Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:00

Янги урф - момолардан қолган либос


Ўзбек қиз-жувонларига кийиниш маданиятидан сабоқ бераëтган уламо ва зиëлилар¸ ҳозирча момоларимизнинг ичкари ë ташқарига кийган кийимларидан қай бирига қайтиш кераклигини ойдинлаштирмаëтирлар.
Ўзбек қиз-жувонларига кийиниш маданиятидан сабоқ бераëтган уламо ва зиëлилар¸ ҳозирча момоларимизнинг ичкари ë ташқарига кийган кийимларидан қай бирига қайтиш кераклигини ойдинлаштирмаëтирлар.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ўзбек хотин-қизларига ўз момолари кийган кийимларни эслатиб¸ уларни ëт маданиятлар қулига айланиш таҳдидидан огоҳлантирмоқда.

Бугун муҳокама қиладиганимиз мавзу - ҳафта аввалидаги дастурда тилга олганимиз – Ўзбекистонда дин ва фан-маданият арбобларининг ёппасига кийиниш маданияти ҳақида чиқишлар қилиб, ўзбек аёлларига асрлар давомида аждодлари кийган миллий либосларини кийишни тавсия қила бошлагани ҳақидаги мавзунинг бевосита давоми.

Ўзбекистон марказий ахборот воситаларидаги чиқишлар мазмунига кўра, бугун ўзбек жамиятида кийиниш маданияти “ташқи таъсирлар боис издан чиқмоқда”.

Яққол сезилган жиҳат шуки, Ўзбекистондаги икки тоифа қиз-жувонлар зиёлилар танқидига учрамоқда.

Асосан, Туркия, Саудия Арабистони, Эрондан келтирилган ҳижоблар ёхуд ҳижобсифат кийимлар¸ ҳамда Ғарб давлатларидан келтирилган сўнгги урфдаги, одатан, очиқ-сочиқ кийимларни кийганлар танқид қилинмоқда.

Ҳар икки тоифа аёллар бу кийимлар орқали ёт маданият, демакки, ёт ғояни ўзбек миллати ичида тарғиб қилаётгани айтилиб, бунинг жуда хавотирли экани урғуланмоқда.

Шу боис ўзбек аёлларига ўртамиёна, асрлар давомида ўзбек аёллари кийиб келган миллий кийимлар тавсия қилинмоқда.

Ўзбекистонда кўзга кўринган дин арбоблари – Абдулазиз Мансурнинг “Халқ сўзи” марказий нашрида эълон қилинган мақоласи, Ўзбекистонда таниқли уламо Анвар қори Турсуновнинг “Ўзбекистон” телеканали орқали қилган чиқишларида ўзбек аёллари “ҳаддан ташқари ҳаёсизлик” ва “ҳаддан ташқари мутаассиблик”дан қайтарилган.

Бунинг ўрнига ўзбек аёлларига асрлар давомида шаклланиб келган ўзбек миллий либосларини кийиш тавсия қилинмоқда. Жумладан, Анвар қори Турсуновнинг марказий телевидение орқали 28 январ куни берилган чиқишидан парча келтирамиз:

“Ҳаë имондандир. Миллатимиздаги оналаримиз ҳаëли бўлган. Ўзларига ярашган ҳаë асосида кийимлар кийганлар. Мана шу оналаримизнинг¸ бувиларимизнинг¸ момоларимизнинг йўлида бўлишимиз керак. Жуда ҳам ҳаддан ташқари ҳаëсизликка ëки мутаассибликка ўтадиган ишларни эмас¸ мўътадил равишда ўртачалилик имоннинг яхшилигини¸ қувватлилигини билдиради”.

Ўзбекистонда танилган уламо мамлакат аҳлига, хусусан, аёлларга ўртамиёна кийинишни тавсия қилар экан, бундай кийимни момолар, бувилар кийганини таъкидлади ва бу кийимлар “ҳаёга асосланган” деди.

Ана шу мазмундаги сўзларга илова қилинган кадрларда шим кийган, очиқ кийинган аёл-қизлар ва ҳижоб кийган диндор аёллар илова қилинди.

