Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:09

Гуантанамо ўзбекларини оладиган йўқ


Гуантанамодаги ўзбеклар озод қилинган бўлса-да¸ борадиган жойи йўқлигидан ҳамон тутқунликда қолмоқда.
Гуантанамодаги ўзбеклар озод қилинган бўлса-да¸ борадиган жойи йўқлигидан ҳамон тутқунликда қолмоқда.

АҚШ президенти Гуантанамодаги айрим маҳбуслар устидан ҳарбий маҳкамаларнинг қайта бошланишини билдирди. Аммо бу жараëннинг Гуантанамода қолаëтган тўрт ўзбекистонлик тутқунга алоқаси йўқлиги айтилмоқда.

Президент Обама январ ойида вазифасига киришар экан, Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида янги даврга кираётганини айтиб, Гуантанамодаги ҳарбий маҳкама жараёнларини тўхтатиб қўйган эди.

Террорчиликда гумонланиб қўлга олинган 25 0ка яқин маҳбус етти йилдан буён судловсиз Гуантанамо қамоқхонасида ушлаб турилибди. Улар орасида тўрт нафар ўзбек ҳам бор.

Америкалик адвокат Майкл Монга кўра, ҳарбий маҳкамаларнинг қайта бошланиши Гуантанамодаги ўзбек маҳбусларига тааллуқли эмас.

- Менинг ҳимоям остидаги Ойбек Жабборов ҳам, Гуантанамодаги қолган уч ўзбекистонлик маҳбус ҳам бошқа маҳкамага тортилмайди. Улар оқланган ва Европа давлатлардан паноҳ берилишини кутмоқда. Уларни қабул қила оладиган давлат топилса, улар озодликка чиқарилиши мумкин, дейди Майкл Мон.

Ҳозиргача бу ўзбекларни Европанинг бирорта давлати қабул қилмаяпти. Улар ҳали ҳам Гуантанамода сақланмоқда. Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Камилла Жэлбертга кўра, уларнинг Ўзбекистонга қайтишлари ўлим билан баравар бўлиб, у ерда қайта қамоққа олинишлари ва қийноққа солинишлари хавфи бор.

- Агар бу ўзбек тутқунлари мамлакатига қайтирилса¸ улар қайтадан қамалишлари ва қийноққа солинишлари хавфи бор. Шу боис¸ Қўшма Штатлар бу маҳбусларга ё хавфсиз Европа давлатларидан ва АҚШнинг ўзидан бошпана бериши керак, дейди Жэлберт.

АҚШ президенти Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини 2010 йилгача ёпишни ваъда қилган. Аммо Гуантанамонинг айрим тутқунлари устидан маҳкамаларнинг қайта бошланиши бу жараённи кечиктириши ҳам мумкин.

- Президент Обаманинг маҳкамаларни қайта бошлаш қарори бизни ташвишга солиб қўйди. Сабаби¸ бунақа маҳкамаларнинг қайта бошланиши¸ Гуантанамонинг ёпилишини савол остига қўймоқда.

“Гуантанамони ёпамиз” дейишаяпти. Лекин бу ижобий қадам Гуантанамо тутқуни Ойбек ва унинг уч ватандоши тақдирига ўзгариш киритмади.

Гарчи у Буш маъмурияти даврида оқланган бўлса ҳам¸ ҳалигача 2,5 га 4 метр катталикдаги камера ичида қолмоқда.

Обама “Гуантанамони ёпамиз” деяётган бўлса ҳам, ҳимоям остидаги маҳбус ҳали ҳам шу қамоқхона деворлари ичида қолмоқда. Унинг Гуантанамо қамоқхонасида ўтириши менинг мамлакатим йўл қўйган мудҳиш хато ва бу биз учун уят.

Бу хато тўхатилиши ва бошдан қамалмаслиги лозим бўлган Ойбек озодликка чиқарилиши керак¸ дейди Майкл Мон.

Гуантанамо қамоқхонасидаги ўзбек маҳбусларининг қолган уч нафари Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов ва Абдулла Муҳаммадхонлардир. Улар ҳам Ўзбекистонга қайта олмайдилар.

Уларни ватанларида қийноқлар остидаги ўлим кутаётганидан хавотирлар бор. Ҳозирча эса дунёдаги бирорта давлат уларга бошпана бериш истагини билдирмади.

Ҳозиргача АҚШ ҳукумати Гуантанамонинг 30 маҳбуси Европа давлатлари тарафидан қабул қилиб олинишга лойиқ экани ва улар Европа жамияти учун хавф туғдирмаслигини билдирган. Улар орасида тўрт ўзбек тутқуни ҳам бор.

Ушбу ой бошида АҚШ Адлия вазири Эрик Ҳолдер билан музокаралар сўнггида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехия Ички ишлар вазири Иван Лангер Европанинг айрим давлатлари Гуантанамо маҳбусларини қабул қилиб олишга тайёр эканликларини тасдиқлаган эди.

Лекин Иван Лангернинг таъкидича, иттифоқнинг жорий президенти Чехия улардан биронтасини қабул қилмайди.
XS
SM
MD
LG