Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Ўлганга орден, қирғизларга фоторобот


Ислом Каримов фармонига кўра¸ Андижондаги милиционерлар ўз жасорати учун тақдирланди.
Ислом Каримов фармонига кўра¸ Андижондаги милиционерлар ўз жасорати учун тақдирланди.

Бразилиядан қайтиб келиши билан Андижонга қисқа сафар қилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 26 май кунги портлашлардан талофат кўрган милиционерларни тақдирлади.

Андижонга бориб келганидан бир кун ўтиб Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хонобод ва Андижондаги воқеалар давомида кўрсатган жасорат ва мардлиги учун тўрт нафар милиция ходимини “Шон-шараф” ордени ва “Жасорат” медали билан тақдирлаш ҳақидаги фармон имзолади.

Тақдирланганлар орасида Андижондаги портлашлар оқибатида ҳалок бўлган милиция ходими Бахтиёр Холмирзаев ҳам бор. У ўлимидан сўнг 2 даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди. Бахтиёр Холмирзаев ўлимига қадар Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида Алоҳида йўл-патрул отряди катта инспектори лавозимида ишлаб келган.

Расмий маълумотларга кўра, Бахтиёр Холмирзаев 26 май куни Андижонда юз берган портлашнинг ягона қурбонидир.

Расмийлардан фарқли¸ айрим интернет нашрлари, жумладан, Uznews.net сайти ҳам Хонобод ва Андижондаги портлашлар оқибатида тахминан 16 киши ўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Бироқ Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова бу маълумотларни инкор қилади.

Озодлик: Хонобод ва Андижондаги воқеалар натижасида 16 нафар одам ўлди деган...

Светлана Ортиқова: Йўқ¸ йўқ¸ йўқ¸ бу умуман нотўғри. Битта инсон ҳалок бўлган.

Озодлик: Жароҳатланганлар сони қанча?

- Ҳозирча уни айта олмайман. Ҳозирча¸ кечирасиз-у¸ Бош прокуратура 26 май куни эълон қилган баёнотдаги маълумотлардан ташқари қўшимча бирор нарса айта олмайман. Негаки¸ дастлабки тергов ҳали якунлангани йўқ. Ҳозир ўша тергов жараëнига ҳам халақит берамиз, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳам халақит берамиз. Шунинг учун ҳозирча ҳеч қанақа изоҳ қўшимча қила олмайман¸ деди республика Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 26 май куни ёйинлаган баёнотида “босқинчилар гуруҳнинг Андижон вилояти ҳудудига қўшни Қирғизистондан кириб келган”и даъво қилинди.

Аммо 27 май куни Қирғизистон Чегара хизмати Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ушбу баёноти юзасидан дарҳол раддия билдирди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг 2 июн куни Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига Андижон ва Хонободдаги портлашларларни содир этган икки гумондорнинг фотороботини топширган.

- Хонободдаги воқеаларда гумон қилинаётган икки кишининг фотороботи келган. Сурат билан биргаликда келган матнда улар ҳақда қисқача маълумот ҳам бор. Бу билан шуғулланиш Ички ишлар вазирлигига қарашли қидирув хизмати бўлимлари зиммасига юклатилди.

Лекин бу босқинчиларнинг Қирғизистондан эканини англатмайди. Бизда қидирувда бўлган жиноятчиларни ушлаш бўйича қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада биз бир-биримизга ёрдамлашамиз, дейди Бақит Сейитов.

Қирғиз милициясига маълумотларига кўра, бу икки номаълум кишининг фотороботи нусхалари Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларининг барча бўлимларига тарқатилган.

Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг билдиришларича, айни пайтда республика давлат чегараси кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.

Қирғизистондаги “Воздух” ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаровга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият туфайли аҳоли орасида норозилик кучаймоқда.

- Чегаралар шунчалик маҳкамки¸ ҳатто пашша ҳам учиб ўта олмайди. Бирорта одамни ўтказмаяпти. Ҳозир Қирғизистон томон ҳам чегарани қаттиқ тартибда қилиб қўйди. Ўзбек чегарачилари Қирғизистон фуқаросини Ўзбекистонга ўтказмаяпти, Ўзбекистон фуқаросини ҳам чегарадан чиқармаяпти. Ҳатто чегарага яқинлаштирмаяпти ҳам.

Жиззахлик бир дўстимиз мактабни бирга битирган дўстлари билан учрашувга келиб, Пахтаободда бир кун тунаб, айланма йўл билан ўтди. Кейин яна айланма йўл билан кузатиб қўйдик. Каналдан сувда балон орқали ўтишаяпти.

Портлашни содир қилганлар бошқаю¸ лекин ҳозир бутун эл азоб чекаяпти. Ўзбекистондан минглаган одам ўтиб, Қирғизистон ҳудудида деҳқончилик ишларини қилишади. Ўзбекистонда қариндош-уруғлари борлар¸ у томонга ўтиши керак. Агар бунақа қаттиқ назорат бўладиган бўлса¸ Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида қариндошчилик алоқаларини узишга тўғри келади, дейди Азимжон Асқаров.

Айрим интернет нашрларининг хабар беришича, 31 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижонга қилган сафари чоғида вилоятдаги чегарачилар билан учрашиб, чегарадан фуқароларнинг ўтишини қатъий назорат қилиш ва имкон қадар эркин ўтиш миқдорини камайтириш бўйича кўрсатма берган.
XS
SM
MD
LG