Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:05

Қаердансиз, жаноб президент?


Қирғиз мухолифати лидерлари шу йилнинг 23 июлига белгиланган президентлик сайловларида мухолифатдан ягона номзод қатнашишини билдириб келмоқдалар.
Қирғиз мухолифати лидерлари шу йилнинг 23 июлига белгиланган президентлик сайловларида мухолифатдан ягона номзод қатнашишини билдириб келмоқдалар.

Қирғизистонда президентликка номзодлар кўрсатиш жараёни 21 март кунидан бошланганига қарамай, шу кунгача мухолифатдаги бирон-бир партия президентликка номзод кўрсатгани йўқ.

Қурманбек Бакиевнинг ўтган сайловлардаги иттифоқчиси, “Ор-номус” партияси лидери Феликс Қулов мамлакат президентлигига ўз номзодини кўрсатишдан бош тортди. У буни “иқтисодий инқироз даврида Қирғизистон бирлиги ва барқарорлиги йўлида қабул қилинган қарор” ўлароқ изоҳлади.

Айни пайтда президентликка даъвогар сифатида кўрилаётган “Ота Макон” партияси раиси Ўмурбек Текебаев ҳам 1 апрел куни президентликка ўз номзодини кўрсатиш ниятидан воз кечганини маълум қилди.

Бироқ Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, бу мухолифат сайловда иштирок этишдан бош тортаётганлигини англатмайди:

- Бир неча кундан сўнг мухолифатдан ким номзод бўлиши аниқланади. Энг аввало, ўзаро келишиб олишимиз керак. Шундан сўнг расмий қарорга келамиз ва мухолифатдан ягона номзод кўрсатамиз, деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистон собиқ Омбудсмени, мусулмонлар иттифоқи ҳамраиси Турсунбой Бакир ўғли эса бу галги президентлик сайловларида ҳам ўз номзодини кўрсатишини маълум қилди.

- 2005 йилда президентликка олти номзод кўрсатилган эди. Ўшанда мен Бакиевдан кейинги иккинчи ўринни олганман. Бироқ президентликка номзодлар ўша сайловда фаоллик кўрсатмаганлар, сайлов участкаларида уларнинг ишончли одамлари сайлов жараёнини кузатмаган. Шунинг учун ҳам 2005 йилдаги сайлов нақадар адолатли бўлгани ҳақида бирон нарса дея олмайман, дер экан Турсунбой Бакир ўғли бу галги сайловларнинг ҳам ҳалол ўтишига у қадар ишонмаслигини қўшиб ўтди.

Айрим кузатувчилар¸ президент Бакиев саломатлиги ёмонлашгани ва халқ ўртасида рейтинги пасайиб кетгани боис кейинги сайловга ўз номзодни кўрсатмайди, деган фикрдалар. Уларга кўра, Бакиев ўз ўрнига ворис кўрсатиши мумкин.

Бироқ президент асос солган “Оқ йўл” партияси вакиллари бу тахминлар асоссизлигини айтмоқдалар.

- Партиянинг асосчиси амалдаги президентдир. Менинг фикримча, партиядошларим президентликка номзод сифатида партия асосчисини кўрсатадилар, деди парламент депутати Бегали Норғўзиев.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, бу галги президентлик сайловларида кимнинг ғолиб бўлиши мамлакат жанубидаги сайловчиларга боғлиқ. Чунки сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиқроғи айнан жанубий вилоятларда истиқомат қилади. Шунинг учун ҳам мухолифат Қирғизистон жанубида катта обрўга эга бўлган сиёсатчиларни номзодликка кўрсатиши керак бўлади.

- Менинг фикримча, мухолифатдан кўрсатиладиган ягона номзод жанубий вилоятлар вакили бўлади. Жанублик Ўмурбек Текебаев ўз номзодини кўрсатмаса, унинг ўрнига парламент депутати Бақит Бешимов номзоди кўрсатилиши мумкин.

Ҳозирги вазият мухолифатдан президентликка ягона номзод жанубий вилоят вакили бўлиши шартлигини талаб этмоқда, дейди сиёсатшунос Марс Сариев.

Амалдаги президент Қурмонбек Бакиев ҳам мамлакат жанубидаги Жалолобод вилоятидан чиққан ва жорий ҳокимият таянчларининг ҳам айнан жанубда экани айтилади.
XS
SM
MD
LG