Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Ҳақсизликдан қочиб яна ҳақсизликка тутилганлар


Россия қурилишларида оғир меҳнат қилаëтган аксар ўзбекистонликлар ўз меҳнатлари учун ойлаб ҳақ ололмай¸ хўрлик ва зулмга дуч келмоқдалар¸ дейилади ҲРУ ҳисоботида.
Россия қурилишларида оғир меҳнат қилаëтган аксар ўзбекистонликлар ўз меҳнатлари учун ойлаб ҳақ ололмай¸ хўрлик ва зулмга дуч келмоқдалар¸ дейилади ҲРУ ҳисоботида.

"Россия қурилишларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари турли ҳуқуқбузарликлар билан юзма-юз келмоқда, иш берувчилар¸ миллатчи гуруҳлар ва милиция тарафидан таланмоқда."

Бу ҳақда Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўз ҳисоботида хавотир билдирди. 130 саҳифага жо бўлган ҳисобот Россияда ишлаётган 140дан зиёд меҳнат муҳожири шикоятлари асосида тайёрланган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси ва ҳисобот муаллифларидан бири Жэйн Бюкенен гапиради.

- Биз меҳнат муҳожирларига нисбатан бўлаётган кўплаб ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этдик. Булардан энг даҳшатлиси муҳожирларнинг одамфурушлар қўлига тушиб қолаётгани ва паспортлари олиниб, қулга айлантирилаётганидир.

Кўплаб меҳнат муҳожирлари иш ҳақларини ола олмаётганликлари ҳақда шикоят қилишди. Муҳожир ойлаб меҳнат қилади ва охир- оқибат ваъда қилинган ойликни ола олмайди, дейди Жэйн Бюкенен.

Иш берувчиларнинг муҳожирлар билан меҳнат шартномасини имзолашдан бош тортиши сабаб, Россияга келаётган ишчилар иш ҳақларини ола олмаётгани ҳақида давлат идораларига шикоят қила олмайдилар.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг яна бир тадқиқотчиси Мария Лисицинанинг айтишича, баъзида муҳожирлар иш берувчилар тарафидан зўрланади.

- Одамлар Россияга меҳнатига яраша ҳақ олиш илинжида келишади. Лекин, улар бу ерга келганларидан сўнг эксплуатация қилинади, баъзи ҳолларда таҳқирлаш ва зўрлашлар қаршисида қолишади, дейди Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Мария Лисицина.

Россиядаги қурилишларда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлардан бири ўзбекистонлик ишчилар турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар билан юзма-юз келаётганини тасдиқлади.

- Масалан Ўзбекистондан ва Тожикистондан йиғиб¸ автобусда ëки поездда “Иш бор” деб ўзлари билан олиб келишади. Автобусдан ëки поезддан тушиши билан паспортини олиб қўйишади. Ишлатади яхшилаб. Кейин ойлик йўқ дейди. 6 ой ишлаб пулини ололмаганлар бор. Бир хиллари мана 9 ойдан бери пул ололмасдан юрибди. “Берамиз¸ берамиз” деб юраверишади.

Озодлик: Иш берувчилар билан шартнома тузиб¸ шу асосда ишласа бўлмайдими?

- Бу болалар шартнома нималигини билмайди. Фақат паспортини олишганини билади¸ холос. Улар фақат ишлаб юраверишади. Келади¸ компанияга қўшилиб¸ “Паспорт прорабда ëки даллолда ” деб ишлаб юраверишади. Энди шартнома билан ишлаб юрганлар ҳам йўқ эмас.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари кўпгина ҳолларда айрим гуруҳлар, баъзида милиционерлар тарафидан ҳам таланмоқда.

- Биз билан суҳбатда бўлган муҳожирларнинг кўпчилиги майда таъмагирлар тарафидан таланаётганликлари, баъзида милиционерлар паспорт текшириш баҳонасида улардан пул талаб қилиши, айрим ҳолларда калтакланишлари ҳақида шикоят қилишди.

Шунингдек, иш берувчи ва воситачилар тарафидан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ҳам ўргандик. Иш берувчи ва муҳожир ўртасида меҳнат шартномасининг йўқлиги боис¸ улар ҳимоясиз қолишган, дейди Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Мария Лисицина.

Ҳюман Райтс Уотч мутахассислари Россиядаги қурилишларда 2006 йилдан бери ишлаётган 140дан зиёд меҳнат муҳожири билан суҳбатда бўлган. Уларнинг кўпчилигини ўзбекистонлик муҳожирлар ташкил этади.

- Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг аниқ рақамини айта олмайман. Лекин улар Россиядаги муҳожирларининг кўпчилигини ташкил қилади. Ўзбекистонлик мехнат муҳожирлари ҳам айни муаммолар ҳақида шикоят қилишди.

Улар жуда ҳимоясиз. Улар Россия ҳукуматига ҳам¸ ўз мамлакати элчихонасига ҳам шикоят қила олишмайди. Шу боис ташкилотимиз Россия ҳукуматини ҳам¸ Ўзбекистон элчихонасини ҳам муҳожирлар юз тутаётган муаммоларга жиддий эътибор қаратишга чақирамиз, дейди Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Жэйн Бюкенен.

Биз Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботида келтирилган ҳолатлар хусусида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига изоҳ сўраб мурожаат этдик. Аммо уринишларимиз бесамар бўлди.
XS
SM
MD
LG