Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

"Ойнинг ўн беш кунида қарзга яшайман"


Жорий йилнинг 27 феврал куни Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенцияни имзолаган Ўзбекистонда ногиронлар жуда ночор аҳволда кун кечирмоқдалар.

Улардан бири - фарғоналик Муҳсинжон ака 70 ёшга кирган. Колхозда оғир юк кўтариб ногирон бўлиб қолган.

Муҳсинжон ака: 1959 йилда менга колхоз ногиронлик учун 20 кило буғдой ва 10 сўм пул берар эди. Кейин колхозлар бўлиниб¸ туманлар алмашиб, шу пенсиялар тўхтаб қолган эди.

Кейин мен Тошкентга уч марта хат ëздим¸ икки марта келиб кетдим. Охири 1961 йилда Москвага борганман. Олий Советга кириб¸ 5 йиллик пенсияни менга колхоз тўлайдиган қилиб келганман.

Озодлик: Бирор бир воқеа бўлганми? Йиқилганмисиз¸ нима бўлган?

Муҳсинжон ака: Колхозда 50 килолик селитра дорилар бўларди. Бизнинг колхознинг масжидига ўша дорилар қўйилган эди. Ўша пайтда ҳамма масжидлар дорихона қилинган эди.

Шунақа дорини кўтараëтиб¸ белнинг суяги чиқиб кетган. Икки йил касалхонада ëтганман. 60 ëшга чиқиб, пенсияга чиқдим. Лекин ногиронлигим учун бир тийин пенсиямга қўшилгани йўқ.

Озодлик: Нега энди?

Муҳсинжон ака: Бир-икки марта мурожаат қилдим. Ижтимоий таъминот бўлимларига бордим. “Мен ногирон сифатида ишладим, агар соғлом бўлганимда¸ мен жисмоний ишларда бўлиб¸ пенсиям сал яхшироқ бўларди”, десам¸ “Йўқ¸ иложи йўқ. хоҳланг иккинчи гуруҳлигини олинг¸ хоҳланг стажингизни олинг”, дейишди.

Озодлик: Иккинчи гуруҳ ногиронисиз¸ лекин ҳеч қанақа имтиëзингиз йўғ-а?

Муҳсинжон ака: Ҳеч қанақа имтиëз йўқ. Имтиëз - фақатгина касалхонада ëтсам¸ ëтоғим бепул бўлади. Дориларни умуман бермайди.

Берса¸ иккита-учта таблетка беради. Укол қилса¸ қилади. 10 кун ëтаман¸ кейин ҳайдаб чиқариб юборишади. Ногиронларга ҳеч имтиëз йўқ.

Озодлик: Свет¸ газга-чи?

Муҳсинжон ака: СССР даврида свет ва газга имтиëз бор эди. Мустақилликдан кейин бу нарсалар йўқолиб кетди. Ҳеч қанақа имтиëз қолмади.

Озодлик: Ҳозир қанча пенсия оласиз?

Муҳсинжон ака: Ҳозир 128 минг оламан.

Озодлик: Келинг, шуни бир ҳисоб-китоб қилайлик. Озиқ-овқатга¸ дори-дармонга қанча кетади?

Муҳсинжон ака: Агарда ўзимга бўлса¸ минг сўмдан еганимда ҳам 90 минг сўм овқатимга кетади. Тухум¸ гўшт олиб ейдиган бўлсам¸ бу нормал ҳаëт кўришим учун 15 кунга етади. 15 кундан кейинга қарзга кираман.

Кимга дардимизни айтишимизни билмаймиз. Ҳозир ярим соат илгари ўйланиб ўтирган эдим. Расмхонага кириб¸ белимни расмга олдириб¸ Олий мажлисга депутатларга жўнатмоқчи эдим.

Уларга “Қонун чиқараяпсизлар, лекин бу халқнинг фойдасига ҳам қонунларинг бўладими ëки фақат давлатнинг фойдасига қонун чиқараверасизларми?” деб айтмоқчи эдим.

Мен мана шу ҳолатда 38 йил ишлабман. Колхоздаги номардларни қаранг энди. Биз ишлаган даврда "дам олиш" деган нарса йўқ эди. Шанба-бозор нима эканини билмас эдик.

Пахта терими даврида кечаси ҳам ишлардик¸ кундузи далага чиқиб кўрак узардик. Ўша кунларда меҳнатимга 17-18 кун ëзибди. Ўша даврда халқни шунча алдашган экан.

Энди ҳозир пенсияси оз ногиронларга нарх-наво жуда ошиб кетди. Ниҳоятда қийинлашиб кетди.

Озодлик: Қора қозонингиз қандай қайнайди?

Муҳсинжон ака: Қора қозоним энди ўртача. Йўқ десам бўлмайди. Ҳар кун гўштли овқат қилсак¸ имкониятимиз бўлмайди. Жиз-биз қилиб¸ сув қуйиб, тирикчилик қиламиз.

Озодлик: Озиқ-овқатга етмасдан¸ 15 кундан кейин қарз олишга тўғри келади, деяпсиз. Энди қаричилик¸ бу ëқда дардингиз бор. Дори-дармонгачи?

Муҳсинжон ака: Дори-дармонга иложимиз йўқ. Мен ҳозир тўлиқ соғлом юрай деб, дори-дармон оладиган бўлсам¸ озиқ-овқат емаслигим керак. Бир марта мен юра олмай¸ ўтира олмай қолганман. Фақат тикка турганман. Ўтириш¸ ëтиш йўқ.

Кейин касалхонага ëтдим. Оëқ билан кириб, 10 кундан кейин қўлтиқ таëқ билан чиқдим. "Биз сизни 10 кундан ортиқ ушламаймиз"¸ деб чиқариб юборишди.

Уйда уч кун шунақа азобландим. Ойнадан ўзимни ташлаб юборай десам¸ жон ширинлик қилаяпти¸ ташламай десам¸ ҳалиги оғриқ азоб бераяпти.

Озодлик: Маҳаллий ногиронлар жамиятига¸ маҳаллий ҳукуматга бордингизми?

Муҳсинжон ака: Ўз даврида борганман. Шаҳар ҳокимига чиққанман¸ вилоят ҳокимига хат билан борганман. Мен ҳозир ниҳоятда қийналиб кетдим. Хатлар билан мурожаат қилганман. Ҳеч нарса бўлмаган.

Озодлик: Ҳозир ҳам бирор жойда ишлайсизми?

Муҳсинжон ака: Йўқ¸ ишламайман. Ҳозир энди ишлагани имкониятим йўқ. Тўртинчи қаватда тураман. Остеохондроз жуда ëмон дард экан.

Дардимизни кимга айтамиз? Дардимни деворга айтаман¸ ўзимча тепада турганларни хаëлимда сўкаман.

“У қилдик¸ бу қилдик” деб радио ва телевидение айюҳаннос солади. Халқнинг ичига кириб кўр¸ ҳақиқий аҳволни кўрасан. Мана шунақа гаплар энди.
XS
SM
MD
LG