Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:35

Жаннат ўз ичимизда


Доимо Раҳмонбекова ўзининг Уста Мўмин мактабидан чиққанини яширмайди.
Доимо Раҳмонбекова ўзининг Уста Мўмин мактабидан чиққанини яширмайди.

Ўзбек рассоми Доимо Раҳмонбекова ўз ички дунëси сувратини солиш¸ ўз ичидаги ҳис-туйғуларга шакл ва ранг топиш истаги уни Парижга етаклаб келганини айтади.

Майли кезсангиз ҳам жаҳонни¸
Фақат бир ўтинч бор берингиз чизиб¸
Онамиз сурати - Ўзбекистонни.


Доимо Раҳмонбекованинг таржимаи ҳоли аксар ўзбек рассомлари билан уйқаш. Пионерлар саройидаги расм тўгараги¸ Бенков рассомлик билим юрти¸ олийгоҳ...

Доимо Раҳмонбекова: Тошкентдаги 113 - мактабда саккизинчи синфгача ўқидим. Кейин тўрт йил Бенковда ўқидим. Кейин Москвага Суриковский институтига киришга ҳаракат қилдим¸ лекин кира олмадим.

Кейин Тошкентдаги Островский номидаги театр ва рассомчилик институтининг графика бўлимини тугатдим. Орадан уч йил ўтгач¸ аввал Москвага¸ кейин Парижга келиб қолдик. Қисқача биографиям шу.

Мана 17 йилдирки¸ рассом Доимо Раҳмонбекова Парижда ижод қилмоқда.

Замонавий санъатга бешик бўлган Париждаги санъатшуносларнинг зийрак кўзлари Доимо чизган расмларда юксак санъат аломатлари борлигини илғаб олди.

Доимо Раҳмонбекова: Французлар чет эллик одамларга очиқ одамлар. Бу ерда чет элликлар жуда ҳам кўп. Галереяларда юрсангиз француз рассомлари унча кўп эмас. Ҳаммаси чет эллик рассомлар.

Парижда нима бор¸ публика бор. Французларда ҳалиги кўз бор дейдию¸ шунақа нарса бор. Қанақадир бир сезишади. Винони яхши ҳис қилишади.

Театр ривожланиши учун публика жуда катта аҳамиятга эга. Классик мусиқада ҳам эшитувчилар жуда катта рол ўйнайди. Рассом учун публиканинг бўлиши шарт эмас. Масалан¸ Париж мактаби бўлиши учун¸ рассомларнинг келиб яшаши учун атрофнинг қанақадир роли бор.

Рассом ким баъзида англамак мушкул. Шу йил бошида чехиялик рассом Давид Черний (David Cerny) яратган асар Брюсселдаги ЕИ қароргоҳи пештоқига илинди.

Рассом Европа Иттифоқи шаклу шамойилига юқоридан истеҳзо билан назар ташлайди. Чўчқа бути¸ шоколодлар¸ свастика шаклидаги автойўллар¸ исломий ҳожатхоналар ва бесоқолбозлик байроғини баланд тутган оломон шаклида кўрди рассом Европани.

Кўпчилик эътирозига сабаб бўлган бу асар ўзбек рассоми Доимо Раҳмонбекованинг ҳайратини уйғотди.

Доимо Раҳмонбекова: Мен телевизорда кўрдим. Менга ëқди. Мен жуда қойил қолдим¸ зўр. Сиëсий-ижтимоий томондан зўр деб ҳисобладим. Қўрқмасдан қилганда бу одам. Бунинг учун ҳам юрак керак.

Айни пайтда Доимо Раҳмонбекова ижоди замонавий дунëдан узоқдай кўринади.

Бир-бирига анор тутаëтган баччалар¸ шароб сипқараëтган муғбачалар¸ довучча¸ хино ва новвот рангларининг аралашувидан ҳосил бўлган сархуш бир кайфият.

Мунаққидлар назарида бу зоҳирий бир кўриниш. Аслида бу асарлардан бугуннинг кайфияти уфуриб туради.

Сирлар

Масалан “Сирлар” деган асарни олайлик. Бир йигит яна бир йигитнинг қулоғига бир нарсаларни шипшимоқда. Бу Ўзбекистонда кенг тарқалган чақимчиликни эслатмайдими?

Доимо Раҳмонбекова: Рассомми¸ шоирми ўзича бир умр жаннат қидиради. Уста Мўмин¸ масалан¸ орзусидаги жаннатни Ўзбекистонда топган. Бошқалар ўзининг ишлаш жойида (мастерской) ўтириб ҳам топиши мумкин. Гоген Таити оролларига қидириб бориб¸ ўша ердан топгандай бўлган ва ўша ерда давом эттирган. Ҳамма қидиради.

Озодлик: Сиз Парижга бордингиз.

Доимо Раҳмонбекова: Мен Парижга жаннат қидириб борганим йўқ. Бу замонанинг зайли билан бўлган. Лекин шу ерда ривожландим десам бўлади. Лекин энг асосий нарсалар ичимда ëшлигимдан¸ болалигимдан бўлса керак деб ўйлайман. Кейин кўрган-эшитган нарсаларим ҳам рол ўйнаган. Биласизми жаннатни ўзингизнинг ичингиздан топсангиз ҳам бўларкан.

Саҳифамиз бошида янграган шоир сатрларидаги тилак мазмунидан сўз очамиз. Эй ўзбек расомлари¸ бизга онамиз Ўзбекистон суратни чизиб берингиз. Рассом Доимо Раҳмонбековага қулоқ берамиз.

