Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

Балога яна мардикор қолди


Марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари Россия куч ишлатар тизимларининг доимий назоратида қолмоқдалар.
Марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари Россия куч ишлатар тизимларининг доимий назоратида қолмоқдалар.

Россия прокуратурасига кўра¸ ишсиз қолган хорижлик меҳнат муҳожирлари жиноий гуруҳларга бирлашмоқда ва мамлакатда гастарбайтерлар томонидан содир қилинаётган жиноятлар 74 фоизга ошган.

Россия Бош Прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг муҳожирлар содир этаётган жиноятларга қарши ҳаракат масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишида айтган сўзларига кўра, собиқ итифоқ давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари орасида жиноятлар содир қилиш 74 фоизга кўпайган.

Инқироз туфайли ишсиз қолаётган меҳнат муҳожирлари қароқчилик, ўғирлик содир қилиш учун жиноий гуруҳларга бирлашмоқдалар.

Бироқ Озодлик билан суҳбатда Россия Федерал миграция хизмати матбуот бўлими бошлиғи Константин Полторанин¸ Александр Бастрикин келтирган факт ва рақамларни бемаъни деб айтди:

- Биринчидан, жаноб Бастрикин муҳожирлик сиёсати масалаларида маъсул шахс эмас. Афсуски¸ унинг қўмитаси бошқа муҳим жиноий ишларни очиш ўрнига қимматли вақтларини бошқа нарсага сарф қилмоқдалар.

Меҳнат муҳожирлари содир этган жиноятлар ҳақида Бастрикин келтирган рақамлар ҳақиқатга яқин ҳам келмайди, дейди Константин Полторанин.

Унинг сўзларига кўра, Россияга тирикчилик илинжида фақат пул ишлаш, узоқларда қолган оиласини боқиш учун келган одамларнинг оғир жиноятлар содир қилишига ишониш жуда қийин.

Фақат битта муаммо бор, дейди Константин Полторанин, яъни меҳнат муҳожирларининг қонуний рўйхатдан ўтмасдан қалбаки ҳужжатлар олиши. Ана шу масалани уларнинг ўзлари яхши тушуниб олишлари керак:

- Мен Марказий Осиёдан келган одамларнинг аксарияти жиноят содир қилиш учун эмас, балки иш излаб келганларига аминман. Россияликларнинг ишини олиб қўйишаяпти, деб айтишади. Олганлари йўқ.

Улар ишлаётган ишларда россияликлар ишламайди. Марҳамат, келаверишсин. Эшигимиз очиқ, иш бор. Фақат қоида бўйича рўйхатдан ўтиб қўйишсин, дейди Константин Полторанин.

Агар шундай бўлса, баланд минбарларда меҳнат муҳожирларининг қораланишидан мақсад нима, сўраймиз Константин Полтораниндан:

- Биласизми, битта муаммо бор. Ҳамма ўз иши билан шуғулланиши керак. Мансабдорлар муҳожирлик сиёсатини рўкач қилиб ўзларига обрў орттирмоқчи. Лекин бу жуда нозик масала. Бу миллий низоларни келтириб чиқариши мумкин, дейди Константин Полторанин.

Москвада меҳнат қилаётган меҳнат муҳожири Ҳамидулла Норбековнинг айтишича, ўзбекистонликлар томонидан содир қилинаётган жиноятлар бор. Буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин, бундан фожеа ясаш керак эмас:

- Буларнинг ичида баъзи бир миллатчи¸ шовинистлари борда. Булар биринчидан Россияда бошқа халқлар кўпаймаслигини истайди.

Ўрта Осиëдан¸ МДҲ давлатларидан келиб ишлайдиганлар ҳақиқатан ҳам кўп. Уларнинг кўплари секин-секин жойлашмоқда¸ фуқароликни қабул қилмоқда.

Энди улар шу томонларидан ҳам чўчиса керак. Биласизку¸ буларда миллатчилик бор.

Буларнинг мансабдорлари орасида ҳам¸ Думасидан ҳам миллатчиликнинг ҳиди келиб туради. Шунинг учун булар пашшадан фил ясашга ҳаракат қилади¸ дейди Ҳамидулла.

Москва вилоятида ишлаётган тожикистонлик Худойберди Россияда содир этилган икки хил оғир жиноят ва унга бўлган икки хил муносабат ҳақида шундай мисол келтиради:

- Мингдан ëки 10 мингдан биттаси масалани ҳал қилмайдию. Мақсад келгиндиларни қоралаш. У куни ҳам ўзбек болани кўрсатишди. Уни зўрлаганлик ва ўлдирганликда айблашди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишди.

Санкт Петербургда уч-тўрт йил олдин тожикистонлик тўққиз яшар қизни тўрт-беш тақирбош пичоқлаб ўлдирган. Уларга икки-уч йилдан беришди ва чиқариб юборишди. Мана шундан хулоса чиқариб олаверинг¸ дейди Худойберди.
XS
SM
MD
LG