Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

"Манзилим боғ ичрадир, саҳрога ошиқ бўлмишам"


“Ошиқ бўлмишам” марҳум санъаткор Комилжон Отаниëзовнинг эл оғзига тушган машҳур қўшиқларидан бири эди.
“Ошиқ бўлмишам” марҳум санъаткор Комилжон Отаниëзовнинг эл оғзига тушган машҳур қўшиқларидан бири эди.

Таниш қўшиқлар саҳифасининг бугунги сони “Ошиқ бўлмишам” қўшиғига бағишланди. Махтумқулининг 1750 йилда ëзган ғазали 1969 йилда илк бора ўзбек ҳофизи Комилжон Отаниëзов тарафидан ижро қилинди.

Аввалига тўю томошаларда айтилган бу қўшиқ “Комилжон Отаниëзов куйлайди” деган фильмдан ўрин олгач¸ халқ орасида машҳур бўлди.

Комилжон Отаниëзов билан бирга ишлаган санъаткор Гавҳар Матëқубова эслайди.

Гавҳар Матëқубова: "Ошиқ бўлмишам" ашуласи аслида достон куйида айтилган. Махтумқули ғазали бу.

Озодлик: Комилжон ака бу қўшиқни биринчи марта қачон ижро этган?

Гавҳар Матëқубова: Менимча¸ ўзининг 50 йиллигида айтган бўлса керак.

Озодлик: Нечанчи йилда?

Гавҳар Матëқубова: 1967 йилда. Ўша йили Комилжон ака 50 ëшга кирди. Ўша пайтда Худойберган Девонов кинотеатрининг биринчи очилиши эди.

Мен 1963 йилдан 1975 йилгача Комилжон Отаниëзовнинг раққосаси бўлиб ишлаганман. Тўйларда¸ концертларда у киши била бирга қатнашар эдим.

Мен санъатга илк қадамимни Комилжон аканинг ансамблида ташлаганман. Бу шеърнинг маъноси ҳақида энди шоирлар гапириб беришар.

Гавҳар Матëқубова ëшлигида "Комилжон Отаниëзовнинг раққосаси" сифатида шуҳрат топди.
Озодлик: Комилжон ака нимага бу қўшиқни танлади? Бу анча узун¸ айтиш мумкинки¸ диний қўшиқ.

Гавҳар Матëқубова: Қаранг¸ мумтоз ашулалар бор¸ шўх ашулалар бор¸ севги ҳақидаги ашулалар бор¸ насиҳат ашулалар бор. Фильм ишланган пайтда¸ режиссëрлар ҳар бир ашуланинг ўзига хос қиррасини танлаган ҳолда ишлашган.

Биласизми¸ устоз сувораларни¸ мақомларни яхши айтган. У пайтлар энди мақом ва суворалар сал четга сурилган пайтлар эди. Бу куй шунинг учун танланган бўлса керак. Бу мумтоз куй. Ҳам мақомга ўтади¸ ҳам суворага ўтади.

Озодлик: Комилжон ака бу қўшиқни тор жўрлигида жонли ижро қилган-а?

- У пайтларда жонли ижро бўлган. Бу фильм 1969 йилда апрел ойида¸ тутлар ва ўриклар гуллаб турган пайтда суратга олинган. Жонли ижро бўлганини фильмни кўрсангиз ҳам биласиз¸ дейди Гавҳар Матëқубова.

Гавҳар Матëқубованинг айтишича¸ ўтган асрнинг 60- йилларида бир маҳаллада бир ë икки уйда телевизор бўлган. “Комилжон Отанëзов куйлайди” деган фильм намойиш қилинган куни бу уйларга одам сиғмай кетар эди.

Ëғоч қути ичидаги жимитдаккина кўкимтир ойнакда бошига дўппи кийган¸ саловатли бир ҳофизнинг тут тагидаги сўри устида қўлида тор олиб қўшиқ айтаëтгани акс этади.

Ўзи ғойиб¸ зулфлари ялдога ошиқ бўлмишам
Манзилим боғ ичрадир саҳрога ошиқ бўлмишам.


