Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:20

"Карвон бир, ризқи бошқа"


Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи ўзбекистонлик деҳқонлар Ўшга олиб келган мева-сабзавотларини улгуржи сотиб кетишни афзал кўрадилар.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи ўзбекистонлик деҳқонлар Ўшга олиб келган мева-сабзавотларини улгуржи сотиб кетишни афзал кўрадилар.

Қирғиз депутатлари мева-сабзавот етиштирувчи қирғизистонликларнинг мамлакат жанубига арзон маҳсулот олиб келаётган ўзбек деҳқонлари билан рақобатлаша олмаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Қирғизистон парламентининг депутати Асилбек Жеенбеков 21 апрель куни Иқтисод, бюджет ва молия ишлари бўйича қўмита йиғинида мамлакат жанубида Ўзбекистон фуқаролари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилишини тартибга солиш масаласини кўтариб, иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Айдар Мўкеновдан ушбу масалани тартибга солишни сўради.

Депутат Жеенбековга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистон жанубида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси билан эркин шуғулланмоқда, уларнинг маҳсулотлари арзон бўлгани сабабли қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирувчи қирғизистонликлар улар билан рақобатлаша олмаяпти.

Қўмита йиғилишида иштирок этган вазирлик вакили Ўсмўн Артиқбоев эса иқтисодий бўҳрон пайтида Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари арзон нархда олиб келинишини таъқиқлаш билан истеъмолчилар манфаати ҳимоя қилинмай қолиши мумкинлигини билдирди.

Масалага ойдинлик киритиш учун биз Ўш бозорига бориб, у ерда Ўзбекистондан келтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи савдогарлар билан суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, Қирғизистон жанубида сотилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан Ўзбекистондан олиб келинар экан. Ўзи етиштирган мева-сабзавотларни Ўшга олиб келиб сотувчи ўзбекистонлик деҳқонлардан бирига кўра, қирғизистонлик деҳқонларнинг “ўзбекистонликлар нонимизни олиб қўяяпти” дейишларига асос йўқ, чунки “карвон бир, ризқи бошқа”. Бундан ташқари, аёлнинг айтишича, ўзбек деҳқонлари қирғизистонлик чакана савдогарларга маҳсулот етказиб бераяптилар.

- Мен ҳам маҳсулотларни кўпинча улгуржи сотаман. Бир нарса учун кун бўйи вақт сарфлагим келмайди, баъзида маҳсулотим кўпроқ бўлганида ўзим ҳам кечга қадар ўтириб сотаман, деди ўзбекистонлик деҳқонлардан бири.

Қўшни мамлакат деҳқонларининг ўз маҳсулотини олиб келиб Қирғизистон бозорларида ўзлари сотиши борасида маҳаллий савдогарлар турлича фикрдалар. Ўшлик савдогарларнинг баъзилари ўзбекистонлик дехқонлар уларга рақобатчи эмаслигини, кўплаб маҳаллий савдогарлар Ўзбекистондан келтирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш орқали тирикчилик билан шуғулланишини айтадилар:

- Қирғизистонда дорилар йўқ, бўлса ҳам қиммат. Бундан ташқари, Ўзбекистонда иссиқхоналар кўп, бизнинг иссиқхоналаримизда электр йўқлиги сабабли ўзимизнинг деҳқонлар маҳсулот етиштирмай қўйган.

Биз ҳам деҳқонмиз, шароит бўлганида маҳсулотни ўзимиз етиштирган бўлар эдик. Иложсизликдан Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларни сотяпмиз.

Ўзбекистонлик деҳқонлар бизга рақобатчи бўла олмайдиар, чунки улар бизга улгуржи сотиб кетишади, деди маҳаллий савдогарлардан бири.

Ўш бозорида сабзавот сотувчи бошқа бир аёл эса ўзбекистонлик айрим савдогарлар олиб келган маҳсулотларини ўзлари арзон нархда сотишидан нолиди. Унинг айтишича, маҳаллий савдогарлар бозор раҳбариятига ўзбекистонлик савдогарларга савдо расталарини бермаслик юзасидан бир неча бор арзланганлар:

- Паттачилар, бозоркомлар пул олса бўлди - ўзбекистонлик савдогарларнинг савдо қилишига рухсат бераверадилар. Биз бир неча марта бозор раҳбариятига бу бўйича арзландик, бироқ ҳеч қандай натижа йўқ.

Ўзбекистонлик деҳқонлар эса ўз маҳсулотларини бизга улгуржи сотибгина қолмай, ўзлари ҳам кечга қадар арзон нархда савдо қиладилар, натижада биздан ҳеч ким маҳсулот харид қилмай қўйди, дейди савдогар аёл.

Бироқ Ўш бозори етакчиси Ўрўзбек Қалдаров бу айбловларни рад этади. Унинг айтишича, ўзбекистонлик деҳқонларга бозорда савдо қилиш учун жой берилмас экан.

- “Дўстлик” чегара пунктида қишлоқ маҳсулотларининг улгуржи бозори бор. Савдогарларимиз ўша ерда ўзбекистонлик деҳқонларни маҳсулот сотиб олиб, Ўш бозорида сотадилар.

“Ўзбекистонлик деҳқонлар келиб, бизда маҳсулот сотаяпти”, деган гапларга қўшилмайман. Негаки ўзимизнинг дехқонларимиз, савдогарларимиз жуда кўп, уларнинг ҳар бирини ўз ўрни бор. Улар узоқ йиллардан бери савдо қиладилар, деди Ўрўзбек Қалдаров.

Унинг айтишича, маҳаллий савдогарлар шу кунгача бирор марта ҳам ўзбекистонлик савдогарлар устидан арз қилиб келмаганлар.

- Ҳозирча одамлар томонидан “Ўзбекистонлик савдогарлар кўпайиб кетди ёки ўшалар келиб, бизнинг ўринларимизни эгаллаб олди, маҳсулотларни арзон сотмоқда” қабилидаги аризалар келиб тушмади. Негаки савдогарларимиздан жойларни биров мажбуран тортиб ололмайди.

Бундан ташқари, биз одамларга “сен ўзбекистонликсан, бу ерда савдо қилишга ҳақли эмассан” дейишга ҳаққимиз йўқ. Бу ишларни чегарачиларимиз, божхоначиларимиз назорат қилишлари керак. Ноқонуний олиб келинган маҳсулотларни улар текширади.

Бозор ичида одамларнинг паспортини текшира олмаймиз, бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот органларимиз бор. Биз эса фақатгина бозорнинг тозалигига, савдогарларга савдо учун шароит яратиб беришга масъулмиз, холос, деди Ўш бозори етакчиси Ўрўзбек Қалдаров.
Айни пайтда кузатувчилар, мабодо ўзбекистонлик деҳқонлар Қирғизистон жанубига ўз маҳсулотларини олиб келмай қўйса, қирғиз бозорларида мева-сабзавот нархи кўтарилиб кетиши мумкинлиги ҳақида ҳам мулоҳаза билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG