Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:26

Президентларга илтифот


Сапармурод Ниëзов ўлиб¸ Қурбонқули Бердимуҳамедов туркманбошиликка келгач¸ туркман гиламларини энди янги подшоҳ акси безашга ўтди.
Сапармурод Ниëзов ўлиб¸ Қурбонқули Бердимуҳамедов туркманбошиликка келгач¸ туркман гиламларини энди янги подшоҳ акси безашга ўтди.

"Подшоҳ Оллоҳнинг ердаги соясидир" деган тушунча асрлар давомида қон-қонига сингдирилган Марказий Осиë халқлари бугун бу эски ақидага садоқатни янгича шаклда намойиш қилмоқдалар.

Марказий осиёликлар ўз президентлари расмларини йўл четидаги баннерларда, ўқув юртлари йўлаклари ва офислар деворларида кўришга ўрганиб қолганлар.

Қозоғистонда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг улкан ҳайкали ўрнатишга тараддуд кўрилаётган бўлса, тожикистонлик расмийлар мамлакат президенти Имомали Раҳмонга “жаноби олийлари”, дея мурожаат қилишга одатланганлар.

Хўш¸ президент шахсига сиғиниш Марказий Осиёда сиёсий маданиятнинг ажралмас қисмига айландими?

31 май куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Туркман гилами куни нишонланди. Ҳар йили ўтказиладиган бу байрамда мамлакатнинг турли бурчакларидан келтирилган қўлда тўқилган анъанавий туркман гиламлари намойиш этилди. Бу йил намойиш қилинган гиламларнинг ичида энг катта ва энг чиройлиси президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов портрети туширилган гилам бўлди.

Президент шахсига сиғиниш туркманлар учун янги ҳодиса эмас. Боиси мамлакат собиқ президенти Сапармурод Ниёзов-Туркманбоши ўз шахсига сиғинишни ўзи рағбатлантириб келган эди.Ҳокимиятга Бердимухамедов келгач, бу масаладага аҳвол ҳеч ўзгаришсиз қолаверди.

Туркманистон матбуоти ҳам доимий тарзда Бердимуҳаммедов расмларини чоп этиб келади. Бундан ташқари мамлакатдаги автобуслар, троллейбус ва ҳаттоки юк машиналари олд ойналарига давлат раҳбари портрети жойлаштирилган.

Давлат раҳбарларига бундай илтифот кўрсатиш Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам анъанага айланган.

Минтақа бўйлаб, давлат назорати остида бўлган телеканаллар ҳам ўз ахборот дастурларини асосан президент сафари, сўнгги учрашувлар ёки бирон бир мажлисда қилган нутқи билан бошлайдилар.

Президентлар нутқларидан иқтибос келтирилган туширилган плакатларни эса шифохоналар, маъмурий бинолар, мактаблар, қишлоқ йиғинлари,-ҳуллас деярли барча жойда кўриш мумкин. Президент портретларини ҳам барча идораларда кўриш мумкин.

Остоналикларнинг таъкидича, улар президент Нурсултон Назарбоевнинг шаҳарнинг турли бурчакларидан қараб турганини ҳис қиладилар.

Озодлик радиосининг Остонадаги мухбирига кўра, Назарбоев портрети ёки унинг нутқи ва китобларидан келтирилган иқтибосни пойтахтдаги баннерларнинг деярли ҳар иккинчисида кўриш мумкин.

Назарбоевнинг исми эса Қозоғистонда катта брэндга айланиб, банклар, корхона ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ўз номига “Нур” олд қўшимчасини қўйишга киришди. Мисол учун Нур-гул кафеси, Нур-Баса, Нур-Дорфон компанияси ва ҳоказо. Фарғона.ру агентлигининг ëзишича¸ шу кунда мамлакатда қарийб 2000 га яқин тадбиркор Нур қўшимчасидан фойдаланмоқда.

Яқинда эса бир гуруҳ давлат амалдорлари Остонадаги халқаро аэропортга Нурсултон Назарбоев номини беришни таклиф қилди.
Қозоқ хонлиги, дея аталадиган хусусий жамғарма келаси йил Назарбоевнинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан, қиймати 330 минг АҚШ долларига тенг президент ҳайкалини барпо қилишни режалаётганини эълон қилди.

Ҳаддан ташқари илтифот кўриш Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг жонига теккан кўринади. Расмийлар томонидан “жаноби олийлари”, дея тилга олинадиган Имомали Раҳмон яқинда ўз тобеинларига барча идоралардан ўз портретларини олиб ташлаш тўғрисида топшириқ берди.

Президент топшириғини адо этишга киришган ҳукумат расмийлари саноқли кунлар ичида пойтахт Душанбени Имомали Раҳмон расми туширилган баннерлардан тозалаб ташлади.

Тожикистонлик журналист Кироншоҳ Шариф ўз навбатида президент расмлари тез орада яна эски жойига қайтишини таъкидлайди.

- Тожикистон президенти бу масалага биринчи маротаба тўхталгани йўқ. Ўтмишда ҳам у расман халққа мурожаат қилиб, президент исми, портрети ва унинг сўзларини суистеъмол қилмасликка чақирган. Келаси беш йил ичида президентнинг сўнгги топшириғи ҳам эсдан чиқади, деб қўрқаман, дейди тожикистонлик журналист.

Ўзбекистонда эса президент Ислом Каримов ёзувчилик амбициялари билан танилган ва унинг қаламига мансуб китоблар қарийб 30 миллионга яқин нусхада чоп этилган.

Президент китоблари талаба ва профессорлар учун ўқиш шарт бўлган дарслик ҳисобланади. Оддий халқ орасида эса бу асарлар, ўқилмайдиган китоблар, сифатида танилган.

Жуғрофий жиҳатдан Марказий Осиëдан олисроқда бўлса-да¸ Озарбайжонда ҳам шахсга сиғиниш айни кўринишга эга. Туркманистондаги каби Озарбайжонда ҳам¸ Ҳайдар Алиев тириклигида унинг¸ бугунда эса¸ у ўз жойига қолдирган ворис Илҳом Алиев суратини гиламга кўчириш урф бўлиб бормоқда.

Бир метр квадрати 1000 АҚШ долларидан қимматроқ бўлган бундай урфга қўшилаëтганлар сони эса¸ озарий иқтисодининг ëмонлашиб бораëтганига қарамай¸ ошгандан ошиб бормоқда.

Алиевга муҳаббат рамзи
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

XS
SM
MD
LG