Комилжон Отаниëзов ижросидаги бу қўшиқни халқ қайта-қайта талаб қилиб эшитар эди¸ деб эслайди таниқли ашулачи Олмахон Ҳайитова.

- Халқимиз бу ашулани жуда кўп талаб қилар эди. Устоз Комилжон ака уч-тўрт марталаб такрорлаб айтиб берар эди. Ҳаëтдаги яхшилик¸ ëмонликлар¸ қийинчиликларни олиб ëзганда бу шоир¸ дейди Олмахон Ҳайитова.

Эй ëронлар бир юзи гул¸ ойга ошиқ бўлмишам¸
Барчалар мақсуди гул раънога ошиқ бўлмишам.


Олмахон Ҳайитовага кўра¸ бу сатрлар Оллоҳга ишқ муножотидир.

- Бу ашула Оллоҳга ошиқ бўлиб ëзилган нарса. Бу бировни севиб¸ яхши кўриб ëзилган нарса эмас. Буни шоирлар Оллоҳга ошиқ бўлиб ëзган¸ дейди Олмахон Ҳайитова.

Филолог олим¸ филология фанлари номзоди Абдувоҳид Ҳайитовга кўра¸ Махтумқулининг “Ошиқ бўлмишам” ғазали сўфий шеъриятининг ëрқин намунасидир.

- Бизга маълумки¸ Махтумқули Яссавия тариқатининг кейинги вакилларидан бири эди. У биринчи навбатда, катта сўфий шоир. Махтумқули ўз шеъриятида фойдаланган барча истилоҳлар бу тасаввуф истилоҳлари¸ дейди Абдувоҳид Ҳайит.

Оллоҳ севгиси зикр қилинган қўшиқ қандай қилиб советлар замонида тарғиб қилингани ҳақида Гавҳар Матëқубова эслайди.

Гавҳар Матëқубова: Балки Махтумқули буюк шоир бўлгани учун эътибор беришмагандир. У пайтда цензура жуда кучли эди. Яна билмадим.

Энди бу ашулани мана диний деяпмиз. У пайтда Комилжон ака намоз ўқир эди. У ақидаларни қаттиқ тутиб¸ одамларни тўғри йўлга бошлар эди.

Унинг уйида шарқона ҳаëт бўлар эди. Мен Комилжон аканинг Муҳаббат исмли қизи билан бирга ўқиганман. Қизи уйида лозимлар кийиб¸ бошларига рўмол ўраб юрар эди.

Озодлик: Комилжон Отаниëзов нима учун ўз репертуарида кўпроқ Махтумқулига мурожаат қилган?

Гавҳар Матëқубова: Махтумқули энди буюк шоир. Махтумқулининг шеърлари халқчил.

Комилжон ака бир Махтумқулига эмас¸ Навоийга¸ Огаҳийга ҳам мурожаат этган. Махтумқулининг шеърлари энди кўпроқ насиҳат. Насиҳат энди ëшу қарига бирдай керак.

Ҳозир ҳам Махтумқулининг шеърларини қўшиқ қилиб айтишади. Махтумқулининг шеърларини қўшиқ қилиб шу пайтгача айтишди¸ ҳозир ҳам айтишаяпти¸ бундан кейин ҳам айтишади.

Озодлик: Бу шеър етти тўртликдан иборат экан. Қўшиқ узунлиги 14 минутларга боради. Узун қўшиқни халқ қандай қабул қилган? Ҳозирги қўшиқлар тўрт минутдан ошмаяпти.

Гавҳар Матëқубова: Ҳозир эстрада¸ рок¸ опера ривожланди. У даврда бу йўналишлар ривожлангаман эдику. У пайтда фақат жонли ижро қилингани учун ҳам фақат юқори овозда ижро қиладиганларни халқ қабул қилган.

Озодлик: Айтадир Махтумқули¸ мен бунда кона учрадим¸
Сайр этиб бордим фалакдин ломакона учрадим.


Ҳозирги ижрочилар “уврадим” деган сўзни “учрадим” деб ишлатаяпти. Қанақа ижро қилингани маъқул?

