Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:39

Хабарсизлик ваҳимани кучайтираяпти


Андижон ва Хонободда содир бўлган воқеалар юзасидан Ўзбекистонда юзага келган информацион вакуум аҳоли орасида турли миш-мишлар урчишига сабаб бўлаяпти.
Андижон ва Хонободда содир бўлган воқеалар юзасидан Ўзбекистонда юзага келган информацион вакуум аҳоли орасида турли миш-мишлар урчишига сабаб бўлаяпти.

“Андижон вилоятида содир бўлган воқеалар устидан тортилган парда – Ўзбекистон ҳукуматининг ҳалокатли сиёсати”. Ўзбекистондаги ҳозиржавоб гуруҳ 26 кунги воқеалар юзасидан ана шундан хулосага келди.

Ўзбекистон тезкор ҳаракат гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг Озодликка айтишича, 26 май куни Андижон вилоятида содир бўлган воқеаларнинг барча тафсилотлари расмийлар томонидан сир сақланаётгани аҳоли ўртасида ҳар хил миш-мишларни ва ваҳимани пайдо қилмоқда:

- Ҳукумат 2005 йилги Андижон воқеаларида¸ ўтган йилги Когон портлашларида қандай йўл тутган бўлса¸ бу сафар ҳам худди шундай йўл тутаяпти.

Бунинг натижасида хавфсизликни таъминлаш мақсади тескари натижа бераяпти ва одамлар ўртасида ваҳима¸ воқеаларни билмаслик¸ чорасизлик ҳиссиëти¸ турли хил миш-мишлар кўпайиб кетаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Унга кўра, мазкур воқеалар бўйича Ҳозиржавоб гуруҳ ўтказган мустақил тадқиқот ва ҳукумат берган хабарлар орасида катта фарқ бор.

Жумладан, Ўзбекистон Бош прокуратураси берган маълумотда Андижон шаҳрида бир нафар худкуш шахс ўзини портлатгани айтилади. Бироқ, Ҳозиржавоб гуруҳнинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, ўша куни Андижонда икки нафар худкуш шахс ўзини портлатган.
"Хўш, бу янги хабарни берган манбалар ишончлими?" сўраймиз Суҳроб Исмоиловдан.

- Ҳа¸ биз буни ўша воқеалар бўлган кунлари Андижон шаҳрида бўлган кишилардан эшитдик. Улар маълум сабабларга кўра¸ ўз исмларини очиқлашни исташмади. Улар Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тарқатилган хабарга озгина қўшимча қилишди.

Андижондаги манбанинг таъкидлашича¸ ўзларини Андижон шаҳрининг Фитрат кўчасида портлатганларнинг бири эркак киши бўлган¸ бири аëл киши бўлган. Буни бошқа манбалар орқали текшириб кўриш имконияти ҳозирча бизда бўлмади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Биз бу хабарга аниқлик киритиш учун яна Андижонга қўнғироқ қилдик. Ўз исмини очиқлашни истамаган бу ўқитувчи ҳам 26 май куни Андижонда иккита портлаш бўлганини айтади:

- Ëғ заводнинг ëнида бўлди.

Озодлик: Ўзларини портлатганларми?

- Ҳа.

Озодлик: Улар неча киши экан? Бир кишими, икки кишими?

- Иккита экан. Костюм кийиб олган экан. Ўшандан шубҳа қилишибди шекилли. Битта ДАН ходимини қучоқлаб олибди. Учта милиция иккинчисини қувлаган экан. "Яқинлашма" деб, у ҳам ўзини портлатиб юборибди.

Ўлганнинг калласини олиб бориб текширишса¸ 20 кундан бери калласи ювилмаган экан. ДАН ходимини аëл киши қучоқлаб олибди, деб эшитган эдик¸ дейди ўз исмини очиқлашни истамаган ўқитувчи.

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Андижон ва Хонобод воқеаларининг етарли миқдорда очиқланмаётганлиги, воқеа содир бўлмаган жойларда ҳам хавфсизлик чораларининг ўта равишда кучайтирилиши, аҳолининг хавотирланишига ва норозилигига сабаб бўлаяпти:

- Жойлардан олаëтган хабарларимизга кўра¸ саллани олиб кел деса¸ каллани олиб келаëтган ҳолатлар бор.

Масалан, Тошкент шаҳрида 25 май куни халқ тўпланиши мумкин бўлган барча жамоат жойлари милиция кучлари ëрдамида ëпилди. Жуда катта милиция нарядлари ташланди.

Баъзи жойларда қаршилик қилган ëки тушунтириш талаб қилган фуқароларга куч ишлатиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Ëки Фарғона шаҳрининг кўп жойларида ҳуқуқ-тартибот органлари ўзлари хоҳлаган пайтда маҳаллий аҳолини огоҳлантирмасдан кўчаларни ëпиб қўйиши¸ одамларга уйларидан чиқишни ëки уйига бирор жойдан қайтаëтган бўлса¸ уйларига қайтишни маън қилиш ҳолатлари кузатилган.

Биздаги маълумотлар бўйича "мана шу ерга бомба қўйилган¸ бомба портлаши керак" қабилидаги ишлар ҳеч қандай режасиз ва огоҳлантиришсиз ўтказилаяпти. Бу жойларда одамларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳозиржавоб гуруҳ тарқатган хабарга кўра, 25 май куни Фарғона шаҳар бозорида 200 дан ортиқ ёшлар тўполон уюштирганлар:

- Фарғонада 25 май куни 200 нафардан ортиқ 9-синф битирувчилари ўша ердаги маҳаллий бозорни ағдар-тўнтар қилиб¸ бозордаги савдогарларга ва дўконларга ҳужум қилишган.

Мана шу ҳужум пайтида “қасос¸ қасос” деган сўзлар янграган. Бунга ҳеч қанақа ҳуқуқ-тартибот органлари қўрққанларидан аралаша олишмади.

Мана шунақа стихияли вазиятлар келиб чиқмаслиги учун ҳукумат фавқулодда ҳолатларда иложи борича маълумотларни очиқлаши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Фарғоналик Ҳасанжон ака эса бу тўполон ёшларнинг ўзлари орасидаги жанжал эканлигини айтади:

- Биз ўша ерда эдик. Мактаб болаларининг жанжали эди. Шунақа бақир-чақирлар бўлаяпти-да. Бир-иккита магазинларнинг ойналарини синдиришибди. Арзимаган нарса¸ дейди Ҳасанжон ака.

Ҳозиржавоб гуруҳ Андижон ва Хонободда содир бўлган воқеалар хусусида ҳукмат сир тутган бошқа воқеалардан ҳам хабардорлиги, улар тасдиқлангандан кейингина бу ҳақда маълумот беришини билдирган.
XS
SM
MD
LG