Бу ўринда яққол сезилиб турган жиҳат шу эдики, “очиқ-сочиқ кийинган” аёллар танқид қилинди. Ўранган, ҳижоб кийган аёллар эса шу либос остида ўта оғир жиноятларни содир этган жиноятчи сифатида қораланди ва бу чиқишларда асосий урғу, афтидан, айнан рўмолли, ўранган аёлларга қаратилди.

Бугун ана шу чиқишларга ўзбекистонлик диндорлар муносабатларини ўрганиш билан бирга ўзбекистонлик уламоларни хавотирга солаётган рўмолли, ўранган ва ҳижобли аёллар ҳақида уларнинг тасаввурлари билан қизиқдик.

Ўзбекистонлик икки аёл – мана шундай чиқишларни аҳоли, айниқса, муҳокама мавзуига айланган қизлар ўртасида муҳокама қилинишига масъул ўқитувчи аёллар Ўзбекистон марказий ахборот воситаларида бошланган бу кампанияга ўз муносабатини билдирди.

Улардан бири Тошкентдаги академик лицей тил-адабиёт фани ўқитувчиси, фан номзоди Шоҳиста Каримова. Яна бири эса Тошкентдаги университетлардан бирининг ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди Дилдора Ҳакимова.

Аввал хабар қилганимиздек, бугун мамлакатдаги таълим муассасаларида бу чиқишлар ихтиёрий-мажбурий тарзда муҳокама қўйилмоқда.

- “Халқ сўзи” газетасида Абдулазиз Мансурнинг либослар ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Аттестациядан ўтаëтган ҳар бир ўқитувчи ана шу мақола билан танишиши шарт ва саволлар бор деган талабларни қўйишди, дейди Тошкентдаги академик лицей ўқитувчиларидан бири Шоҳиста Каримова.

Аммо, бу чиқишлар мазмунида ҳали айтганимиз ҳолат — очиқ кийинган аёллар танқид қилиниб, ҳижоблик муслима аёллар жиноятчи сифатида қоралангани нотўғри, дейди Шоҳиста Каримова.

- Битта ролик кўрсатаяптида. Битта ўранган қиз ўқувчилар кўтарадиган портфел савдоси билан шуғулланади. У портфелларни очаяпти¸ ичидан қорадори чиқаяпти. Ҳижобли қизни “Мана кўринг¸ бундай либосда юрганлар нима иш қилаяпти” тарзида кўрсатаяпти.

Билмадим бу ижтимоий буюртмами ëки ҳақиқатан ҳам реал ҳодисами. Реал ҳодиса ҳам бўлиши мумкин. Бунинг замирида одамлар эътиқодига ҳурматсизлик¸ таъқиб ëтибди¸ холос.

Менимча буни эркин қўйиш керак. Ўранганми¸ ўранмаганми қонунни бузаяптими чора кўрилиши керак¸ жавобгарликка тортилиши керак. Лекин бу дегани ҳўлу қуруқ баробар ëниши керак дегани эмас¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Шоҳиста Каримова фикрича, расмий ахборот воситаларида бошланган бундай ёндашув ва тарғиб аслида шу вақтгача махфий равишда авж олдирилган таъқиқнинг зоҳирга чиққанидир.

Шоҳиста Каримова ўзи кузатган энг сўнгги ҳолатлардан иккитасини тилга олди. Биринчи ҳолат:

Шоҳиста Каримова: Бу йил масалан ўрта-махсус касб ҳунар таълим масканлари¸ академик лицей ва коллежларга ўранган қизларни қабул қилиш манъ этилди. Тепадан шундай буйруқ келган.

Ўранган қиз ҳужжатини кўтариб келади. Агар қизнинг отаси келиб “Қизим ҳақиқатан ҳам мана шу лицейнинг ўқув формасига мос ҳолда кийинади” дган тилхат берсагина¸ ҳужжат қабул қилинади. Қолган барча ўранган қизлар қайтиб кетишди.

