Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:11

"Оқ олтин" бозори сустлашмоқда


Халқаро кузатувчиларга кўра¸ ўзбек пахтаси бозоридаги жараëнлар ҳам бевосита глобал иқтисодий инқирозга бориб тақалади.
Халқаро кузатувчиларга кўра¸ ўзбек пахтаси бозоридаги жараëнлар ҳам бевосита глобал иқтисодий инқирозга бориб тақалади.

Жаҳон бозорида пахтага талаб сезиларли камайгани боис бу йил Ўзбекистон ўтган йилга қараганда 40 фоиз кам миқдорда пахта толаси экспорт қилиши мумкин.

Бу ҳақда АҚШдаги Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита маълум қилди. Қўмита иқтисодчиси Эндрю Гитчуннинг айтишича, бу энг аввало Хитойда пахтага талаб камайгани билан боғлиқдир.

- Жаҳондаги йирик пахта истеъмолчиси ҳисобланган Хитойнинг пахта хом ашёсига бўлган эҳтиёжи камайиб бораяпти. Хитойнинг бу йил ўтган йилга қараганда 41 фоиз кам миқдорда пахта сотиб олиши кутилаяпти.

Бунинг натижасида пахта хом ашёси энг кўп етиштирадиган давлатлар Ўзбекистон, Ҳиндистоннинг четга пахта сотиши қийинлашиши кутилаяпти. Масалан¸ Ўзбекистон ўтган йилга қараганда бу йил 40 фоиз кам миқдорда пахта экспорт қилиши мумкин, дейди Эндрю Гитчун.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзида пахта етиштириш йил сайин камайиб бормоқда. 2008 йилда Ўзбекистон 3,4 миллион тонна пахта ҳосили олди. Бу 2007 йилдагига қараганда 300 минг тоннага камдир. Бу йил пахта ҳосилининг яна 200 минг тоннага кам бўлиши кутилаяпти.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда пахта толаси ишлаб чиқарилиши ҳам аввалги йилларга қараганда камайган.

АҚШдаги Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита маълумотларига кўра, 2008 йилда Ўзбекистонда бир миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқарилган. 2007 йилда бу рақам 1,125 миллион тоннага тенг эди.

Эндиликда Ўзбекистон пахта толаси экспортини 700 минг тоннагача камайтириш ниятида. Қолган 300 минг тонна пахта толасининг эса мамлакат ичида қайта ишланиши айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳар йили ташқи бозорга 800 минг тоннадан 1¸5 миллион тоннагача хом ашё етказиб бериб, пахта толаси экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб келаётган эди.

Ўзбек расмийлари пахта экспорт кўрсаткичларининг пасайтирилиши пахтани мамлакат ичкарисида қайта ишлаш миқдорини кўпайтиришга интилиш билан боғлиқ экани ва бунинг учун Ўзбекистонда 20 дан зиёд тўқимачилик корхоналари ишга туширилиши режалаштирилаётганини таъкидлаб келишади.

Бу режанинг амалга оширилиши 2012 йилга бориб Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёсининг деярли 50 фоизини мамлакат ичқарисида қайта ишлашга имоният яратиб бериши мумкин.

Айни пайтда эса мамлакатда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик саноати корхоналари пахта толасидан маҳсулот ишлаб чиқариш учун умумий хом ашёнинг икки фоиздан беш фоизгача бўлган миқдорини ўзлаштираётгани айтилади.

Ўзбекистон пахта экспортини қисқартириш ниятининг жиддийлигига президент Ислом Каримовнинг пахта экин майдонларини 50 минг гектарга қисқартиришни кўзда тутувчи фармонга имзо қўйиши ҳам тасдиқламоқда.

Айрим бошқа мутахассислар пахта толаси экспорти қисқаришининг асл сабабини кўпроқ Ўзбекистон пахтасининг халқаро бойкот қилиниши билан боғлашмоқда. АҚШ ва Европанинг етакчи тўқимачилик корхоналари ва йирик ширкатлар 2007 йилда расмий Тошкентни пахта теримига болаларни жалб этгани учун танқид остига олган ва Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган эди.

Аммо, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита иқтисодчиси Эндрю Гитчуннинг айтишича, Ғарб ширкатлари эълон этган бойкотнинг ўзбек пахтаси экспортига таъсири сезиларли бўлмаган.

- Бойкотнинг Ўзбекистонга деярли таъсири бўлмади. Ўзбек пахтаси ҳали ҳам юқори сифатли пахта сифатида қабул қилинмоқда. Ўзбек пахтаси экспорти камайишига келсак, бу бойкот билан эмас, айтганимдек жаҳон бозорида пахтага талабнинг камайгани билан боғлиқдир, дейди Эндрю Гитчун.

Бу йилги пахта териш мавсуми давомида ҳам расмийлар республиканинг барча вилоятларида балоғатга етмаган болалар ва мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этгани ҳақида хабар қилинган. Ғарб тўқимачилари болалар меҳнати воситасида терилган пахта хом ашёсидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини сотишни истамаяптилар.

Аммо, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита иқтисодчиси фикрича, Ўзбекистон учун асосий харидорлар бу давлат пахтасидан тўлалигича воз кечгани йўқ.

- Ҳозирда Хитой ва Бангладеш ўзбек пахтасининг асосий харидори ҳисобланади. Бир неча йиллар аввал Европа ҳам ўзбек пахтасининг асосий харидори бўлган. Лекин ҳозир, шундоқ ҳам Европанинг енгил саноатида пасайиш кузатилаяпти. Ҳозир ўзбек пахтаси юз тутиши мумкин асосий муаммо унга талабнинг камаяётгани, дейди Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита иқтисодчиси Эндрю Гитчун.
XS
SM
MD
LG