Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

Бўҳрон назоратни кучайтиришга баҳонами?


Давос муҳокамаларида қўлини пахса қилиб¸ Ғарбни ëзғирган Россия бош вазири Путин¸ Россия иқтисодини айнан ўзи танқид қилган ўзанларга бурмоқда.
Давос муҳокамаларида қўлини пахса қилиб¸ Ғарбни ëзғирган Россия бош вазири Путин¸ Россия иқтисодини айнан ўзи танқид қилган ўзанларга бурмоқда.

Глобал молиявий бўҳрондан қаттиқ зарба еган Россия ҳукумати¸ инқироздан фойдаланиб¸ иқтисодиётнинг асосий соҳалари устидан давлат назоратини кучайтиришга киришди.

Россия бош вазири Владимир Путин 28 январ куни Давос иқтисодий форумида қилган чиқиши чоғида:

- Бозор механизмларини такомиллаштириш билан шуғулланиш ўрнига давлатнинг иқтисодиётдаги бевосита иштирокини иложи борича кенгайтириш иштиёқи пайдо бўлди¸ деган фикрни айтди.

Путин бу гапни Россияга нисбатан эмас, балки жаҳоннинг етакчи давлатларига нисбатан танбеҳ сифатида келтирди.

Унинг танбеҳи форумда қатнашаётган йирик тадбиркорлару сиёсатчиларга бироз эриш туюлди. Чунки Кремлнинг ўзи ҳар доим иқтисодиёт тизгини қўлидан чиқармай келган эди, бўҳрон бошлангач эса, тизгинни янада маҳкамроқ ушлай бошлади.

Аслида Путин Давос минбарида турган пайтда у етакчилик қилаётган ҳукумат, Ғарб давлатлари ҳукуматларидан фарқли ўлароқ, банклар ва металлургия саноати устидан давлат назоратини кучайтириш чораларини кўрди.

Бўҳронлар даврида корхоналарни национализация қилиш янгилик эмас. Лекин Ғарбда национализация бўҳрондан чиқиш чораси ҳисобланса, таҳлилчилар фикрича, Россия ҳукумати бўҳрондан табиий бойликлар, оғир саноат ва банк соҳаси устидан назоратни давлат ихтиёрига батамом қайтариб олиш мақсадида фойдаланмоқчи.

- АҚШ ёки Буюк Британияда национализация қилинган корхоналарни бўҳрондан кейин аста-секин сотиб юборишади. Россияда ҳам худди шундай бўлади, деган қатъий ишонч, менда, албатта, йўқ¸ дейди президент Ельцин даврида иқтисодиёт вазирлигини бошқарган академик Евгений Ясин.

Россия ҳукумати ўз назоратига олмоқчи бўлаётган соҳалардан бири банк муассасаларидир. Россия банклари кредит бозоридаги касоддан, рублнинг давлат томонидан девальвацияланганидан ва бошқа шунга ўхшаш сабаблардан зарар кўрди.

Январда президент Медведев Россия металлургияси корчалонларидан икки нафари – Олег Дерипаска ва Алишер Усмоновларни қабул қилди. Путин ҳам иштирок этган ўша учрашувда "Норильск никель" ва "Металлоинвест" ширкатларини бирлаштириб юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Матбуот хабарларига қараганда, давлат назоратидаги банклардан кўп миллионли қарзи бор бу ширкатларнинг бирлашиши оқибатида улар устидан давлат назорати кучаяди.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, металлургия корхоналарининг бирлаштирилиши президент Ельцин даврида хусусийлаштирилиб, кейинчалик Кремл томонидан мусодара қилинган энергетика ширкатлари билан боғлиқ ҳодисаларни эслатади.

Ўша жараён, яъни энергетика ширкатлари устидан давлат назоратини ўрнатиш ЮКОС президенти Михаил Ходорковскийни қамоққа олиш ва сўнгра у бошқарган ширкатнинг парчаланиб кетиши билан бошланган эди.
XS
SM
MD
LG