Озодлик: Шу буйруқни сиз ўзингиз кўрдингизми?

Шоҳиста Каримова: Йўқ¸ бу буйруқ расмий равишда келмаган. Одатда бунақа буйруқлар расмий равишда келмайди. Буйруқ оғзаки тарзда берилади ва ҳамма системаларда унга амал қилинади.

Иккинчи ҳолат:

- Оддийгина бир таълим масканига ўқувчилар билан учрашиш учун шоирлар келадими¸ дарсдан ташқари тадбирлар бўладими¸ тил байрами бўладими ҳижобли қизлар киритилмайди.

Масалан¸ мен ишлайдиган масканга тил байрамига Абдулла Орипов келган эди. Синф раҳбарларига “Учрашувга очиқ қизларни олиб чиқинг” деган буйруқ келибди. Чунки телевидение келган эди. Камерага тушмаслиги керак экан. бу тепадагиларга хунук кўринар экан¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Бундай таъқиқларнинг меваси раҳбарларни қизиқтирмаяпти, аммо, ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда, дейди Шоҳиста Каримова. У дарс бераётган синфларда йил бошида келган саноқлигина ўранган қизлар йил охирида деярли ҳамма ҳамсинфларини ўрантириб қўйди.

Тошкентдаги университетлардан бирининг ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди Дилдора Ҳакимова ҳам синф хоналарида ўранган қизлар, кўча-кўйда ҳижобга кирган аёллар кўпайганини тасдиқлайди.

Аммо, у бу ҳолатдан хавотирланаётган давлат раҳбарларини қувватлайди.

- Биринчидан¸ айнан Ўзбекистонда расман таъқиқ йўқ. Аммо расман таъқиқ бўлмаса ҳам таъқиқ борлигини биламиз. Лекин бир инсоннинг иккинчи инсонга кийиниш маданиятини тўла таъқиқлашга¸ яъни танловни таъқиқлашга ҳаққи йўқ. Фақат битта жиҳатни инобатга олайлик. Масалан мен мажбуран тазйиқ остида ҳижобга кирган инсонларни биламан.

Озодлик: Ким тазйиқ ўтказган?

- Оила аъзоси¸ атроф-муҳит¸ таниган -билганлари. Катта қисм бунга тайëр бўлмаган ҳолда маърифат мана шу ўртада жуда оқсади.

Шу боис, динни сиёсатдан айирган ҳукумат жамиятда маълум бир меъёрларни тутишга ҳаракат қилаяпти, менимча, дейди Дилдора Ҳакимова.

Жамият фақатгина диний тушунчалардан иборат эмас. Жамиятнинг бошқа асослари ҳам бор. Шу нуқтаи назардан унга тушунтириш ишлари олиб борилади. Унинг қандай даражада олиб борилиши раҳбариятнинг ўзига¸ унинг салоҳиятига¸ ақл даражасига¸ сиëсатига боғлиқ. Қизингни бошқа мактабга олиб бор дейиши ҳам мумкин, дер экан Дилдора Ҳакимова доимо меъёр тарафдори эканини айтади.

Ўзбекистонлик бугунги зиёли Дилдора Ҳакимова билан Ўзбекистон марказий ахборот воситаларида чиқиш қилаётган маданият арбобларининг сўзи бир жойдан чиқди – кийиниш маданиятида ўртамиёналик.

Дин арбоблари эса бунга қўшимча равишда “асрлардан мерос, миллий”ни тавсия қилмоқда.

Тарих саҳифаларидан биламизки, асрлар давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган аёллар чит, сурп, беқасам, атлас, адрас, шоҳи матолардан енги ва этаклари узун, ёқалари ёпиқ кийимларни кийишган.

Аммо бу борада эътироз ёки шубҳага ўрин қолдирмайдиган, ҳаммага ойдин факт шуки – бу кийимларнинг ҳаммаси уйда, маҳрамнинг ёнида кийилар эди. Бугун ўзбек расмийлари танқид қилаётган аёллар кўча кийимининг асрлар давомида кийилган аввалги формаси битта эди – паранжи.

