Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:23

"Турфа гуллар¸ айтинг¸ муҳаббат боғиданми?"


80-йиллар ўрталарида юлдузи порлай бошлаган Абдурауф Олимов автоҳалокатга учраганидан сўнг¸ санъат оламидан узоқлашишга мажбур бўлди.
80-йиллар ўрталарида юлдузи порлай бошлаган Абдурауф Олимов автоҳалокатга учраганидан сўнг¸ санъат оламидан узоқлашишга мажбур бўлди.

Ëшлик - бебошлиги 80 - йилларга тўғри келган ўзбекларнинг кўпи¸ бу қўшиқ ва унинг навниҳолдек ижрочиси Абдурауф Олимовни ҳамон яхши эслашади.

Турфа гуллар¸ айтинг¸
Муҳаббат боғиданми?
Бунча чиройли¸ бўйлик¸
Олмоснинг тоғиданми?


Бу оҳангни тинглаб, қалбингизга бир қувноқ кайфият индими, азиз тингловчи. Хаёлингизда тарихнинг қайси бир саҳифалари гавдаланди.

Айниқса¸ ўтган асрнинг 80- йилларидагилар бу оҳангни яхши эслашади.

Ҳа, бу ўша йиллари ёшларнинг севимли қўшиқларидан бирига айланган “Бу турфа гуллар айтинг, муҳаббат боғиданми...” қўшиғи.

Унинг ижрочиси, тожикистонлик хонанда Абдурауф Олимов сўнгги ўн йилда санъат оламида кўринмай қолди. Биз Абдурауф акани истаб, унинг дўстлари ëрдамида¸ топишга муваффақ бўлдик.

Озодлик: Ало ассалому алайкум.

Абдурауф Олимов: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Абдурауф ака¸ яхшимисиз?

Абдурауф Олимов: Раҳмат¸ яхши.

Озодлик: Абдурауф ака¸ сизнинг бу қўшиғингиз нечанчи йилда яратилган?

Абдурауф Олимов: Бу қўшиқнинг яратилиш тарихи бор. 1986 йил менда Yamaha L70 деган ўша даврдаги энг замонавий синтизатор сотиб олишга имконият бўлди. Синтизатор олдим ва шу “Муҳаббат боғиданми” деган қўшиқни яратдим. Кейин эстрада вариантида тайëрладим.

Озодлик: Қўшиқнинг сўзи кимга тегишли?

Абдурауф Олимов: Қўшиқнинг сўзи Восид Саъдуллага тегишли. Менга “Ўзтелерадиокомпания”да қўшиқ ëзиш имконини беришди. Кейин “Гул бир ëн чаман бир ëн” деган¸ “Ишқингда ўлдим” деган қўшиқларни ëздим.

Озодлик: Абдурауф ака¸ ўша йиллари шу қўшиғингиз қўшиқчилар тили билан айтганда “шлягер” бўлиб кетган эди. Ҳамма шу қўшиқни куйлар эди. Ўша пайтдаги сизнинг шуҳратингиз жуда баланд эди. Лекин сиз бирданига саҳнада кўринмай қолдингиз. Бунинг сабаби нимада?

Абдурауф Олимов: 1993 йил собиқ “Халқлар дўстлиги”¸ ҳозирги “Истиқлол” санъат саройида охирги марта концерт берганман. Мен 1997 йил ноябр ойида автоҳалокатга учрадим. Бу кутилмаган нарса бўлди. Мерседес русумли автомашинамни носоз ҳолда билмасдан ҳайдаб кетганман. Бошимдан жуда қаттиқ жароҳат олиб¸ узоқ пайт даволанишга тўғри келди.

Озодлик: Абдурауф ака¸ сизнинг жуда кўп мухлисларингиз¸ шинавандаларингиз¸ дўстларингиз бўлган. Бошингизга мана шу кулфат тушганда улар ëнингизда туришдими?

Абдурауф Олимов: Мен ëнимдагилардан хурсандман. Улар менга жуда ҳам эътиборли бўлишди. Тикланиш учун 10 йил вақтим кетди.