- Уврадим деган сўз туркманча¸ учрадим дегани эса ўзбекча. Комилжон ака туркманча айтган.

Комилжон акага 1967 йилда Туркманистон халқ артисти унвoни берилгандан кейин Туркманистон раҳбарлари Комилжон акани “Туркманистонда яшаëтган ўзбеклар учун ансамбл тузиб беринг” деб чақирдилар.

Кейин Комилжон ака Тошҳовуз шаҳрида ўзбек ансамбли тузди. Ўша пайтда Махтумқулига кўп мурожаат қилган бўлса керакда. У пайтда бизлар ëш қиз эдик.

Комилжон ака учта миллатнинг (қорақалпоқ¸ туркман¸ ўзбек) халқ артисти бўлганидан кейи учта миллатни ҳам ўз ашуласи билан тўйдириши керакку.

У кишининг Уллубиби Бобожонова билан айтган айтишуви бор. Ўша айтишувни ва “Ошиқ бўлмишам” қўшиғини биринчи марта 1967 йилда ижро қилди¸ дейди Гавҳар Матëқубова.

Асли самарқандлик ҳофиз Баҳром Эгамбердиев Комилжон Отаниëзов қўшиқларини айтиб элга танилди.

Баҳромбек тирикчилик боис торини қўйиб, шу кунларда олис Канадада юк машинаси ҳайдаб шаҳарма шаҳар қатнайди.

Машина ичидаги радиоладан таниш қўшиқ янграмоқда.

Чун фалак солди бизни¸ ул кун фано тупроғина¸
Тушди сайрим доимо¸ Макка Мадина доғина¸
Булбул ўлдум сайрадим¸ кирдим Эрамнинг боғина¸
Пойи банд ўлдим у кун¸ ғам элин туссоғина¸
Юз бало меҳнатли бир¸ савдога ошиқ бўлмишам.


Ғурбат элларда фарзанд доғига дучор бўлган ҳофиз бу қўшиқни кўзда ëш билан айтади.

"Ошиқ бўлмишам" қўшиғи Баҳром Эгамбердиев ижросида www.you.tube.com сайти орқали ўз янги мухлисларини топмоқда.
Баҳром Эгамбердиев Комилжон Отаниëзов изидан бориб бу қўшиқни куйлаганида¸ ғазалдаги “Оҳи кўп¸ афғони кўп” сатрларининг залворини бир куни бошқача ҳис қилажагини ўйлаганмиди?

Отасининг қўшиқларини интернетга меҳр билан илиб қўйган қизнинг вафоти ҳофиз ичини дардга тўлдирди.

- Фарзанд доғини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин¸ деб бекорга айтишмаган экан¸ дейди чуқур қайғуга ботган Баҳром Эгамбердиев.

Эшитганимиз “Ошиқ бўлмишам” қўшиғини асли самарқандлик ҳофиз¸ ҳозир Канадада ҳайдовчилик қилаëтган Баҳром Эгамбердиев ижро қилган.

Бир ғариб ошиқ мен ҳам¸ ëр сани сандан истарам
Кечаю кундуз билинг¸ ҳув ҳаë ошиқ бўлмишам.

Абдувоҳид Ҳайитов назарида ëрни ëрдан излаш ғазалнинг бош нуқтасидир.

Абдувоҳид Ҳайит: Ëр сани сандан истарам. Кўриниб турибдики¸ мана шу ифода сўфий шоирларда жуда кўп қайтарилади. Худди мана шу жойда илоҳий мазмун юзага қалқиб чиқади. Бунақа ифодани жуда кўп шоирлардан келтириш мумкин.

Озодлик: Манзилим боғ ичрадир¸ саҳрога ошиқ бўлмишам¸ нима дегани?

- Саҳро бу тасаввуф истилоҳи. Саҳро бу ишқ ҳижрон водийси. Бу ошиқнинг ëрда интилиш жараëнида ҳижрон водийсида кечирадиган руҳияти ифодаланиши учун қўлланиладиган рамз¸ дейди Абдувоҳид Ҳайит.

