Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:02

Ҳуқуқ фаоли судда ғолиб чиқди


Ўзбекистон Олий судидан тортиб қуйи инстанция судларига қадар инсон ҳуқуқлари фаолларини қўлловчи қарор қабул қилгани деярли учрамаган ҳодиса.
Ўзбекистон Олий судидан тортиб қуйи инстанция судларига қадар инсон ҳуқуқлари фаолларини қўлловчи қарор қабул қилгани деярли учрамаган ҳодиса.

Ўтган йил охирида Зарбдор туманидаги 1- ўрта мактаб директори буйруғига кўра ишдан бўшатилган жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасанбоевлар суд қарори билан ишга қайта тикланди.

Янги йил арафасида жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоллари Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасанбоевлар ўзлари ишлаб турган Зарбдор туманидаги 1-ўрта мактабдан директор Хўжам Бекамовнинг буйруғи асосида ишдан ҳайдалган эди.

Буйруқда сабаб қилиб кўрсатилган ишдаги камчиликлар эса майда-чуйда нарсалар, аслида эса бу мен каби инсон ҳуқуқи фаолларининг давлат идораларида ишлашига чек қўйишга қаратилган ҳаракат эди, дейди Зиёдилло Раззоқов:

- Уларнинг мақсади ҳоким билан тил бириктирган ҳолда давлат ташкилотларида фаолият юритаëтган ҳуқуқ ҳимоячиларини четлаштириш эди¸ дейди Зиëдулло Раззоқов.

Феврал ойида Зарбдор туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг ишдан ноқонуний бўшатилганлиги ҳақдаги аризасини кўриб чиқди. Суд Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасановларни ишга тиклади.

- Ҳеч бир жамоанинг огоҳлантиришисиз¸ касаба уюшмаси йиғилишида кўрилмасдан тўғридан-тўғри келди ва бизни ишдан бўшатиб юборди. Суд процессида шу жойга келганда директор ожизланиб қолди. Асос топиб бера олмай қолди¸ дейди Зиëдулло Раззоқов.

Суд мажбурий қолдирилган иш кунлари учун моддий зарарни директорнинг чўнтагидан қоплаш ҳақида қарор чиқарди. Мактаб директори Хўжам Бекамов фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судига ариза ёзди. Куни-кеча суд директор ёзган аппеляция шикоятини кўриб чиқиб, аввалги суд чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди.

Зарбдор тумани халқ таълими бўлимининг янги тайинланган мудири Абдумутал Эргашев ҳам Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасановларнинг ишга қайта тикланганидан хурсанд эканлигини айтар экан, 1-ўрта мактаб директори Хўжам Бекамовнинг бу ва бошқа камчиликлари учун ишдан бўшатилганини билдирди:

- Бу икки ўқитувчини мактабга қайта тикладик. Иш ҳақларини жой-жойига қўйиб бердик. Суд қарори билан нотўғри қарори учун Хўжам Бекамов ишдан олинди. Кейин нотўғри ҳайфсанлар ҳам берган экан.

Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасановларнинг иш ҳақларини шахсан Бекамовнинг ўзидан ундириб¸ уларни иш жойига тикладик¸ дейди Зарбдор тумани халқ таълими бўлимининг янги тайинланган мудири Абдумутал Эргашев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, одатда Ўзбекистонда суд жараёнларида инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг ғалаба қозониши жуда камдан-кам юз берадиган ҳодиса.

- Жиззах вилоятида инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича суд жараëнларида жуда кўп қатнашамиз. Лекин Зиëдуллонинг суд орқали қайта ишга тикланиши бу бизнинг биринчи ғалабамиз¸ бу умумий ғалабамиз. Чунки Зиëдулло инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб инсонларни ҳимоя қилиб келган ва жуда кўп ишларни олиб бораяпти.

Мана шундан келиб чиқиб¸ ҳукумат Зиëдулло Раззоқовнинг ишларини тан олди деса бўлади ва адолатли тарзда уни қайтадан ишга ўрнатди. Биз Зиëдуллонинг шу ишда ютиб чиққанидан жуда хурсандмиз, дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Зиёдилло Раазоқов Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотининг Жиззах вилояти бўлими раиси сифатида фаолият юритади.
XS
SM
MD
LG