Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:16

Петреус Тошкентга кейинроқ келади


Марказий Осиё сафари доирасида Бишкекка келган генерал Дэвид Петреус Қирғизистондаги Америка ҳарбий базасининг ёпилиши тўғрисидаги ахборотни рад этди.
Марказий Осиё сафари доирасида Бишкекка келган генерал Дэвид Петреус Қирғизистондаги Америка ҳарбий базасининг ёпилиши тўғрисидаги ахборотни рад этди.

АҚШнинг Афғонистон учун маъсул генерали Дэвид Петреус Марказий Осиë сафари доирасида минтақанинг Тошкентдан бошқа барча тўрт пойтахтида бўлди.

Генерал Дэвид Петреуснинг Бишкек сафаридан бир ҳафта олдин халқаро ахборот агентликлари тарқатган хабарда Россия Қирғизистонга 2 миллиард доллар миқдорида қарз бераётгани ва шу муносабат билан расмий Бишкекнинг Кремлга совға сифатида АҚШ базасини мамлакатдан ҳайдаб чиқариш тараддудини кўраётгани айтилган эди.

Бироқ АҚШ генерали Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида қирғиз расмийлари бу хабарларни рад этганини билдирди:

- Мен учрашган қирғиз расмийлари бу ҳақдаги маълумот фақат хориж ахборот воситаларида пайдо бўлгани, қирғиз матбуоти эса бу хабарни ўша манбадан кўчириб босганини айтдилар.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукуматининг олий даражадаги раҳбарларидан бири Россия билан иқтисодий маънодаги музокаралар пайтида АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш масаласи муҳокама қилинмаганига мени ишонтирди.

Шунинг учун ҳам база Қирғизистондан чиқарилиши ҳақидаги хабарни асоссиз, деб ҳисоблайман, деди Дэвид Петреус.

Айни пайтда¸ расмий Бишкек хориж матбуотида пайдо бўлган бу хабарни расман тасдиқламади ва раддия ҳам бермади.

АҚШ базасининг Қирғизистондан чиқарилиши борасидаги хабар матбуотда биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Лекин бу маълумотларни ҳар сафар қирғиз расмийлари эмас, балки Вашингтон вакиллари рад этиб келадилар.

АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус журналистларнинг бундай ҳолатни қандай баҳолаш мумкинлиги тўғрисидаги саволига ҳам жавоб берди:

- Балки бу саволни бошқа бир шахсга берганингизда маъқулроқ бўларди. Мен қирғиз расмийлари билан учрашувим пайтида, “АҚШ базаси мамлакатдан чиқарилмаслиги тўғрисида баёнот берсам бўладими?” деб сўрадим. Улар бунга қаршилик қилмадилар.

АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида матбуотда пайдо бўлган гапларга келсак, уни музокаралар олиб боришнинг марказий осиёча услуби сифатида баҳоласа бўлади. Бу ҳам нормал кўринишдир, деди генерал.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги вакилининг айтишича, АҚШ ҳар йили Қирғизистонга 150 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак кўрсатади. Жумладан, бу пулнинг 63 миллионини Бишкекдаги Америка базаси беради.

Айни пайтда Қирғизистонда АҚШ ҳарбий базасининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилувчи сиёсий кучлар ҳам мавжуд. Улардан бири Қирғизистон коммунистик партиясидир.

- Мен қардош Ўзбекистон, Хитой ва Россияга қарши қаратилган АҚШ базасини мамлакатдан чиқариб юбориш керак. деб ҳисоблайман, деди Бишкекдаги митинглардан бирида сўзга чиққан коммунистлар партияси раҳбари Клара Ажибекова.

Бироқ мухолифатдаги партияларнинг кўпчилик қисми АҚШ базасини мамлакат хавфсизлиги кафолати сифатида баҳолайдилар.

Айтиб ўтиш лозимки, АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус Бишкекка Марказий Осиё сафари доирасида келган эди. У Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистонда ҳам бўлди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, генерал бу сафар Тошкентга бормайди, лекин бундай сафар кейинроққа режалаштирилган.

- Генерал Петреуснинг яқин ойлар ичида Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда. Лекин бу сафарнинг аниқ вақти аниқ эмас, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати вакили Саида Чориева.

Сўннги хабарларга кўра¸ сешанба куни Вашингтонга қайтган генерал Петреус¸ чоршанба куни янги президент Барак Обамага минтақага қилган сафари ва ўтказган музокаралари юзасидан ҳисоб беради.

XS
SM
MD
LG