Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:22

Туғруқхонами, бизнесхона?


Ўзбекистонда ҳомиладор аёлнинг кўз ёриши билан боғлиқ харажатлар турли ҳисоб-китобларга кўра 200 доллардан 700 долларгача тушиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳомиладор аёлнинг кўз ёриши билан боғлиқ харажатлар турли ҳисоб-китобларга кўра 200 доллардан 700 долларгача тушиши мумкин.

“Ўзбек аёли нега аввалгидек ўнталаб туғмай қўйди?” деган саволга ўзбекларнинг кўпи “уларни оёққа қўйиш муаммо бўлиб қолди”, дея жавоб қилади. Фарзандларни “оёққа қўйиш” учун сарфланажак харажатлар эса улар дунёга келган жойдан – туғруқхонадан бошланади.

Хоразмлик ёш оналардан бири Манзура чақалоғининг йиғисини эшитганда туғруқхонадаги барча ҳангомаларни унутгандай бўлади.

Манзура Озодлик билан суҳбатда ушбу ҳангомалар ҳақида сўзлаб берди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу ҳангомаларнинг барчаси пул билан боғлиқ.

- Туғруқхонада бирор иш пулсиз умуман битмайди. Туғруқхонага бордингми, тамом - ҳаммаси пул!

Шифокорга туғиш олдидан пул тўлайсан, бўлмаса сенга умуман қарамайди. Тўлғоқ тутиб ётаверасан. Пул бермасанг, ҳолингдан ҳеч ким хабар олмайди.

Шифокорга пул бергандан кейингина келиб аҳволингни сўрашади. Бошланишига 5-6 минг берасан, дейди Манзура.

Манзура туғруқхонадаги вазиятни ҳақиқий бизнес масканига ўхшатар экан, ҳазил аралаш “бу туғруқхона эмас, бизнесхона” деган иборани қўллайди.

Унга кўра, “бизнес эгалари” бўлган шифокорларнинг маҳорати уларнинг туғруқхонага келган ҳомиладор аёллардан қанча пул ундира олишига қараб белгиланади.

Манзура: Қўл ҳаққига 150 минг сўм сўрашади. Туғруқхонага кириб ётгандан кейин совун, ёғ, бинт ва шунга ўхшаган майда-чўйда нарсалар учун ҳам роса пул олишади. Яна ўрин пули бор.

Ишқилиб, пул олишнинг йўлини топишади. Кейин тўлғоқ уколлари учун... Бошқа яна бир қанча укол-дориларга пул сўрашади.

Озодлик: Текинга бирорта ҳам укол-дори берилмайдими?

Манзура: Йўқ, бирорта ҳам берилмайди. Укол-дорини ҳаммасини ўзинг оласан. Агар енгилроқ туғсанг, 15-20 минг, сал қийинроқ туғсанг, 50-60 минг сўм атрофида пул кетади укол-дорига.

Суҳбатдошимиз фикрича, туғруқхона “бизнес”идаги авж нуқта ҳомиладор аёл туққанидан кейин унинг қариндошларидан суюнчи пули ундириш жараёнида кўринади.

- Бола туғилганидан кейин беш-олти киши бўлиб, суюнчи пули олишга чиқишади. Врач, ҳамшира, ҳатто фаррошлар барчаси суюнчи пули олишади.

Қариндошлар чўнтагида қанча пул бўлса, ҳаммасини шилиб олишади. Туғдирган врачга камида ўн минг сўм берилади.

Ҳамширалар беш минг сўмдан камига рози бўлишмайди. Сал камроқ берсангиз, ўзлари сўраб олишади, дейди Манзура.

Суҳбатдошга кўра, туққан аёлни фарзанди билан уйига кузатиш жараёни ҳам шифокорлар “бизнес”исининг асосий қисмларидан бири ҳисобланади.

- Туғруқхонадан чиқишда болалар шифокорига алоҳида пул тўланади. Чунки у туғруқхонадан чиқиш тўғрисида рухсатнома ёзиб беради.

Сенга қараган шифокор ҳам алоҳида рухсатнома ёзиб беради. Уларнинг ҳар қайсисига 20-30 минг сўмдан пул берилади.

Ҳатто ҳамширалар болангизни ўраб бергани учун ҳам пул сўрашади, дейди хоразмлик ёш она.

Манзура фарзандини туққан пайти туғруқхонада тахминан 200 АҚШ доллари миқдорида пул сарфланганини айтади.

Аммо Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳам ҳомиладор аёлнинг кўз ёриши 200 долларга тушади, деб бўлмайди.

Масалан, Uznews.net интернет нашрининг ёзишича, Тошкент туғруқхоналарида бу қиймат 400 доллардан 700 долларгача.

Фарғонада эса бу ўртача 200-250 долларга тушади, дейди фарғоналик тингловчиларимиздан бири.

Бироқ биз билан суҳбатлашган Фарғона шаҳар туғруқхонаси ходимаси туғруқхоналарнинг “бизнесхона”ларга айланганини инкор қилди.

Шифокор: Бизда ҳамма нарса бепул. Биз фақат бепул хизмат кўрсатамиз.

Озодлик: Ўша бепул хизматларга нималар киради?

Шифокор: Туғруқхонада ётиш, овқатланиш, ўринлар ҳаммаси бепул. Ва яна бепул бериладига жуда кўп дори- дормонларимиз бор.

Бундан ташқари, гуманитар ёрдам тарзида бериладиган дорилар, туғруқ пайти ишлатиладиган уколлар, шприцлар - барчаси бепул.

Озодлик: Агар ҳожат бўлиб қолса, бирор нарсага пул тўлаш керак бўладими?

Шифокор: Ҳомиладор аёллар, асосан, тиббий қўлқоплар олиб келишади. Агар туғруқ пайти операция қилинса, жарроҳлик амалиёти учун зарур укол-дорилар олиб келишади.

Озодлик: Ўзбекчиликда бола туғилганда бериладиган суюнчи пули бор. Ҳозир сизларда суюнчи пули қанча бўлган?

Шифокор: Энди ҳамма ҳар хил. Ким қанча бергиси келса, шунча беради. Биз ҳеч кимдан суюнчи пули талаб қилмаймиз. Бизда умуман суюнчи пули олинмайди, деса ҳам бўлади.

Тошкентдаги туғруқхоналардан бирида ишлайдиган, исмини ошкор қилиниши истамаган тингловчимизга кўра, тиббий ходимларнинг ойлик маошлари жуда кам бўлгани “туғруқ бизнеси” ривожланишига сабаб бўлаяпти.
XS
SM
MD
LG