Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Қашқирлар билан монолог


Россиядаги Славян иттифоқи вакиллари ҳам мамлакатдаги бошқа миллатчи гуруҳлар сингари муҳожирларни юртига ҳайдаш тарафдори.
Россиядаги Славян иттифоқи вакиллари ҳам мамлакатдаги бошқа миллатчи гуруҳлар сингари муҳожирларни юртига ҳайдаш тарафдори.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси рус скинхедлари лидери билан учрашиб, тақирбошлардан қирғиз фуқароларига хайрихоҳ муносабатда бўлишни сўради. Аммо...

Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Раимқул Аттўқуровнинг Озодлик радиосига билдиришича, қирғиз дипломати Россия скинхедларининг Славянлар иттифоқи (Славянский союз), қисқартмада эса СС деб аталувчи ташкилоти раҳбари Дмитрий Дёмушкин билан бир неча ой давомида икки марта учрашган.

Сўнгги учрашув қирғиз элчисининг ташаббуси билан бундан икки-уч ҳафта муқаддам бўлиб ўтган.

- Ўзингизга маълумки, 2008 йилнинг бир неча ойи мобайнида Қирғизистон фуқаролари Россияда кўп маротаба нохуш ҳодисаларга дучор бўлдилар. Ўшанда скинхедлар раҳбарлари билан учрашиш фикри пайдо бўлган эди.

Элчихонанинг асосий вазифаларидан бири ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Шу сабабли ҳам тақирбошлар раҳбарларида фуқароларимизга нисбатан хайрихоҳлик уйғотиш ниятида бу учрашувларни уюштирдик, дейди элчи Раимқул Аттўқуров.

Элчининг айтишича, икки учрашув оралиғида Россия скинхедларининг СС ташкилоти раҳбари Дмитрий Дёмушкин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида Иссиқкўлда ўтказилган ҳарбий спорт ўйинларида Россия делегацияси таркибида Қирғизистонга келиб кетган.

Иккинчи учрашув чоғида СС раҳбари қирғизистонлик мигрантларга хайрихоҳ эканини билдирган.

- У менга: “Россиянинг 64 ҳудудида бизнинг вакилларимиз бор, уларга менинг номимдан Қирғизистон фуқороларига юмшоқ муомалада бўлинглар, деган кўрсатма берилди”, деб айтди, дейди Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Раимқул Аттўқуров.

Айни пайтда¸ Россия миллатчилари лидери Дмитрий Дёмушкин ҳам Озодликка берган интервьюсида қирғиз элчиси билан расман бир неча маротаба учрашгани, бу учрашувлар чоғида рус диёрига келаётган нолегал муҳожирлар сонини камайтириш ҳамда профилактик масалалар муҳокама қилинганини айтди.

Дмитрий Дёмушкин профилактик масалалар деганда нимани назарда тутганини изоҳламади.

Айни пайтда у¸ Россия вилоятларидаги миллатчиларга қирғиз муҳожирларига хайрихоҳлик билан муомалада бўлиш ҳақида кўрсатма берганини инкор қилди.

- Бу техник жиҳатдан ҳам бажариб бўлмайдиган нарсадир. Чунки ҳужум қилувчилар одамларнинг паспортини, тожик ёки ўзбек эканини суриштириб ўтирмайди, дейди Дёмушкин.

СС раҳбарининг билдиришича, унинг ташкилоти бугунги кунда ғоявий миллатчилик мафкурасини ташийди.

- Бизни миграция сиёсатидаги тенденциялар қониқтирмайди. Бизни Москвада жуда одобли бўлган 4 миллион озарий яшаётгани ҳам қониқтирмайди.

Бироқ бу масалани куч билан ҳал қилиб бўлмаслигини тушунамиз. Шунинг учун ҳам диаспоралар вакиллари, элчихоналар билан мулоқот орқали бу масалани ечиш йўлларини қидирмоқдамиз, дейди Дмитрий Дёмушкин.

Айни пайтда у¸ СС сафларида радикал гуруҳлар мавжудлиги, ўзининг шахсан радикал ҳаракатларга қарши эканини, бироқ Россиядаги бир қатор омиллар туфайли скинхедларнинг радикаллашуви анъанасини тўхтатиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

Шу аснода миллатчилар раҳбари билан ўтаётган тинч мулоқотимиз бузилди.

Афтидан, Дёмушкиннинг сафдошларидан бири телефонни унинг қўлидан тортиб олди ва Озодлик мухбирини ўзбек бўлгани учун сайтга ёзиб бўлмайдиган уятли сўзлар билан ҳақорат қилди.

Мавзуни ўрганиш чоғида Славянский союз-СС ташкилоти интернет сайти билан ҳам танишдик.

Мазкур сайтдаги видеотасвир ва мақолалар миллатчилар лидери айтгани каби ғоявийлиги билан эмас, балки тажовузкорона жангарилиги билан ажралиб турарди.

Масалан, бир лавҳада инструктор ёш тақирбошларга мина қўйиш усулларини ўргатмоқда.

Бошқа бир видеолавҳада эса скинхедлар гуруҳи томонидан куйланган “Славянлар ҳам СС сафларида орий қони софлиги учун курашган” қўшиғини эшитиш, шунингдек, калтакланаётган муҳожирлар ва “Яшасин Россия, Россия руслар учун!” деб ҳайқираётган тақирбошларни кўриш мумкин.

Россия матбуотининг хабар беришича, айни пайтда бу мамлакатда 70 000 га яқин миллатчи тақирбош рўйхатга олинган. Улар томонидан миллий ва ирқий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар сони ҳам йил сайин тобора кўпайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG