Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

"Андижонда нима бўлди ўзи?"


Ўзбекистоннинг аксар аҳолиси Андижон ва Хонободдаги воқеалардан бехабар бўлса¸ водийликлар ëпиқ чегаралар қаршисида бу портлашлар оқибатини кундалик ҳаëтларида ҳис этмоқдалар.
Ўзбекистоннинг аксар аҳолиси Андижон ва Хонободдаги воқеалардан бехабар бўлса¸ водийликлар ëпиқ чегаралар қаршисида бу портлашлар оқибатини кундалик ҳаëтларида ҳис этмоқдалар.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари¸ 26 май куни Андижон ва Хонободда юз берган портлашлар хусусида мамлакат Бош прокуратураси расмий баëнотини тарқатгач¸ бу воқеалар ҳақда яна сукут сақлашга ўтди.

Аҳолининг Хонобод ва Андижон шаҳарларида содир бўлган воқеалардан хабардорлик даражасини ўрганар эканмиз, бу борада тўрт хил тоифадаги одамлар борлигига гувоҳ бўлдик.

Биринчи тоифага Андижон ва Хонободда бўлган воқеалардан бутунлай бехабар одамлар киради.

- Мен эшитмадим. Андижон бизга узоқ- ку!

Озодлик: Телевизорда айтишмадими?

- Уйимизда телевизор йўқ. Мен Андижонда нима бўлгани ҳақида эшитмадим, дейди Сурхондарёнинг Бойсун қишлоғида яшовчи 84 ёшли Ҳожиқул Эшқурбонов.

Шаҳрисабзлик аёл ҳам воқеалардан бехабар.

- Телевизордан эшитганим йўқ. Ахборотларни кўрдим¸ айтишгани йўқ. Берган бўлса ҳам¸ мен эшитмадим. Андижонда нима бўлибди ўзи? деб сўрайди шаҳрисабзлик суҳбатдошимиз.

Иккинчи тоифа вакилларига интернетдан фойдаланувчи аҳоли қатлами киради. Бу одамлар хориж интернет сайтлари орқали воқеадан хабар топишган.

- Қисман интернетда ўқидим. Электрон почтам рамблерда, шу почтамга кирган пайтим ўқиганман. 25 май куни Хонободда блок-постга ҳужум бўлибди, яраланганлар бор деб ўқидим, дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.

Учинчи тоифа эса халқаро радиоканаллари орқали Андижон ва Хонободдаги воқеаларни эшитган.

- Мен Озодлик радиоси орқали воқеалардан хабар топдим, дейди қаршилик Ойша опа.

Хоразмлик Комилжон оға ҳам Хонобод ва Андижон шаҳарларидаги воқеаларидан Озодлик орқали эшитган.

- Мен Озодлик радиосини тинглайман. Андижондаги воқеаларни ҳам Озодликдан эшитдим. 25 майдан 26 майга ўтар кечаси шовқин-сурон бўлибди. Худо сақласин, дейди хоразмлик Комилжон оға.

Тўртинчи тоифа вакиллари Ўзбекистон расмий телеканалларида берилган мамлакат Бош прокуратурасининг баёноти орқали воқеадан хабардорлар.

- 27 май куни “Давр”дами¸ “Ахборот”дами “26 май куни Андижонда портлаш бўлди”, деб айтиб ўтди. Бундан бошқа маълумот беришмади, дейди қашқадарёлик аёл.

Тошкент вилоятида яшовчи ўқитувчи Улуғбек Усмонов ҳам воқеалардан Ўзбекистон телеканаллари орқали хабар топган.

- Ўзбекистон телевидениесидан эшитдик. Ахборотда айтди, шекилли. Лекин жуда қисқа маълумот беришди. “Худкушлик амалиëти бўлди. Бир одам ўзини портлатди. Бир неча милиционер ҳалок бўлган”, деган ахборот бўлди. Кенг ëритилгани йўқ, дейди Улуғбек Усмонов.

Ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова Андижон ва Хонободдаги воқеалар юзасидан Ўзбекистонда ахборот бўшлиғининг юзага келишини шундай изоҳлайди.

- Ўзбекистонда бўлган бирорта воқеани матбуотимиз ëритганини мен эслай олмайман. Куни кеча Хонобод ва Андижондаги воқеалар худди шундай ҳолатга олиб келинди. “Аслида нима бўлган экан?” деб яна тахмин қилиш керак, фол очиш керак. Чунки матбуотимизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақатгина Бош прокуратура берган баëнот бор, холос.

Агар бу воқеанинг яширадиган жойи йўқ бўлса¸ исломий экстремистлар қилган бўлса, нима учун очиқ айтмайди? Ëритадиган нарсанинг ўзи йўқ, менимча. Айнан очиқ бўлиши керак бўлган жойлар ëпиқ ушланади.

Мен бундан ҳукуматнинг бугун бизга бераëтган версияси нотўғри, деган хулосага келаман, дейди Дилором Исҳоқова.

Маълум бўлишича, маҳаллий телеканаллар ва ҳукуматга қарашли газеталарнинг барчасида Андижон ва Хонободда содир бўлган воқеалар юзасидан фақат Ўзбекистон Бош прокуратурасининг баёноти берилган, холос.

Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи ЎзА ва Жаҳон ахборот агентликлари, ўзбек расмийларига хайрихоҳ бўлган pressuz.info, gazeta.uz сингари интернет нашрларида ҳам шу баёнотдан ташқари воқеа юзасидан бошқа бирорта маълумот учрамайди.
XS
SM
MD
LG