Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:13

Нонми¸ маърифат?


Иқтисодий танглик туфайли бугун кўплаб ўзбек оилалари болалари қорнини тўйғизиш ëхуд уларга таълим беришдан фақат бирини танлаш мажбурияти остида қолмоқда.
Иқтисодий танглик туфайли бугун кўплаб ўзбек оилалари болалари қорнини тўйғизиш ëхуд уларга таълим беришдан фақат бирини танлаш мажбурияти остида қолмоқда.

Жаҳон бўйлаб иқтисодий муаммолар кучаяётган, “ингичка узилиб, йўғон чўзилаётган” бир пайтда ўзбек оилалари фарзанд тарбияси учун қанча маблағ ажратаяпти?

Биз айни масалани Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшаётган тўрт ўзбек оиласи мисолида ўргандик.

Қашқадарёлик Фаёза икки қизнинг онаси. Болаларнинг каттаси 6 ёш, кичиги 3 ёшда. Фаёза қизларини болалар боғчасига бермаган, уларни ўзи тарбиялайди.

- Олдин боғчага берар эдим. Ҳозир бера олмайман. Пул йўқ.

Ҳозир боламни олдимда олиб ўтирибман. Бир ойда иккита боламнинг еб-ичиши, кийим-кечагига 300-400 минг кетарди.

Энди ҳозир 200-300 минг кетаяпти. Мактабга борса, энди ишлаймиз¸ бир нарса қилармиз. Ишлай десангиз, иш ҳам йўқ ҳозир.

Ҳозир нима иш қилсам, қаëққа борсам, қаердан пул топсам, деб бошим қотиб қолган, дейди Фаёза.

Фаёза қизларини мактабга бериш ташвишида бош қотираётган бўлса, тошкентлик Саломат Бойматова мактаб ташвишларидан яхши хабардор.

Саломат Бойматованинг бир қиз, икки ўғли бор. Ҳозирда унинг кенжа ўғли Мустафо 7-синфда ўқийди.

- Мактаб ëнимизда. Ўғлим иккинчи сменада ўқийди. Тушликни уйда қилиб кетади. Йўлкира керакмас.

Дарслари кўпроқ бўладиган куни “бутерброд оламан” деб, 300 сўм олиб кетади. Хуллас, ҳафтада 2-3 марта олиб кетади.

Бу йил олдинги йилга олган мактаб формаларини кийди. Бу йил сентябр ойида форма олмадик. Қишни ҳам красовкада ўтказаяпти, дейди Саломат Бойматова.

Демак, Саломат опа мактабда ўқийдиган ўғлига ойига ўртача 4000-5000 сўм пул берар экан. Ўзбекистонликларнинг айтишича, бу мактаб ўқувчиси учун катта харажат эмас.

Саломат Бойматова фарзандларининг институтда ўқишларини истайди. Аммо аксар ўзбек оилалари сингари у ҳам қизидан кўра, ўғилларини олий маълумотли қилиш ниятида.

- Йигит кишининг қўлида ҳунари, дипломи бўлса, иш топиб, тирикчилик қилиши осонроқ бўлади. Оилали бўлгандан кейин оиласини боқиш керак. Энди ўғлимизни ўқитамиз¸ дейди Саломат Бойматова.

Ўзбек оилаларида қизини ўқитиб, олий маълумотли қилишга маблағ сарфлагандан кўра, уни эртароқ узатиб юборишни маъқул кўришади.

Самарқандлик Пардақул Тўрақулов ҳам айни анъанага мувофиқ ўғилларини ўқитишни маъқул топган.

Пардақул аканинг кенжа ўғли Аъзамжон ўтган йили Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқирди. Пардақул ака ўғлининг ўқишига ҳар ойда тахминан 90 АҚШ доллари миқдорида пул сарфлаган.

- Тушлигига, масалан, 1500-2000 сўм кетарди. Нонуштани уйда қилган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаганда, кунига 3000-3500 сўм керак. Шунинг ўзи ҳам 100 минг сўмга бориб қолади. Бу дегани ойига 80-90 доллар дегани¸ дейди Пардақул Тўрақулов.

Пардақул аканинг айтишича, ўғли Аъзамжон шартнома асосида ўқирди. Лекин Аъзамжон иккинчи босқични битиргач, академик таътил олишга мажбур бўлган. Боиси...

- Иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганимиз учун шартнома пулини тўлай олмадик ва иккинчи курсни битирганидан кейин академик таътилга чиқиб, Россияга кетди.

Ҳозир Россияда мардикорлик қилаяпти, дейди Пардақул Тўрақулов.

Пардақул ака ўғлининг ўқишига пул йиғиш билан овора бўлса, унинг ҳамшаҳри Комилжон Ашуров ўғилларини уйлантириш тараддудида.

Комилжон аканинг икки ўғли бўлиб, иккаласи ҳам вояга етган. Ғарб оилаларидан фарқли равишда ўзбек оилаларида ўғил вояга етгач ҳам ота-онаси қарамоғида бўлади.

Ўзбекона удумларга кўра, ўғилни уйлантириб, уйли-жойли қилиш ҳам ота-она зиммасида.

- “Хай оши” деган нарсаси бор¸ “нон синдириш” деган нарсаси бор¸ кейин “фотиҳа” деган нарсаси бор¸ кейин тўй бор.

Яқинда ўзим келин олмоқчиман. Ўртоқларимдан сўрасам, “10 минг доллар ҳеч нарса бўлмай қолади”, дейишади.

Яна келинга сеп олиш керак, бошқа қилиш керак, хуллас, жуда қийин, дейди Комилжон Ашуров.

Биз суҳбатда бўлган ўзбек оилаларида икки ёки уч фарзанд тарбияланмоқда.

Суҳбатдошларимизга кўра, оилаларда кузатилаётган молиявий танглик азалдан серфарзанд ва болажон бўлган ўзбек халқи зеҳниятига ҳам замонавий тузатишлар киритаяпти.
XS
SM
MD
LG