Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:47

Эҳтиёт бўлинг, дори!


Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда ўтказилган текширув натижасида, 437 номдаги дори тегишли ҳужжатларсиз сотилаётгани аниқланган.
Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда ўтказилган текширув натижасида, 437 номдаги дори тегишли ҳужжатларсиз сотилаётгани аниқланган.

Ўзбекистон матбуотининг ёзишича, мамлакатдаги дорихоналарнинг саксон фоизи тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилинмагани оқибатида, бу дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нархи қиммат, бунинг устига сифати ҳам кафолатланмаган. Бу ҳақда Ўзбекистондаги айрим нашрлар маълумот тарқатди.

“Хуррият” газетасида эълон қилинган “Сохта дориларни ким назорат қилади?” номли мақолада ёзилишича, 2007-2008 йиллари мамлакатда фаолият кўрсатаётган беш мингдан зиёд дорихонадан бор-йўғи 993 таси текширилган.

Текширув натижасида 437 номдаги дори тегишли хужжатларсиз сотилаётгани ва ўттиз фоиз дорихоналарда контрабанда йўллари орқали олиб келинган тиббий препаратлар борлиги аниқланган.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллага кўра, бугунги кунда мамлакатдаги дорихоналарда сотилаётган дори-дармонларнинг сифати кафолатланмаган.

-Бугунги кунда Ўзбекистондаги дорихоналарда, дори тарқатиш шаҳобчаларида сотилаëтган дориларга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Бугунги кунда дори-дармон соҳаси коррупциялашганлиги¸ чет элда қайд этилмаган, яширин заводларда ишлаб чиқарилган дориларнинг қандайдир йўллар билан кириб келаëтганлиги сабабли, дорихоналардаги дорилар сифатига кафолат бериш мумкин эмас, -дейди Суҳбат Абдулла.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов эса бу шаҳардаги дорихоналар давлат назоратида эканлигини айтади.

-Ҳар ойда бир марта назорат инспекцияси келиб, ëнимиздаги ўнта аптекани текшириб туради. Шундан биттаси давлат дорихонаси¸ қолган тўққизтаси тижорат дорихонаси.

Дорихоналар дориларни келишилган нархда буюртма билан Россиядан ҳамда чет элдан олади. Шунингдек, Тошкентдаги “Ўзфармсаноат” деган дорилар бошқармасига қайси касалликка қандай дори кўпроқ кетаëтганлиги тўғрисида заявка беради. Кейин уларга шу дорилар олиб келиб берилади. Кейин эса устига 20 фоиз устама қўйиб сотишар экан.

Дорихонларни ҳар ойда бир марта ва ҳар уч ойда бир марта ҳамда олти ойда якуний режалари бўйича текширишади. Учта ташкилот келиб текширар экан. Ўзларининг “Дориворфармсаноат” фирмаси¸ назорат инспекцияси ва дориларнинг муддати ўтган ўтмаганлигини текширадиган комиссия текширади. Кейинги йилларда Андижонда сифатсиз дориларнинг сотилиши учрамаяпти, -дейди шифокор Абдуқодир Сатторов.

NewsUz.Com интернет нашрининг ёзишича, аксар ҳолатларда дорихоналарнинг текшириши номигагина амалга оширилади.

“Энг даромадли соҳа саналган дорихона бизнеси етакчи амалдорлар қўлида. Агар дорихона мансабдорга тегишли бўлмаган тақдирда ҳам унинг эгаси маҳаллий раҳбарларга улуш беришга мажбур. “Еган оғиз ҳар доим ҳам уялади”, шунинг учун текширувлар номига ўтказилади”, деб ёзади NewsUz.Com.

Айни ҳолатни Суҳбат Абдулла ҳам тилга олади:

-Ўзбекистон мустақил бўлиб¸ биринчи бизнес жараëнлари бошланган пайтда дори-дармон соҳаси биринчи бўлиб тижоратлашди. Ўша пайтда амал курсисида бўлганлар¸ қўлида пули борлар жон жаҳди билан аптека очишга киришиб кетди.

Бу соҳа қандайдир маънода ўзининг йўлини топди ва мустаҳкамланиб олди. Яъни яширин иқтисод дейди-ку¸ шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам¸ коррупция жиҳатдан олиб қараганда ҳам шунақа бўлиб қолди.

Бугунги кунда бу соҳа анча оëққа туриб олганидан кейин¸ муҳими, кўпроқ амалдорларга қарашли бўлгани учун бу соҳадаги текширишлар ҳаминқадар шаклда ўтказилади. Шундай жараëннинг давом этаётганини биз ҳозир ҳам яққол кўриб турибмиз. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, - дейди Суҳбат Абдулла.

Дорихоналардаги дори –дармонларнинг сифати кафолатланмай қолаётган бир пайтда мамлакатнинг айрим вилоят марказларида дори-дормонлар, тиббий препаратлар сотиладиган қора бозорлар фаолият кўрсатаётгани маълум.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, шундай қора бозорлардан бири Хоразм вилояти маркази бўлган Урганч шаҳридаги марказий бозор ҳудудида фаолият кўрсатаяпти.

- Урганч бозоридаги гўшт сотиладиган дўкончаларнинг олдида кичкина бозорча бор. Бу ерда 10-15 нафар аëлни кўриш мумкин. Бу аëллар қўлларида дори-дармонларни яширинча, арзон нархда сотади.

Бу бозорлар олувчини қизиқтиради. Чунки уларнинг нархи арзон. Дорихонада эса бу дорилар қиммат. Шунинг учун ҳозирги қийинчилик пайтда кўпчилик бу аëлларга мурожаат қилади. Иқтисодий қийинчилик туфайли одамлар дорини қора бозордан сотиб олишга мажбур бўлишаяпти, -дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддилари вилоят ҳудудида дориларнинг қора бозори мавжудлигини инкор қилишди.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторовга кўра, Андижондаги дориларнинг қора бозори фаолиятига ўтган йили барҳам берилган.

-Хитой ва контрабанда дорилари бу йил йўқ. Ўтган йилгача бўлганди. Қўқонда катта дори бозори бўларди. Бизга Қорасув 40 километр-да. Қорасув орқали олиб келиниб, Қўқонда сотиларди.

Ўтган йилдан бери дори бозор барбод бўлди. Ўтган йили 50 дан ортиқ аптека ҳам сохта дори сотгани учун беркитилган экан. Бу ўтган йилги гап. Бу йил ҳали ундай ҳолат кузатилмаган, - дейди Абдуқодир Сатторов.

Ўзбекистон 2006 йилдан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дори воситалари хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича дастури аъзоси.

NewsUz.Com нашрининг ёзишича, ўтган уч йил давомида Ўзбекистон томонидан Швейцариянинг Упсала шаҳрида жойлашган мазкур дастур бошқарувига зарарли жиҳатлари аниқланган дори –дармонлар юзасидан 22 та ҳолат аниқлангани бўйича маълумот берилган.

XS
SM
MD
LG