Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:49

Қирғизлар сув беришга тайёр, лекин...


Қирғиз мутахассислари бу йил Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдори ўтган йилдагидан ҳам 500 миллион куб/метрга кам эканини айтмоқдалар.
Қирғиз мутахассислари бу йил Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдори ўтган йилдагидан ҳам 500 миллион куб/метрга кам эканини айтмоқдалар.

Минтақадаги камсувлик жараёни яна беш йил давом этишини қайд этаётган қирғизистонлик мутахассислар бу йил қўшни давлатларга сувни ўтган йилгидан ҳам камроқ бериш масаласини кўтармоқдалар.

Икки йилдан бери камсувлик туфайли энергетик бўҳрон шароитида яшаётган Қирғизистон иқтисоди оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Шу сабабдан ҳам қирғиз расмийлари бу йил электр энергияси таъминотида узилиш бўлмаслигини таъминлаш учун ҳаракат қилаяптилар.

“Қирғизистон энергетиклар ассоциацияси” раҳбари Жамол Тулўбердиевнинг айтишича, ҳукумат ўз мақсадига эришиши учун Ўзбекистон ва Қозоғистонга иложи борича камроқ сув бериши, бунинг имкони бўлмаган тақдирда эса сувни энергетик ресурсларга алмаштириши керак бўлади:

- Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдори ўтган йилгига қараганда 500 миллион куб/метрга оз. Яқин кунларда қўшни давлатларда суғориш мавсуми бошланади. Уларга сув бериш масаласига мутлақо ўз манфаатимиздан келиб чиққан ҳолда ёндошмоғимиз керак бўлади.

Яъни, сув эвазига улар бизнинг иссиқлик электр станцияларимизни газ ва мазут билан таъминлаши шарт. Акс ҳолда, энергетик бўҳрон Қирғизистон иқтисодиётини биратўла фалаж ҳолга келтириб қўяди, деди Жамол Тулўбердиев.

Қирғизистон энергетика вазирлиги расмийси Марат Чўлпўнқулов эса мамлакат яна беш йил энергетик бўҳрондан чиқа олмаслигини айтади.

- Жорий йилнинг кузигача 11 миллиард кубометр сув тўплашимиз керак. Ўтган йили бу миқдор 9 миллиард эди. 2010 йил кузига эса 13 миллиард кубометр сув тўплашимиз керак.

Агар мана шу режа амалга ошса, Қирғизистон беш йилдан кейин энергетик бўҳрондан чиқа олади, дейди Марат Чўлпўнқулов.

Расмийнинг билдиришича, бу режани бажариш учун Ўзбекистон ва Қозоғистонга деярли сув чиқармаслик керак. Иккинчидан эса Қамбарота - 1 ва Қамбарота - 2 ГЭСлари қурилишини тезлатиш лозим.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов 8 июн куни Москвада Кремл расмийлари билан учрашиб, айнан шу масалани муҳокама қилган. Учрашувлар чоғида қирғиз ГЭСлари қурилишига Россия сармояларини ётқизиш масаласи кўриб чиқилган.

Айни пайтда Москвадаги Регнум ахборот агентлигига интервью берган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-тадқиқот маркази раҳбари Виктор Духовний Қирғизистоннинг энергетик бўҳрондан чиқиш йўлида хатти-ҳаракатини “Энергетик эгоизм” сифатида баҳолаган.

- Нега Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳукуматлари трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида гидроэнергетик иншоотлар қурилишига қаршилик қилмоқдалар? Чунки бу иншоотлар ёрдамида сувни умумминтақа манфаати йўлида эмас, балки ўзи хоҳлаган тарзда - бир давлатнинг имтиёзли, иккинчи давлатнинг эса қарам эканлигини таъкидлайдиган манипуляция имконияти пайдо бўлади, дейди профессор Духовний.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов мутахассисларнинг бундай фикрларга қўшилмаслигини билдиради. У Қамбарота ГЭСи қурувчилари билан бўлган учрашуви чоғида Қирғизистон қўшни давлатларнинг сув заҳираларини мувофиқлаштириш борасидаги ҳамкорлигига қарши эмаслигини айтиб ўтди:

- Мувофиқлаштириш ҳам тенг ҳуқуқлилик асосида бўлиши лозим. Бу эса ёзда қўшни давлатларга сув чиқарган Қирғизистоннинг қиш пайтида электр энергияси етишмаслиги туфайли кўрадиган зиёнини кимдир қоплаши кераклигини англатади. Агар қўшнилар мувофиқлаштирилган тарзда сув олишни истасалар, бу ишни амалга ошириш керак, деди Игор Чудинов.

Қирғизистон бош вазири кейинги пайтларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сув-энергетика масаласида расмий Бишкекка қарши ахборот хуружи бошлангани ҳақида ҳам гапириб ўтди.

- Менимча, бу масалани газеталар ва интернетдаги хуружлар билан эмас, музокаралар орқали ҳал қилиш керак. Аслида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ, деди Игор Чудинов.

Москвадаги Регнум ахборот агентлигининг хабар беришича, расмий Тошкент ҳам Қирғизистон билан муросага боришга тайёр. Бироқ бунинг учун Ўзбекистон томони Қирғизистондан қурилаётган ГЭСлар лойиҳаларини халқаро экспертизадан ўтказишни талаб қилаётир.

Бишкекдаги 24.kg ахборот агентлиги хабарига кўра, 8 июн куни Москвада Кремл расмийлари билан учрашган Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов ўз мамлакати Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишга тайёр эканини билдирган.
XS
SM
MD
LG