Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

Тазйиқлар кучайди


Миробод ички ишлар бўлими ходимлари алъянсчилардан¸ ўз фаолиятини тўхтатиш ва пикетга чиқмаслик ҳақда тилхат ëзиб беришни талаб қилган.
Миробод ички ишлар бўлими ходимлари алъянсчилардан¸ ўз фаолиятини тўхтатиш ва пикетга чиқмаслик ҳақда тилхат ëзиб беришни талаб қилган.

Андижон ва Хонободда содир бўлган воқеалардан кейин Ўзбекистонда милиция ходимлари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш янада кучайди. Бу ҳолат пойтахт Тошкентда айниқса кўзга ташланмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг Озодликка маълум қилишича, 29 май куни эрталаб алянс фаоли Фарҳод Мухторов милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

- Бизга нисбатан репрессия давом этаяпти. Бугун эрталаб Фарҳод Мухторовни ҳибсга олишди. Ҳибсга олиш пайтида Фарҳод менга қўнғироқ қилишга улгурди. Уни шаҳарнинг Яккасарой тумани ҳудудида ушлаб олиб кетишган. Биз ҳозиргача унинг қаерда эканлигини билолмаяпмиз, деди Елена Урлаева.

27 май куни эрталаб Елена Урлаеванинг ўзи ҳам ҳибсга олиниб, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман ИИБда кечгача ушлаб турилганди.

Урлаеванинг айтишича, милиция ходимлари ундан ҳуқуқ ҳимояси билан маълум муддат шуғулланмаслик юзасидан тилхат олганларидан сўнг уйига кетишга рухсат беришган.

- Мирзо Улуғбек туман ИИБнинг терроризмга қарши кураш бўлими раҳбари майор Илёс Мустафаев мени тилхат ёзишга мажбур қилди. Тилхатда улар 10 июнга қадар ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланмаслигим борасида ёзишимни талаб қилишди. Шунингдек, тилхатда ҳеч қандай пикет ўтказмаслик ва ҳуқуқ фаоллари билан учрашмаслик борасида ҳам ёзишимни сўрашди.

Мен тилхатни улар айтгандай қилиб ёзишга мажбур бўлдим. Улар тилхатни ёзмасам, қўйиб юбормасликларини айтишди. Мен яқинда номаълум шахслар томонидан калтакланган ўғлимни даволатаётганим сабабли уларнинг талабини бажаришга мажбур бўлдим, деди Елена Урлаева.

Шу тариқа Елена Урлаева милиция ходимлари томонидан “мажбурий таътилга жўнатилган”.

Бироқ милиция ходимлари Елена Урлаевага нима сабабдан айнан 10 июнга қадар ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолиятини тўхтатиш лозимлигини изоҳлашмаган.

Маълумки, 27 май куни Елена Урлаевадан ташқари Саломат Бойматова билан Элнур Абдуловлар ҳам ҳибсга олинганди.

Саломат Бойматованинг айтишича, ўша куни улар махсус хизмат ходимлари томонидан ушланган.

- Мен, Елена Урлаева ва Элнур Абдулов 27 май куни эрталаб соат 08.30 да собиқ ЦУМ ëнида учрашиб, БМТнинг биносига бормоқчи эдик. ЦУМ автобекатидан энди ўнгга бурилиб, ҳеч қанча юрмасимиздан Ўзбекистон махсус хизмати ходими келиб, Элнурга “тўхта” деди. Элнур: “Сиз кимсиз? Ўзингизни таништиринг” деб улгурмасидан махсус хизматларда ишлайдиган Бахтиëр дегани машинадан тушди ва иккаласи Элнурга ëпишди. Улар Элнурни куч билан машинага судрашди.

Мен уларни танийман. Улар махсус хизматларда ишлашади ва доим бизни кузатиб юришади, деди Саломат Бойматова.

Ўша куни Саломат Бойматовани Ҳамза туман ИИБга олиб бориб сўроқ қилишиб, кечга яқин қўйиб юборишган.

Юнусобод туман ИИБга олиб кетилган Элнур Абдуловга ҳам ўша куни кечга яқин рухсат берилган.

Лекин Елена Урлаевага кўра, ҳибсга олиш чоғида Элнур милиция ходимлари томонидан шафқатсиз калтаклангани боис ҳозирда унинг соғлиги ёмонлашган.

- Элнурни жуда қаттиқ калтаклашган. Элнур милиция бўлимидан чиққанидан кейин у билан биргаликда Тошкентдаги ортопедия ва травматология институтига бордик. У ерда Элнурнинг баданида тан жароҳат борлигини аниқлашди. Унга тиббий ёрдам кўрсатишди ва ҳозирда у даволанаяпти, деди Елена Урлаева.

Озодликка маълум бўлишича, кейинги кунларда яна бир қанча ҳуқуқ фаолига нисбатан тазйиқлар кучайган. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳолатни Андижон ва Хонободда юз берган воқеалар билан боғлашади.

Саломат Бойматовага кўра, милиция ходимлари ҳам айнан Андижондаги сўнгги воқеалардан кейин ҳуқуқ фаолларига нисбатан назорат кучайганини тан олишган.

- Ҳамза туман ИИБда Анвар Собитов деган милиция ходими мени сўроқ қилди. У: “Келинойи, кўрмайсизми, мана ҳозир Андижонда нотинчлик бўлиб турибди. Шунақа пайтда сизлар бунақа қилиб юрибсизлар”, деди. Мени “пикетларга чиқманг” деб, кейин қўйиб юборишди, деди Саломат Бойматова.

Биз Тошкент шаҳридаги бир қанча милиция бўлимларига қўнғироқ қилиб 29 май куни ҳибсга олинган Фарҳод Мухторов тақдири билан қизиқдик.

Бироқ бу сафар милиция бўлимларидан ҳуқуқ фаоли ҳақида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG