Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2023, Тошкент вақти: 13:43

Сўз бошқа, амал бошқа


Ўзбекистон меҳнат бозорида ўз эҳтиёжига яраша даромадли иш топа олмаётган қишлоқ ёшлари кўпинча хорижий давлатларга мардикорликка кетишга мажбур бўлмоқдалар.
Ўзбекистон меҳнат бозорида ўз эҳтиёжига яраша даромадли иш топа олмаётган қишлоқ ёшлари кўпинча хорижий давлатларга мардикорликка кетишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбек расмийлари жорий йилда қишлоқ ёшларига алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этаётганларига қарамай, ўзбекистонлик ёшлар давлатнинг бундай ғамхўрлигини ўз танасида сезмаётганларини таъкидламоқдалар.

Шу кунларда Ўзбекистонда “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” йили муносабати билан турли тадбир ва конференциялар ўтказилмоқда.

Куни кеча Наманган вилоятида ҳам “Қишлоқ ёшлари манфаатларини таъминлашнинг долзарб вазифалари” мавзусидаги конференция ўтказилди.

Тадбир ташкилотчиларидан бирининг фикрича, Намангандаги бир миллион уч юз мингдан зиёд ёшлар доим маҳаллий ҳокимликлар эътиборида.

- Конференциянинг асосий мақсади қишлоқ ёшлари манфаатларини таъминлаш, қишлоқ ҳудудларида таълим сифатларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, қишлоқларда тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни Наманган вилоятидаги ижросини муҳокама қилишга қаратилди.

Шунингдек, мазкур вазифаларни тўлиқ амалга оширилишини таъминлашда маҳаллий ҳокимлик органлари ва фуқаролик жамият институтларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида конференция ўтказилди.

Конференция доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди. Ярмаркада вилоятдаги 39 та корхона ва ташкилот уч юздан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Шу куннинг ўзида 115 нафар ёш йигит-қиз иш билан таъминланди, деди конференция ташкилотчиларидан бири.

Бу каби конференциялар мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Region.uz интернет нашрининг ёзишича, “мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоялаш, уларни иш билан таъминлаш, даромади ва фаровонлигини ошириш, саломатлигини асраш, тиббий маданиятини ошириш, таълим-тарбия тизимининг моддий базаси ва сифат даражасини кучайтириш аъло даражада”.

Лекин биз суҳбатда бўлган бир гуруҳ қишлоқ ёшлари бугунги кунда мамлакатда ёшларга нисбатан эътибор, ўзбек расмийлари айтгани каби, рисоладагидек эмаслигини айтадилар. Иккита коллежни битирган хоразмлик 25 ёшли Нигина ҳам шу фикрда.

- Қишлоқ ёшларига давлат томонидан эътибор катта дейилади. Лекин ҳеч қандай эътиборни биз кўрмадик. Қаердан иш топасан? Қандай яшайсан? Бу нарса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бу билан бирор кимсанинг иши йўқ. На маҳалла йиғинлари, на ҳокимият - ҳеч кимнинг ёшлар билан иши йўқ.

Мен ўзим иккита коллежни битказдим. Лекин ҳеч қаердан иш топа олмадим. Энди тирикчилик учун оиламиз билан Россияга мардикорликка келдик, дейди хоразмлик Нигина.

Жиззахлик 21 ёшли Нусратхон эса иш топа олишига кўзи етмай, ўз орзусидан воз кечган. У иқтисодчи бўлиш ниятида эди. Лекин бугунги кунда Жиззах давлат педагогика институтида таҳсил олаяпти.

Нусратхон ёшлар манфаатлари ҳимояланмагани, ёшлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини айтади.

- Бу йил феврал ойларининг охирида эди шекилли, Жиззахдаги педагогика коллежида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Бу йил ҳисобига билганим шу, холос. Маҳаллий хокимликлар томонидан ёшлар учун қилинган бошқа бирорта тадбирни эшитганим йўқ. Кейин мен ёшлар учун қилинаётган тадбирларнинг натижасини кўрганим йўқ. Булар фақат номига ўтказилади, дейди Нусратхон.

Хоразмлик 22 ёшли Асадбек мактабни тугатгач, институтга кириш орзусида эди. Лекин мактабни битиргандан буён Асадбек мардикорлик билан шуғулланишга мажбур бўлаяпти.

- Мактабни битказгандан кейин қишлоқ ёшлари ҳолидан ҳеч бир ташкилот хабар олмайди. “Ўзинг учун ўл етим!” буёғи.

Бизнинг синфимизда ўғил болалар сони ўн саккизта эди. Мактабни битиргач, ҳеч бири институтга кира олмади.

Ҳозирда ўн беш нафар синфдошим Россияда мардикорлик қилаяпти. Бизга бирорта ташкилотдан “нима қилаяпсан, ҳолинг нима?” деб келганини эслай олмайман, дейди Асадбек.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили “Ёшлар йили” давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистонда 1 триллион 248 минг сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

“Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” давлат дастури доирасида ҳам ёшлар, айниқса, қишлоқ ёшлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG