Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:53

Ироқда сайлов тинч ўтди


Ироқда ўтган сайлов натижасида маҳаллий кенгашлар ваколатлари ҳам кенгайтирилди.
Ироқда ўтган сайлов натижасида маҳаллий кенгашлар ваколатлари ҳам кенгайтирилди.

Бу сиёсий тадбир урушдан оғир аҳволга келган Ироқнинг фаровон келажаги томон ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ҳозир сайловда йиғилган овозлар саналмоқда ва Ироқ расмийларига кўра, тез кунлар ичида натижа расман маълум қилинади.

Ироқ сайлов комиссияси раҳбари Фараж ал-Ҳайдарий сайловдан кейинги матбуот анжуманида сайловичларнинг 51 фоиздан ортиғи овоз бериш жараёнида иштирок этганини маълум қилди.

Бу эса айрим сиёсатчилари кутганидан кўра оздир. Аммо бироз аввал сайловни бойкот қилган Сунний мусулмонлар яшовчи алоҳида ҳудудларда фаоллик жуда юқори бўлгани айтилмоқда.

Шанба куни телевидение орқали чиқиш қилган Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий овоз бериш жараёнидан қониқиш ҳис қилганини айтди:

-Мана биз умумхалқ сайловини эсон-омон ўтказиб олдик. Энди эса интиқлик билан унинг натижаларини кутяпмиз. Умид қиламанки, сайлов натижалари барчамизни мамлакатдаги сиёсий жараёнларни яна янги куч билан давом этдиришга руҳлантиради. Бундан ташқари, биз Ироқ келажагини қуриш йўлида сайловга қадар дуч келган муаммоларни ҳам унутамиз, деб умид қиламан,- деди Ироқ бош вазири.

Ҳозирга қадар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ироқдаги сайловларни олқишлади. АҚШ президенти Барак Обама эса бу сайловни мамлакат бошқаруви келажакда ироқликлар қўлига ўтиши томон ташланган жуда муҳим қадам деб баҳолаб, унинг тинч-осойишта ўтгани билан мамлакат аҳлини қутлади.

Мамлакатдаги 18 вилоятдан 14 тасида бўлиб ўтган сайловда иштирок этиш учун жами 15 миллион аҳоли рўйхатга олинган эди.

Овоз бериш жараёнида жиддий тартиббузарлик ёҳуд зўравонлик ҳаракатлари кузатилмади. Аммо халқаро кузатувчилар минглаб овоз берувчилар ўз номи сайловчилар рўйхатига киритилмаганидан шикоят қилганини қайд этди.

Сайловда иштирок этган бағдодликлардан бири овоз бериш жараёни тинч ўтганидан мамнунлигини билдирди:

-Хавфсизлик таъминоти жуда яхши бўлди. Одамлар бемалол овоз бериш участкаларига бориб, ўзлари ҳоҳлаган рўйхатни олиб, ўз фуқаролик ҳуқуқлари доирасида овоз бериш имконига эга бўлди. Ҳеч кимга босим бўлмади,- деди бағдодлик Аббос исмли сайловчи.

2005 йилда сайланган аввалги вилоят кенгашларидан фарқли равишда бу гал сайланган кенгаш вакилларининг ваколатлари кенгайтирилган.

Мамлакат қонунчилари ўтган йили вилоят кенгашлари ваколатларини кенгайтириб, уларга вилоят ҳокимларини ишдан олиш, бюжетни тасдиқлаш, полиция раҳбарларини тасдиқлаш ёҳуд инкор қилиш ҳуқуқини берган. Шунингдек, уларга кенг кўламли реконструкция ва жамоатчилик лойиҳаларини йўлга қўйиш имкони ҳам берилган.

XS
SM
MD
LG