Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:34

Тошкент қиëфаси ўзгармоқда


60-йилларда қурилиб¸ 80-90-йилларда шуҳрат қозонган собиқ Буратино кафеси ҳам эндиликда Тошкентнинг қидириб топиб бўлмас хотирасига айланмоқда.
60-йилларда қурилиб¸ 80-90-йилларда шуҳрат қозонган собиқ Буратино кафеси ҳам эндиликда Тошкентнинг қидириб топиб бўлмас хотирасига айланмоқда.

Талабалар орасида машҳур бўлган собиқ БУРАТИНО кафеси Тошкент марказини кўркамлаштириш даъвосининг янги қурбонига айланди - шу кунларда кафе бузилаëтир.

Тошкент шаҳрининг марказида жойларган “Буратино” ҳозирги “Истарафшон” кафеси ўтган асрнинг 80-йилларида айниқса, талаба ёшлар орасида машҳур бўлган.

Ёшлар бу кафега тез-тез келиб музқаймоқ, лимонад, пархез таомлар ва ширинликлар ейишган. Ҳозирда мазкур кафе бузилмоқда. Бу хабарни эшитган оддий ўзбекистонликлар ўзларининг талабалик “олтин йиллари”ни эсга олиб афсусланиш билдиришди.

- Буратинога 20 йил олдин биз талабалар кирар эдик. Ўша пайтда бизлар учун ўша жой таниқли эди. Олдин табака еб¸ кейин десертга у ëққа кирардик. Эсизгина дейман. Ëшлик пайтдан эсдалик эди. яхшигина даврлар эди¸ дейди биринчи аëл суҳбатдошимиз.

- Буратино 80- йилларда машҳур кафе бўлган. Ҳамма томондан талабалар келишарди. Ëзда асосан музқаймоқ¸ лимонад¸ соклар сотишарди. Ўтириб¸ суҳбатлашиб ўтирар эдик. Музқаймоқлар жуда мазали бўларди. Бир 10 хилча музқаймоқ бўларди.

Катта ëшлилар музқаймоқ едиришга ëш болаларини олиб келарди. Паркнинг ичида бўлгани учун паркда болаларини ўйнатишарди. Жойлашган жойи ҳам яхши эди. Шундоқ марказда эди.

Озодлик: Кафенинг бузилаëтганидан афсусланасизми?

- Албатта афсусланамиз. У ëқ энди кўпчилик фойдаланиб ўрганган жой.

Озодлик: Бу иморат эскирган бўлса¸ шаҳар қиëфасига халақит бераëтган бўлса.

- Бўлиши мумкин. Бу кафенинг қурилганига 30 йилдан ошган бўлиши керак. Бизнинг институтни битирганимизга ҳам 25 йилдан ошдику. Пастқамгина қурилган¸ лекин ўша пайтда гавжум¸ шинам жой эди. Энди шаҳар марказлашиб жуда баланд иморатлар қурилиб кетди. Балки бошқатдан қурамиз дейишаëтгандир.

Айни пайтда, бошқалар қурилганига чорак асрдан ошган эски “Буратино” кафесининг бузилиши фожеа эмаслигини¸ ҳозир Тошкентдек азим шаҳарнинг хар бир бурчагида овқат тановул қилиш мумкин бўлган замонавий кафелар кўпайиб кетганини айтди.

- Мен ўйлайманки¸ битта ўша "Буратино" бузиладими ëки бошқа бино бузиладими бундан жуда катта фожеа ясаш керак эмас. Ҳозир биласиз замон ўзгараяпти. Шаҳар қиëфаси ҳам ўзгараяпти. Менинг фикримча¸ Амир Темур хиëбонига келган одамлар қандайдир бунëдкорлик ишлари амалга оширилаëтганлигига гувоҳ бўлади. Шунинг учун биноларнинг бузилиши табиий нарса.

Озодлик: Марказда фақат "Буратино" бузилаяптими ëки бошқа бузилаëтган бинолар ҳам борми?

- Йўқ¸ йўқ битта "Буратино". Битта нарсани айтиб ўтай унинг номи "Буратино" эмас. Халқ уни эркалаб "Буратино" деган. Ҳозирги номи 15 йилча бўлиб қолди "Истарафшон". Бу Тожикистондаги "Истарафшон" шаҳрига қараб қўйилган. Лекин бу ерда сиëсат йўқ.

У парҳез таомларга мўлжалланган қаҳвахона эди. Бунақа қаҳвахоналар ҳозир Тошкентнинг ҳар бурчагида бор. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дегандай бу қаҳвахонанинг мижози бўлиб қолган одамлар бўлиши мумкин. Лекин ҳозир бозор иқтисодиëти. Мижозлар бошқа қаҳвахонани ҳам топиши мумкин.

Собиқ “Буратино”нинг бузилиши сабабини билиш мақсадида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган бошқарма ходими пойтахтдаги барча бузиш ва қурилиш ишлари бир неча йил аввал тузилган бош режа асосида амалга оширилаётганини айтди.

- "Буратино" бузилаяпти.

Озодлик: Нима сабабдан бузилаëтган экан?

- Сабаби генплан. Генплан асосида бузилаяпти.

Озодлик: Бу кафе бир пайтлар талабалар орасида жуда машҳур бўлган экан.

- Тўғри. Биз ҳам ўша ëққа борардик. Энди нима қилайлик? Ҳокимият бузиб бўлгандан кейин гапирадими. “Бизга азиз жой эди” деб ҳокимиятга хат ëзиш керак эди.

Озодлик: Ўша атрофдаги сталинча уйлар ҳам бузилиб кетибди. Нима сабабдан бу уйлар бузилган?

- Нимага эмас. Бизларда шаҳар генплани бўлади. Ўша план 10 йилга мўлжалланган бўлса¸ шунга қараб уйлар бузлиб¸ ободонлаштириш ишлари қилинади. Шаҳар янгиланадику. Ҳозир 2010 йилгача тузилган план бор.

Тошкентликлардан бошқа бири маданият, тарих ва одамлар хотиралари билан боғлиқ бўлган бинолар бузилаверса, маънавиятга путур етиши мумкинлигини¸ аммо кўпинча бунга ҳеч ким эътибор бермаслигини айтади.
XS
SM
MD
LG