Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Андижонни хотирлашга имкон берилмади


Тошкент расмийлари¸ ҳуқуқ фаолларининг Андижон қурбонлари хотираси учун ҳайкал пойига гул қўйишидан ҳам чўчидилар.
Тошкент расмийлари¸ ҳуқуқ фаолларининг Андижон қурбонлари хотираси учун ҳайкал пойига гул қўйишидан ҳам чўчидилар.

Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан Тошкентдаги "Матонат" обидаси олдида қирғин қурбонларини хотирлашни режалаган ҳуқуқ фаоллари эрта тонгданоқ милиция ходимлари томонидан олиб кетилди.

Ўзбекистондаги виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовнинг Озодликка маълум қилишича, 13 май куни эрталаб соат 10 дан бошлаб ҳуқуқ фаоллари бирин-кетин милиция ходимлари томонидан ушлаб кетила бошланган.

- Ҳозир бешта одам ушлаб кетилганлиги тўғрисида хабар келди. Саломат Бойматова ва Елена Урлаевани улар уйларидан чиқиб кетаëтган пайтда қўлга олишган. Кейин Олег Сарапулов ва Татьяна Давлатова олиб кетилганлиги тўғрисида хабар келди. Уларни ҳам уйдан чиқишлари билан Яккасарой туман ИИБга олиб кетишибди. Виктория Баженовани ҳам олиб кетишибди, деди Баҳодир Намозов.

Елена Урлаева Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБда ушлаб турилган пайтида унинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, у билан боғландик.

- Мирзо Улуғбек туман ИИБга олиб келишди. Мени бугунги акция сабаб ҳибсга олишди. Биз “Матонат” ёдгорлиги олдида пикет ўтказишни режалаштирган эдик.

Бизнинг талабимиз тинч аҳоли ўққа тутилгани учун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни жавобгарликка тортишдир. Бугун милиция ходимлари Саломат Бойматова иккаламизни унинг уйи олдида қўлимиздаги плакатлар билан ушлаб олишди.

Иккаламизни турли машиналарга ўтқазиб олиб кетишди. Ҳозирда Саломат Бойматованинг қаерда эканлиги номаълум, деди Елена Урлаева.

Маълум бўлишича, яна икки ҳуқуқ фаоли - Суръат Икромов билан Элнур Абдуллаевлар ҳам “Матонат” ёдгорлиги олдига етмасдан милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан телефон орқали боғланганимизда, у Собир Раҳимов туман ИИБда ушлаб турилган эди.

- Мен йўлда кетаëтган эдим. Мени терроризм бўлимининг тезкор бўлими ходимлари тўхтатишди. Мен тўрт соатдан бери Собир Раҳимов ИИБда ўтирибман, деди Суръат Икромов.

Собир Раҳимов туман ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Дилмурод Валиев билан боғланиб, Суръат Икромовнинг бўлимга олиб келиниш сабабларини сўрадик.

Озодлик: Суръат акани нима сабабдан ушлаб турибсизлар?

Дилмурод Валиев: Мен Суръат акани олиб келмаганман. Гаплашиб ўтирибман у киши билан. Ўзлари келдилар, гаплашиб ўтирибмиз.

Озодлик: Уни сизнинг олдингизга ким олиб келди?

Дилмурод Валиев: Ҳеч ким олиб келгани йўқ, хонамга ўзлари келдилар.

Озодлик: Сизнинг хонангизга ўзлари кирдилар, лекин уни ИИБга кимдир олиб келган-ку.

Дилмурод Валиев: Унисини билмадим. Лекин менинг хонамга ўзлари кирдилар.

Озодлик: Суръат акага ўхшаган бир қанча ҳуқуқ фаолларини турли ИИБга олиб кетишибди.

Дилмурод Валиев: Менинг хабарим йўқ. Собир Раҳимов туман ИИБга Суръат ака келди, мен гаплашиб ўтирибман. Нима бўлган, нима қўйган - мен билмайман.

Озодлик: Бу бугун ўтказилиши режалаштирилган акцияга алоқадор эмас-а?

Дилмурод Валиев: Йўқ, йўқ. Мен Суръат ака билан биринчи марта кўришаяпман. Гаплашиб, танишиб ўтирибман.

Ўзбекистондаги манбаларимизнинг маълум қилишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари акцияда иштирок этишни хоҳлаган бир қанча ҳуқуқ фаолларининг уйларидан чиқишга имкон бермаган.

Баҳодир Намозов ҳам ўзининг уй қамоғида эканини айтди.

- Мени уйдан чиқаришмаяпти. Уй қамоғи кеча кечқурундан бошланган эди. Қаëққа борсам, орқамдан иккита машина кузатиб юрибди. Бугун эрталаб ҳам: “Ҳеч қаëққа чиқманг. Биламиз, сиз ўтказилиши керак бўлган акциянинг ташкилотчиларидан бирисиз. Агар нимадир қилсангиз, биз сизни ИИБга олиб кетамиз”, дегандай гап қилишди. Ҳозиргача уйимнинг олдида қўриқлаб туришибди, деди ҳуқуқ фаоли.

Маълумки, ҳуқуқ фаоллари Андижон фожеаси қурбонларини хотирлаб 13 май куни соат 10.00 да Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳкўчалари чорраҳасида жойлашган “Матонат” ёдгорлиги олдида акция ўтказишни режалаштирилганди.

Баҳодир Намозовнинг маълум қилишича, фақат биргина ҳуқуқ фаоли Анатолий Волков “Матонат” ёдгорлиги пойига гул қўйишга муваффақ бўлган.

- Анатолий Волков бошқаларга нисбатан уйидан кечроқ чиққанди. У “Матонат” ёдгорлигига олдига борган. Ёдгорлик пойига гул қўйган. Лекин гул қўйиши билан икки милиция ходими уни қўлини қайириб, машинага ўтқазиб, Сирғали туман ИИБга олиб кетган, деди Баҳодир Намозов.

Озодликка маълум бўлишича, акцияда иштирок этишни истаган саккиз нафар ҳуқуқ фаоли ушланиб, милиция бўлимларига олиб кетилган. Бироқ улар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Аксар ҳуқуқ фаоллари билан боғланиш имкони бўлмади.

Аввалроқ 25 нафар ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли акцияда иштирок этиш истагини билдирганди.
XS
SM
MD
LG