Доимо Раҳмонбекова: Ростини айтайми?

Озодлик: Ҳа.

Доимо Раҳмонбекова: Мен ўзим ўзбек қизиман. Ўзбекистондан чиққанман. Оилам ўзбек. Ўзбекистонни яхши кўраман. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Рассомлик бу юртини куйлаш эмас. Бу бошқа нарса. Бу ўзини куйлаш. Ичимда бўлгани учун барибир чиқади бу нарса. Мен махсус ўтириб Ўзбекистонни куйлайман дея олмайман. Бу нарса ўзидан ўзи чиқади. 20 асрнинг 20 йилларида яшаган Жаброил Халил деган Ливан шоири бор. У “Поэт должен высказывать только себя” деган. Тушунтира олдимми?

Озодлик: Яъни ўзинингизнинг ичингиздаги ҳис туйғуларни изҳор қиласиз.

Доимо Раҳмонбекова: Ҳа¸ фақат шуни.


Озодлик: Мен сиз Уста Мўмин Николевнинг ижодини яхши кўрасиз деб ўйлайман. Ҳар ҳолда сизнинг асарларингизда унинг таъсири бор. Уста Мўмин атайлаб Ўзбекистонга борган¸ исмини ўзгартирган¸ мусулмонликни қабул қилган. Ҳар ҳолда Ўзбекистонни куйлаш учун бир нечта ишларни қилган.

Доимо Раҳмонбекова: Кўп нарса керак¸ албатта. Буни ҳозир сўз билан тушунтириш жуда ҳам қийин. Лекин мен ўзимда бир нарса етишмасдан туриб атайлаб қаëққадир кетган эмасман. Балки ҳаëтнинг ўзи мени шу ëққа юборгандир? Билмадим. Ҳамма нарса жам бўлгандан кейин бир нарса чиқа бошлади. Шунинг учун мен атайлабдан қаëққадир бир нарса қидириб кетдим дея олмайман.

Озодлик: Одамнинг исми унинг ҳаëтида қандайдир акс этаркан. Сизнинг исмингиз ўзбеклар орасида унақа тарқалган исм эмас. Доимо дегани бу ҳар доим дегани. Мен сизнинг ижодингизда барқарор бир линияни кўраяпман. Мен билган бошқа рассомлар визуал санъатдан анча узоқлашиб кетди. Сиз нега визуал санъатда барқарор турибсиз?

Доимо Раҳмонбекова: Агар овозим бўлганда¸ балки қўшиқчи бўлармидим. Менимча бу ўзини намойиш этишнинг бир услуби. Ëшлигимдан шу линия давом этди. Балки менинг характерим шудир. Менинг характеримда бузилмаслик бўлса керак ¸деб ўйлайман. Биласизми бу нарсаларни айтишим қийин.

Рассом учун илҳом манбаи ҳақида ҳам гапирсак. Ўтган асрнинг 20- йилларида Ўзбекистонда ижод қилган авангард рассомлар гуруҳи рассом Доимо Раҳмонбекова учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.

Доимо Раҳмонбекова: 20- йиллардаги авангард рассомларнинг сафи мен учун жуда ҳам катта мактаб. Улардан жуда кўп нарса ўрганганман.

Рассомнинг ўрни қаерда? Баланд тоғлар қўйнидами ëки хушманзара боғлар орасидами? Балки денгиз канорлари рассом учун маъқул бир манзилдир? Қаерда ўзи рассомнинг ўрни?

Доимо Раҳмонбекова: Қаерда натижа бўлса¸ ўша ерда. Гогенга ўхшаб Таитига кетиш керак бўлганда¸ ҳамма кетарди. Фақат Гогенда бу натижа бор. Уста Мўмин Ўрта Осиëгача келди. Бундан бошқа қанча рассомлар келган. Кимдадир бўлди¸ кимдадир бўлмади.

Озодлик: Салвадор Дали¸ Пикассо Испаниядан Францияга келди.

Доимо Раҳмонбекова: Ўзи ҳаëтнинг маълум бир даврлари бор. Ўшанга тушгандан кейин ўзи қаëққадир олиб келиб қўяди.

Шоирлар қишлоқда туғилади¸ аммо Парижда ўлади деган гап бор. Суҳбатдошимиз бу фикрга қўшилмайди.

Доимо Раҳмонбекова: Йўқ. рози эмасман.

Озодлик: Париж рассомларнинг Маккаси деган гап ҳам бор.

Доимо Раҳмонбекова: Тўғри бўлган¸ лекин ҳозир билмадим.

Денгизлар расмини чизган Айвазовский одамлар расмини чизишни¸ сокин ўрмонлар расмини чизган Шишкин уруш саҳналарини чизишни орзу қилишган. Хўш¸ шарқона ҳаëт манзараларини чизаëтган рассом Доимо Раҳмонбекова ниманинг суратини чизишни орзу қилади?

Доимо Раҳмонбекова: Менда унақа тематик нарса йўқ. Одамда қанақадир хоҳиш туғилиши керак. Энг катта нарса ўша хоҳишнинг¸ истакнинг бўлиши. Бу истак ҳам бир пайтда бўлади¸ бир пайтда йўқ¸ бир пайтда кучли¸ бир пайтда кучсиз. Катта истак ўша истакнинг туғилиши.
XS
SM
MD
LG