Озодлик: Ҳозир яхшимисиз¸ қўшиқ айтаяпсизми?

Абдурауф Олимов: Ҳозир яхши. Концертга тайëргарлик кўраяпмиз. Эплай оламанми ëки йўқми билмайманку¸ лекин янги қўшиқлар ижод қилаяпман.

Озодлик: Сиз қўшиқчиликда энг муҳим нарса нима деб биласиз?

Абдурауф Олимов: Мен энди профессионал санъатда юрганман. Уч йил Муҳиддин Қориëқубов номидаги филармонияда ишлаганман. Кейин ўзимизнинг Хўжанд шаҳридаги комедия театрида ишлаганман. Бизга ижод қилиш керак¸ концерт қўйиш керак¸ режа қилиш керак. Омадим келиб¸ шунақа кўтарилиб¸ зўр бўлган эдим. Кўз тегдими билмайман. Ҳозир соғлиғим яхши.

Озодлик: Ҳозир қандай қўшиқлар ижод қилаяпсиз?

Абдурауф Олимов: Ҳозир янги репертуар тайëрладим. Муҳаммад Юсуф¸ марҳум хонандалар Муҳриддин Холиқов¸ Охун Мадалиев¸ Нуриддин Ҳайдаровлар хотирасига бағишланган “Хотира” қўшиғини тайëрладим. Муҳаббат ҳақида ҳам қўшиқларим бор. “Гулюз” деган қўшиқ ҳам айтганман.

Озодлик: Ҳозир Тошкент ижодий муҳити билан¸ Тошкент қўшиқчилик санъат мактаби билан қандай алоқангиз бор?

Абдурауф Олимов: Чегаралар ëпилиб¸ бизларга Тошкентда ишлашга унча имкон бўлмай қолди. Мен ўзи Тошкентда “Телерадиокомпания” билан ишлардимку. Ҳозир божхонадан ўтиш муаммо. Ҳозир соғлиғим яхши¸ ижод қилаяпман¸ лекин Тошкентда ўтиш муаммода.

Бизнинг Марказий Осиëда санъат соҳаси бўйича энг маркази бу Тошкентку. Ҳозир Тошкент билан алоқам узилган. Мен Тожикистонда яшаяпман ҳозир. Виза қилиш муаммо¸ қора йўллар билан ўтсангиз ҳар хил гап-сўзлар бўлади.

Сиëсатга аралашмаслик керакку лекин йўллар очилиб кетса¸ санъаткорларга яхши бўларди. Бизнинг ишлашимизга яхши бўларди. Халққа ҳам яхши бўлармиди.

Озодлик: Дунëнинг турли бурчакларида сизни эшитаëтган мухлисларингизга¸ Озодлик мухлисларига қандай тилакларингиз бор?

Абдурауф Олимов: Қаерда бўлишса ҳам соғ-саломат бўлишсин. Омадларини берсин. Оилалари билан бахтли бўлишсин. Агар янги дискларим керак бўладиган бўлса¸ сиз орқали уларга етказишим мумкин.

Турфа гуллар айтинг¸
Муҳаббат боғиданми?
Бунча чиройли¸ бўйлик¸
Олмоснинг тоғиданми?

Босиб бир даста гулни¸
Бағрига келди дилбар¸
Гуллардаги қизиллик¸
Ë ўз дудоғиданми?

Кўзимга бир жаҳондек¸
Кўрингай ëр чиройли¸
Кўнглим баҳор¸ бу ҳолат¸
Севгим ардоғиданму?

Гоҳида келмайин у ëр¸
Этганидан интизор¸
Ўйнар танамга сиғмай¸
Юрак қийноғиданму?

Ўзимга бир жаҳондек¸
Кўрингай ëр чиройли¸
Кўнглим баҳор бу ҳолат¸
Севгим ардоғиданму.

Ярашган қоматига¸
Кийган кийимлари андоқ¸
Ҳар хатти мос ўзига¸
Нозик адоғиданми?
XS
SM
MD
LG