Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:14

Чегарада яна ўқ отилди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси атрофида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ҳар икки давлат чегарачиларининг ноқонуний ҳатти - ҳаракатларидан норозилар.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси атрофида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ҳар икки давлат чегарачиларининг ноқонуний ҳатти - ҳаракатларидан норозилар.

Ўзбекистоннинг Сўх анклавида жойлашган ўзбек чегарачилари 15 май куни тушдан кейин туман марказидан Таян қишлоғига кетаётган енгил автомашинадаги қирғизистонлик йўловчиларга қарата уч марта ўқ отганлар.

Ўзбек чегарачилари ўқ отган автомашина ҳайдовчиси Жумабой Ҳалиловнинг айтишича, воқеа Ўзбекистон –Қирғизистон чегараси яқинида содир бўлган. Ҳайдовчи Ўзбекистон томонига ўтмаган ва машинасини Қирғизистон чегараси томонида бошқариб кетаётган экан.

-Шу пайт қаердадир яшириниб ўтирган ўзбек чегарачилар машинамнинг ортидан ўқ узишди. Машина ичида икки аёл икки боласи билан кетаётган эди. Ўқ овозларини эшитиб, улар ҳушларини йўқотишди. Мен уларни Таян қишлоғи касалхонасига олиб бордим.

Касалхонага етиб келгач, машинамни қарасам ойналари синибди. Бир ўқ бензин бакига тегибди, -деди Жумабой Ҳалилов.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ўзбек чегарачилари автомашинани тўхташига ишорат бермаганлар. Ҳавога огоҳлантирувчи ўқ ҳам узмаганлар, балки тўғридан тўғри машинага қарата бир неча маротаба ўқ отганлар.

-Машинада келаётсак, “Тўхта” ҳам демасдан, дарров машинага қарата ўқ отдилар. Бу қонунга ҳам тўғри келмаса керак. Бу воқеани ўзбек чегарачиларининг катталари ўрганиб, баҳо беришар, ҳар ҳолда.

Ўқ отилиши билан машина ичидаги аёллар ва болалар қўрққанимиздан ҳушимизни йўқотиб қўйдик, - деди ўзбек чегарачилари ўқига нишон бўлган машинада келаётган Салима Жонибекова.

Таян қишлоғи касалхонаси бош шифокори Мастура Қурбонованинг айтишича, айни пайтда аёллар ўзларига келган, уларнинг қон босимлари меъёрида. Бироқ ўзбек чегарачиларининг ўқ отиши машина ичида бўлган 5 ёшдаги Уланбекнинг асабига жуда қаттиқ таъсир қилган.

- Боланинг истимаси 40-42 даражага кўтарилиб, ҳушига келиб-келмай ётибди. Отилган ўқ товушлари боланинг асабини қаттиқ қақшатган. Сал қаттиқроқ овоз эшитилиб қолса, хушига келган бола яна хушидан кетиб қолаяпти.

Аёлларнинг аҳволи яхши, лекин улар ҳам қаттиқ қўрқишган. Сал нарсага асабийлашиб кетишлари мумкин,-деди шифокор Салима Жонибекова.

Айни пайтда Боткен туман ҳокими Достон Хўжаев бу воқеа юзасидан ўзбек расмийлари билан учрашув бўлиб ўтганини айтди. Унга кўра, учрашувда иштирок этган Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ўзбек чегарачиларининг ҳатти-ҳаракатлари учун Таян қишлоғи аҳолисидан расман кечирим сўраган.

-Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бир-икки кун ичида вазиятни марказий раҳбариятга етказишга ва бўлиб ўтган воқеа қайта такрорланмаслиги учун чоралар кўрилишига ваъда берди, -деди Достон Хўжаев.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, Фарғона вилоят ҳокимлиги расмийси Шуҳрат Ғаниевнинг боткентликлар билан учрашуви чоғида, қирғизистонликлар Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги бир чегара постини ҳам олиб ташлаш масаласини кўтарганлар. Фарғона вилояти расмийси бу масала Тошкент билан келишилгачгина ҳал этилиши ҳақида билдирган.
XS
SM
MD
LG