Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:02

Баҳор келса нима иш қиламан?


Россиядаги ҳаëти ит ëтиш¸мирза туриш бўлиб келаëтган миллионлаб ўзбекистонлик мардикорлар ишсиз қолгач¸ уларга нисбатан миграция хизмати каби идоралар босим ва таъқиби ҳам кучайиб бормоқда.
Россиядаги ҳаëти ит ëтиш¸мирза туриш бўлиб келаëтган миллионлаб ўзбекистонлик мардикорлар ишсиз қолгач¸ уларга нисбатан миграция хизмати каби идоралар босим ва таъқиби ҳам кучайиб бормоқда.

Бу савол шу кунда миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожири¸ айниқса¸ иқтисодий бўҳрон оқибатида иш ўринлари қисқараëтган Россиядаги мардикорларни ўйлантириб қўйди.

Қўйилган саволга жавоб излаб Россиянинг 3 йирик шаҳри: Москва, Челябинск ва Новосибирск шаҳарларида ишлаётган уч меҳнат мигранти билан боғландик.

Уччалови ҳам иқтисодий бўҳронни ўз танасида сезаётганини айтди.

Дилфузахон Челябинскдаги нон маҳсулотлари чиқарадиган цехда ишлайди.

- Ойлигимизни бермаяпти. Декабрнинг 15-20 сидан бери фақат ишхонага бориб келиш учун бераяпти.

Ҳамидахон Новосибирскдаги ошхоналардан бирида ишлайди.

- Россия рубли билан 500 олаëтган бўлсак¸ ҳозир 400 бўлиб қолди.

Озодлик: Бир ойда 400 рубл ойлик оласизми?

- Йўқ¸ кунига.

Демак, Ҳамидахоннинг бир кунлик иш ҳақи 500 рублдан 400 рублга тушиб қолди.

Ҳамидилло Москвада ҳайдовчилик қилади.

- Мен Маршрутка ҳайдайман. Олдин 2500 пул топардик. Ҳозир мана 11 да план топширишимиз керак. Ҳали планга ишламадик. Ишимиз аллқачон 1000 рубл зарарига орқага кетган.

Уччала суҳбатдошимиз ҳам иш жойлари қисқараётганини айтди.

Челябинскдаги аҳвол.

- Бозорда савдо йўқ. Россия фуқаролигини олиб олганлар ҳам кетди. Мана шу ҳафта мен ҳам кетмоқчиман. Мен энди бир ой дам олиб келаман деяпман. Бизнинг хўжайинимизнинг айтиши бўйича апрел ойига бориб ҳамма ëқ изига тушиб кетар экан. Менинг иш жойим¸ яшаш жойим бор. Мен қайтиб борсам аввалги ишлаганларни кўрсам “Э борманглар¸ нима қиласизлар” дейман.

Новосибирскдаги аҳвол.

- Иш жой қисқариши кўпроқ магазинларда¸ заводларда¸ қурилишларда бўлаяпти. Ишини йўқотиб кетаëтганлар кўп бўлаяпти.

Москвадаги аҳвол.

- Қурилиш соҳаси умуман тўхтаган. Ҳозир кўпчилик уйга кетиш ҳаракатида. Кўча тозалайдиганларга¸ кўча супурадиганларга¸ ҳайдовчиларга ҳозирча иш бўлиб турибди.

Эшитганларимиздан, Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари мутлақ бекор қолди, деган маъно чиқмаслиги керак, албатта. Қанчадир иш бор, лекин иқтисодий бўҳрон иш берувчининг ишчига ҳақ бермаслигига яхши баҳона бўлди.

Москвадаги аҳвол.

- Энди ҳозир болалар “Хусусий уйлар ремонт қилдираяпти¸ ўшаларда иш бўлиб турибди” деган гапларни қилишаяпти. Лекин катта қурилишлар инқироз деб тўхтаган. Аммо булар қайси тарафдан инқироз бўлганини телевизорда тушунтирмайди. Пулини ололмаганлар жуда кўп бўлаяпти.

Челябинскдаги аҳвол.

- Ўзи инқироз йўқ бўлса керак. Иш берувчилар учун инқироз бир баҳона бўлдида. Шахсан мен ишлаëтган жойда инқироз баҳона. Инқироз¸ савдо йўқ¸ дейди. Биз кўр эмасмизку. Булочка чиқади¸ сомса чиқади. Хўжайинга “Менга ўтган кунги булочкани топиб бер. Мен сендан ўшанда пул сўрагани уялай” деб айтаяпман.

Новосибирскда ишлаётган Ҳамидахон бўҳрон туфайли пайдо бўлган мураккабликларнинг бошқа жиҳати тўғрисида гапирди.

- Ҳужжат масалалари олдингига қараганда қийинроқ бўлиб қолди ҳозир. Ҳужжати тахт бўлмаганларнинг кўпчилигига депорт қўяяпти. Улар ноиложликдан кейин кетаяпти.

Ниҳоят асосий саволга келдик. Эрта ўтиб индинга баҳор келади – иш мавсуми бошланади. Ўшанда ўзбек мигрант ишчилари нима қилади?

Челябинскдаги нон маҳсулотлари чиқарадиган цехда ишлайдиган Дилфузахоннинг прогнози.

- Бу йил олдиндан келиб юрмаган одамлар келиши мумкин. Бу йил қишда кетганлар қайтиб келади¸ деб ўйламайман.

Новосибирскдаги ошхоналардан бирида ишлайдиган Ҳамидахон прогноз қилар экан, янги иш мавсумига умид билан қарамоқда. Унинг фикрича, Россияга борадиган ўзбек ишни...

- Албатта¸ топади.

Озодлик: Қисқариш бўлаяпти деяпсизу?

- Қисқариш бўлаëтган бўлса ҳам бизникилар эплаб кетишаяпти. Шу ерда нонини топиб кетаяпти. Ҳаракат қилиб ишлашаяпти. Биз томонда иш йўқ¸ ҳаракат қилиб келдикми¸ энди ишлаймиз¸ деб қийналишса ҳам¸ ишлаб кетишга ҳаракат қилишаяпти.

Москвада ҳайдовчилик қиладиган Ҳамидиллонинг прогнози:

- Иложи йўқ келишади.

Озодлик: Иш йўқ¸ қурилиш тўхтади¸ деяпсизку.

- Бечора ўзбек халқи эплаб иш топиб оларкан ака. Икки сўм берса ҳам ишлайверадиган миллат бўлиб қолди бу ўзбек халқи. Шунақанги ҳолат ака. Имконият шу. Ўзбекистон президенти Россия президентига «Фуқароларимни ўзим ишга жойлаштириб оламан»¸ деб айтди дейишаяпти. Энди билмадик. Балки Оллоҳ ëрдам бериб Ўзбекистонда ҳам заводлар очилиб кетар.
XS
SM
MD
LG