Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:20

Ўзбек муаллимига қирқ ҳунар оз


Ўзбекистонлик ўқитувчилар ўзларининг турли жамаотчилик ишларига жалб этилишлари ўқувчилар савиясида салбий акс этиши мумкинлигини айтмоқдалар.
Ўзбекистонлик ўқитувчилар ўзларининг турли жамаотчилик ишларига жалб этилишлари ўқувчилар савиясида салбий акс этиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ, пойтахтдаги барча мактабларнинг ўқитувчилари савдо шаҳобчаларидаги касса аппаратларини назорат қилишга жалб қилинди.

Тошкентдаги 220-сонли мактаб ўқитувчисига кўра, 29 апрелдан бошлаб унинг ҳамкасблари ҳам дўконлардаги тушум пулларини назорат қилишни бошлашган.

- Кеча ҳам битта ўқитувчини юбордик дўконларга. Бориб кўриб келди. Ҳозир шу иш бўйича ўқитувчиларни жалб қилганмиз. Бугун ҳам ўқитувчилар юборилди.

Озодлик: Нечта ўқитувчи жалб қилинган?

- Ҳамма ўқитувчиларга айтилган. Навбат билан борилади. Мисол учун, баъзилар эрталаб, баъзилар тушдан кейин боради. Дарсдан ташқари вақтда борилаяпти. Бизнинг мактабдан иккита ўқитувчи чиқаяпти, дейди ўқитувчи аёл.

Тошкентдаги 250-сонли мактаб ўқитувчисининг айтишича, уларга шаҳардаги Амир Темир кўчасида жойлашган дўконларни назорат қилиш топширилган.

- Амир Темур кўчасидаги дўконларда савдо чекларига қараш, тушум пулларини, касса аппаратларини назорат қилиш учун ўша ерга боришаяпти, дейди ўқитувчи аёл.

Суҳбатдошларимизга кўра, бу ишга ўқитувчилар мажбурий тарзда жалб қилинмоқда.

- Ўқитувчилар чарчашади, дўконларга чиқиш қийинчилик туғдираяпти¸ энди мажбурликдан боришаяпти, дейди ўқитувчилардан бири.

Тошкентдаги 250-сонли мактаб ўқитувчисига кўра, дўконларни назорат қилишга чиқишни истамаган ўқитувчиларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.

- Ҳокимият вакилига битта ўқитувчимиз: “Менда биринчи синф, мен боролмайман” деса, у: “Бўшатиб юборамиз”, дебди. Ҳатто шунақа гап айтишибди.

Биз ўқитувчиларда иш шунақа кўп. Бир хил вақтда ҳатто қай бирига улгуришни ҳам билмаймиз. Чунки у ëқда (дўконларда) соат 5 гача ўтириш керак.

Энди ҳамма ўзининг ишини қилиши керак тўғрими? Ҳокимият чақиради-да, “У ëққа бор¸ бу ëққа бор”, дейди. Бу ëқда иш қолиб кетади. Кейин мактабга комиссия келади ва “Нимага буни қилмадинг”, деб бизни уришади, дейди ўқитувчи аёл.

Ўқитувчилар дўконларга назоратга чиқаётганлари учун уларга ҳақ тўланмаслигини билдиришди. Лекин улар эрталаб соат тўққиздан кечқурун соат олтигача дўконларда бўлишлари шарт экан.

Биз Тошкент шаҳридаги бир қанча туман ҳокимликларига қўнғироқ қилганимизда, улар ҳақиқатдан ҳам ўқитувчилар дўконлардаги тушум пулларини назорат қилишга жалб қилинганлигини айтишди. Бироқ улар бу ҳолатни изоҳлашни исташмади.

Тошкентлик ўқитувчи Улуғбек Усмонов фикрича, кейинги йилларда ўқитувчиларни турли хил жамоат ишларига жалб қилиниши натижасида уларнинг обрўси тушиб кетди.

- Ўқитувчиларнинг қилмаган иши йўқ. Сайлов деса ўқитувчи, аҳолини рўйхатга олиш деса ўқитувчи, жиноятчиликка қарши курашга ўқитувчи, кўча тозалашга ўқитувчи, коммунал тўловларни йиғишга ўқитувчи, қишлоқ хўжалигининг ҳар хил меҳнатларига ўқитувчи. Хуллас, ўқитувчини ҳамма ишга тиқиштиришгани тиқиштиришган.

Ўқитувчи социал жиҳатдан энг ҳимояланмаган қатлам бўлиб қолди. Ким нимани хоҳласа¸ шуни қилади. Кимнинг калласига нима келса¸ ўқитувчиларни ўша ëққа юбораверади. Буни болаларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланадиган одамларни эзиш, деб ўйлайман. Бу яхши эмас, дейди Улуғбек Усмонов.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўқитувчиларнинг турли хил ишларга жалб қилиниши оқибатида ўқувчиларнинг билим савияси пасайиб кетаяпти.

- Президент “келажагимиз буюк” дейди. Буюк давлатга ақлли, соғлом авлод керак. Уларни тарбиялаш учун эса ўқитувчи керак. Ўқитувчиларни мана шунақа нарсаларга жалб қилиш оқибатида ўқувчиларнинг билими пасаяверади. Сабаби ўқитувчилар куни билан ишда бўлгандан кейин, кечқурун уйига чарчаб келади. Эртанги кунги дарсга тайëргарлик кўришга эса имконияти қолмайди.

Ўқитувчиларни шунақа ҳар хил қўшимча ишлардан озод қилиш керак. У ўз устида ишлаши керак, китоб ўқиши керак, ўзининг малакасини ошириш керак, ўқувчилар билан ишлаш керак, дейди Улуғбек Усмонов.

Ўқитувчиларнинг дўконлардаги тушум пулларини назорат қилишга жалб қилиниши масаласига қайтсак: uzmetronom.com интернет сайтига кўра, Тошкентдаги ҳар бир дўкон фақат 5-10 фоиз тушум пулинигина касса аппаратидан ўтказади. Ўқитувчилар айни шу ҳолатни назорат қилиб, бу каби қонунбузарликларни қайд қилиб боришлари лозим бўлади.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, ўқитувчиларни аввалроқ коммунал хизматлар учун тўлов пулларини йиғишга, эндиликда эса дўконларнинг тушум пуллари назоратига жалб қилиниши мамлакатда юзага келган нақд пул танқислиги билан боғлиқ.
XS
SM
MD
LG