Ўзбек уламоси “момоларимиз кийганни кийинг”, дер экан балки шуни назарда тутгандир?! Аммо, унинг сўзларига илова тарзида расмий ахборот воситаларида сўзлаётган маданият ва фан арбоблари асрлардан мерос миллий кийимларни замонавий анаъаналарга мос тарзда уйғунлаштиришни тавсия қилмоқда.

Аммо, бу арбоблар тавсия қилаётган ўртамиёна кийим аслида қанақа ва уни қаердан топса бўлади? Ана шу саволга жавоб йўқ. Ҳар ҳолда миллий матолардан тикилган миллий кийимларни Ўзбекистон бозорларида кўрмайсиз.

Мамлакатдаги дин ва маданият пешволари сўнгги пайтларда очиқ-сочиқларни танқид қилиш билан чекланиб, асосан, рўмолли ўзбек аёлларига алоҳида хавотир билан қараётгани аслида бежиз эмас, дейди бугунги дастурни тайёрлаш чоғида биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз.

Боиси, ўранган, рўмолли аёлларнинг сони ҳақиқатда ортиб бормоқда. Бунинг сабаблари ҳақида зиёлилар учта ҳолатни тилга олади.

Бири ҳақиқатда диндорлик даражасининг ортаётгани, иккинчи яна бир жиддий омили эса глобал ахборот алмашинуви даврида енгсиз кўйлак урф бўлгани каби, ҳижоб ёки ҳижобсифат кийимларнинг ёшлар орасида урф бўлаётганидир.

Учинчи омил эса¸ жамиятда ахлоқий мувозанатнинг бузилгани. Ота-она кўчада мардикор, қиз эса уйда қаровсиз. Уни ташқи таъсирдан сақлайдиган ва ёки сақланган, деган ҳужжатни берадиган қулай бир восита – рўмол, ҳижоб бўлиб қолди.

Таҳлилчилар тилга олаётган ҳар уч жиҳатни биз оддий аҳоли билан қурилган суҳбатлар чоғида эшитдик.

- Уч хил ҳижоб бор. Бири имон учун¸ бири фигура (қадди қомат) учун¸ бири мода учун. Исломни тушунган кенг ҳижоб кияди¸ фигура учун эса тор ҳижоб кийишади¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Америкадами¸ Туркиядами бошқа жойлардами ҳижобларни аëллар учун махсус мода қилиб тор тикишади. Қиммат бўлса ҳам одамлар шуни ўзини кўрсатиш учун олиб кияяпти¸ дейди иккинчи суҳбатдош.

- Булар аслида буни мода учун кийишган. Ҳаммаси намоз ўқиб¸ ҳаммаси ҳалол йўлга юраяпти дегани эмас бу. Ўзларини сериалдаги Жадига ўхшатиб¸ юз минг нағмаларни қилиб¸ калта кийиб¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

- Буларнинг ичида мадрасада ўқиганлари ҳам бор. Ўртача 35 фоизи мадрасада ўқиган. Бошқалари эса номига ҳижоб кийишади¸ дейди яна бир суҳбатдошимиз.

- Ҳозирги қизларга эр йўқ. Шунинг учун ўзларича ўраниб¸ отинча бўлиб юришибди¸ эрга тегиш учун¸ дейди охирги суҳбатдошимиз.

Мана оддий аҳоли вакилларидан эшитдингиз, раҳбарларни хавотирга солаётган кийим – ҳижоб нега кийилаётгани, ундан кўзланган мақсадни; давлат раҳбарларининг қайғуси бошқаю, оддий ўзбек аёлларининг қайғуси бошқа эканини.Содда одамлар вазиятни содда тилда тушунтирди.

Таҳлилчилар фикрича, давлат бошқаруви тизими бу ҳолатнинг олдини олишга уриниб, рўмолли аёлларни қоралаш, жиноятчи сифатида кўрсатиб беобрў қилиш билан муддаосининг аксигагина эришиши мумкин.

XS
SM
MD
LG