинг ўз энергетик салоҳиятидан сиëсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланмоқчи бўлаётгани аллақачон аён гап. Бу эса¸ Марказий Осиё ва Европа давлатларини Россияни четлаб ўтувчи муқобил йўллар ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда¸ дейди Дўсум Сатбоев.

Ўзбекистон йилига 14-15 миллиард куб метр газни Газпромга сотади.

Марказий Осиё газини Европа истеъмолчиларига сотиш учун муқобил транзит йўллари сифатида минтақани ҳали қоғозда қолаëтган Набукко қувурларига боғлаш лойиҳаси таклиф этилмоқда.

Айни пайтда¸ минтақанинг ëнилғи заҳираларига ташна улкан қўшниси Хитой ҳам Россияга муқобил харидор сифатида майдонга чиқмода.

2011 йилга бориб Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Хитой қувурининг ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
XS
SM
MD
LG