"Ошиқ бўлмишам" қўшиғи ижро қилинган “Комилжон Отаниëзов куйлайди” фильмининг якунида “Инсон умри пойиндор, қўшиқ умри поëнсиз” деган бир сўз айтилади.

Бу Комилжон Отаниëзов ижро қилган¸ бугун эса шогирдлар давом эттираëтган қўшиққа тааллуқлидир¸ дейди Гавҳар Матëқубова.

- Буни шогирдларига нисбатан ҳам¸ Комилжон аканинг ўзига нисбатан ҳам айтса бўлади. Мен ўйлайман¸ устоз дунëдан ўтишларини сезганмикан дейман.

1969 йилда шу фильм суратга олингач¸ орадан икки ой ўтиб устознинг ўнг қўли ишламай қолди. Кейин 1975 йилда оламдан ўтдилар.

Шеър худди устознинг ўзи учун ëзилгандайда. Менинг ҳозир шу фильмни ишлаëтган вақтларимиз эсимга тушиб¸ йиғлагим келиб кетди¸ дейди Гавҳар Матëқубова.

Эй ëронлар¸ бир юзи гул¸ ойга ошиқ бўлмишам¸
Барчалар мақсуди гул раънога ошиқ бўлмишам¸
Булбулам боғ ичра¸ бир ғавғога ошиқ бўлмишам¸
Ўзи ғойиб¸ зулфлари ялдога ошиқ бўлмишам¸
Манзилим боғ ичрадир¸ саҳрога ошиқ бўлмишам.

Чун фалак солди бизни¸ ул кун фано тупроғина¸
Тушди сайрим доимо¸ Макка Мадина доғина¸
Булбул ўлдум сайрадим¸ кирдим Эрамнинг боғина¸
Пойи банд ўлдим у кун¸ ғам элин туссоғина¸
Юз бало меҳнатли бир¸ савдога ошиқ бўлмишам.

Кўнглим ичра ëр ғамидин манзилим саҳрода¸ ҳей¸
Тортишим ғам-ғуссадир¸ ўхшадим Фарҳодга¸ ҳей¸
Солди ишқинг дилбара¸ жону жигарим ўтга¸ ҳей¸
Водариғо¸ кечди умрим¸ зое бердим бода¸ ҳей¸
Оҳи кўп¸ афғони кўп¸ бир кўя ошиқ бўлмишам.

Билмадим¸ на баҳри ердир¸ на муаззам тоғдир¸
Олди кўнглим¸ кетди ақлим¸ тан мудом нечоғидир¸
Нисбат этмак бўлмас они¸ қумри¸ булбул зоғидир¸
Элғараз ҳар зулфина¸ етмиш минг эл туссоғидир¸
Қадди-қомати баланд¸ зебога ошиқ бўлмишам.

Дўст ҳавойи васлина мен мунча чандон истарам¸
Доми зулфинг қаддина ўзимни зиндон истарам¸
Дема ғамдин бир замон кўнглимни хандон истарам¸
Бир ғариб ошиқ мен ҳам¸ ëр сани сандан истарам¸
Кечаю кундуз билинг¸ ҳув ҳаë ошиқ бўлмишам.

Истамас ëрим мени¸ ул ëра зорим йўқ манинг¸
Қолмишам ҳайрон ўлуб¸ ғайри нигорим йўқ манинг¸
Олди жоним ишқинг ўти¸ ихтиëрим йўқ манинг¸
Келса ақлимни олар¸ кетса қарорим йўқ манинг¸
Киприги оқ¸ қошлари ол¸ ойга ошиқ бўлмишам.

Айтадир Махтумқули¸ мен бунда кона учрадим¸
Сайр этиб бордим¸ фалакдин ломакона учрадим¸
Чун мани расво қилибдур¸ ишқи кона учрадим¸
Етмиш икки шаҳр ила минг бир дуконо учрадим¸
Шунча саргардон сабилу зоя ошиқ бўлмишам.
XS
SM
MD
LG