Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Бой борича, йўқ ҳолича...


Ўзбекистонда қай бир оилалар Наврўзи оламни шоду хуррамлик билан кутиб олмоқдалар, қай бир ўзбекистонликларнинг кўнглига эса баҳор айёмини нишонлаш сиғмаяпти.

Бухоро шаҳрида яшовчи 73 ёшли Карим отанинг невара-чеваралари байрам дастурхони атрофига йиғилишган. Отахон собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни яширинча нишонлаган пайтларини хотирлар экан, бугунги кунларга шукрона айтади.

- Собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни фақат яширинча нишонлардик. Сумалакларни ҳам яширинча қайнатардик. Ҳозир энди бемалол байрам қилаяпмиз.

Наврўзни ким қанча қурби етса, шундай нишонлаяпти. Биз ҳам ўзимизга яраша нишонлаймиз.

Байрам куни яқинларга янги кўйлаклар совға қиламиз. Дастурхон ёзамиз. Ёр-дўстларни, қариндош-уруғларни байрамга чақирамиз.

Энди ким нимага имкони етса, ўшани дастурхонга қўяди. Сумалак, ҳалим, нишолда каби турли хил ширинликлар билан безаймиз дастурхонни, дейди бухоролик Карим ота.

Сурхондарёнинг Бойсун қишлоғида яшовчи суҳбатдошимиз 24 ёшли йигитнинг айтишича, Бойсун табиатининг гўзаллиги Наврўз байрамига ўзгача шукуҳ бағишлаяпти.

- Бойсунда баҳор келгани билинган. Бир неча хил дарахтлар гуллади. Атроф гўзал. Бугун ҳар томондан фақат куй-қўшиқнинг овозини янграяпти.

Болаларнинг шўх-шодон овозлари эшитилаяпти. Бизнинг уйда ҳам сумалак қайнаяпти. Аёллар дастурхонни миллий таомлар билан безатишаяпти, дейди бойсунлик йигит.

Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ҳар йили Наврўзни орзиқиб кутишини айтади.

- Наврўз одамларга янгилик, хурсандчилик бағишлайди. Одамни дили орзуларга тўлади. Чунки ташқарига қарасангиз, ўриклар гуллаган, табиат гўзалликка бурканган.

Наврўзни ўзига хос файзи бор-да. Ҳар Наврўзда бизнинг оиламиз йиғилади. Мана бугун неварам келган, қизим келган. Дастурхон атрофига йиғилаяпмиз.

Дастурхонга қўйиш учун кўк сомса, гўшт сомса, пирог пиширганмиз. Ўзимиз яхши кўрадиган ош дамлаганмиз. Биз ҳар йили Наврўзни хурсандчилик билан нишонлаймиз, дейди Гулчеҳра Жамилова.

Хоразмнинг Питнак шаҳрида яшовчи Болтабой Бозорбоев эса Ўзбекистонда ҳамманинг ҳам байрам қилишга қурби етмаётгани ҳақида гапиради.

- Маҳаллий телевидение, радио ва газеталарда ҳалқ байрам қилаяпти, деб бонг уриб ётишибди. Ҳақиқатда бу гаплар йўқ. Бу фақат кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Наврўз - пули борга байрам. Пули йўққа қаердан бўлсин байрам.

Хоразмда икки-уч ойдан буён ойлик маошларини ололмаётганлар бор. Шифокорлар, ўқитувчиларга ойлик маошларини ўз вақтида беришмаяпти.

Бу ёқда ишсизлик. Одамларнинг иқтисодий аҳволи ёмон. Шундай аҳволда қандай қилиб байрамга пул йиғиш мумкин?

Одамларнинг байрам қилишга кучи етмайди. Ош қиламан десангиз, бир кило гурунч 3000 сўм, бир кило ёғ ҳам 3000 сўм, гўштнинг килоси 6000 сўм. Шундай экан, қандай қилиб байрам қилиш мумкин? Байрам қилишга пул йўқ-ку, дейди хоразмлик Болтабой Бозорбоев.

Қўқонлик Гулсара опани эса Наврўз билан боғлиқ бошқа ҳолат қийнаяпти. Опа ҳар йили Наврўзни оила даврасида қариндошлар билан нишонлашга одатланган. Бироқ Гулсара опа бугун оиласи билан ватандан йироқда.

Айни пайтда у киши ҳуқуқ фаолининг қизи бўлгани учун оиласига бўлган давомий тазйиқлардан қочиб, Бишкек шаҳрида яшаяпти.

- Ўзбекистонда пайтимизда ҳар Наврўзда болалар билан сайлга чиқардик. Меҳмондорчиликлар бўларди.

Қариндош-уруғларникига меҳмонга борардик, улар бизникига келишарди. Сумалаклар қайнатардик....

Ватанни ўрни барибир билинаяпти. Ҳозирда қалбимда фақат соғинчдан бошқа нарса йўқ...

Озодлик: Нималарни соғиндингиз?

- Ўзбекистонимизнинг кўк сомсаларини соғиндим. Сумалакни соғиндим. Бу йил ҳали бирор марта сумалак емадик...

***

Ўзбекистонда эса Наврўз муносабати билан куй-қўшиқлар, халқ томошалари давом этаяпти.

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов бир неча кундирдан буён Наврўз тадбирларида қўшиқ куйлаш билан банд экан.

- Наврўзда ер яшаради, инсоннинг қалби яшаради. Инсон гўзалликка интиладиган бир ажойиб кунлар бошланди...

Биз хонандалар айни байрам кунлари халқнинг хизматидамиз.

Наврўз муносабати билан олдинги кун Навоий вилоятида, кеча Самарқандда концерт бериб келдим.

Эртага яна байрам тадбирларига чақиришган, дейди хонанда Ортиқ Отажонов.
XS
SM
MD
LG