Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:45

Олий Раҳнамо Аҳмадийнажод ғалабасини қувватлади


Аҳмадийнажод тарафдорлари Теҳрон кўчаларида ўз номзодлари ғалабасини нишонламоқдалар, айни пайтда президентликка яна бир номзод Мусавий тарафдорлари эса норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқдалар.
Аҳмадийнажод тарафдорлари Теҳрон кўчаларида ўз номзодлари ғалабасини нишонламоқдалар, айни пайтда президентликка яна бир номзод Мусавий тарафдорлари эса норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқдалар.

Эрон Ички ишлар вазири Содиқ Маҳсулий жума куни ўтган президентлик сайловида Аҳмадийнажод 62.6 фоиз овоз тўплаб, мамлакатдаги 10 президентлик сайловининг ғолиби бўлганини расман эълон қилди.

Эрон Ички ишлар вазири Содиқ Маҳсулийга кўра, 12 июн куни ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалаба қозонган.

Шу билан амалдаги президент Аҳмадийнажод иккинчи тўрт йиллик муддатга президент этиб сайланди.

Содиқ Маҳсулий овоз берувчиларнинг муқаддам қайд этилмаган даражада ўта фаол — 85 фоизлик иштироки билан ўтган сайлов шаффоф ва қонуний бўлганини таъкидлаб:“Шунга қарамасдан, душманларимиз провокация қилишга уринмоқда. Халқ ҳушёр бўлиши керак”, деди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Ҳаманаий расмий натижалар эълон қилиниши билан Эроннинг қонунан қайта сайланган президентини қўллаб-қувватлашга чақириб, баёнот берди.

Эрон давлат телевидениеси хабарига кўра, оятуллоҳ Ҳаманаий: “Саловчиларнинг 80 фоиздан ортиқ кўрсаткич билан сайловда иштирок этиши ва сайланган президентга 24 миллион овоз берилиши бу — мамлакат тараққиёти, миллат хавфсизлиги ва давомли шодликни кафолатлайдиган ҳақиқий байрамдир", деб таъкидлаган.

Президентлик сайловининг бу мазмундаги расмий натижаларини Аҳмадийнажодга рақиблик қилган икки ислоҳотчи номзод — Мирҳуссайн Мусавий ҳамда Маҳдий Карубий рад этмоқда.

Расмий натижаларга кўра, 33.7 фоиз овоз олди, деб топилган ва Аҳмадийнажоднинг асосий рақиби Мусавий 13 июн куни оммавий ахборот воситаларига баёнот бериб, жума кунги сайлов чоғида йўл қўйилган очиқ-ойдин қонунбузарликларга қарши курашишини айтди ҳамда: “биз бундай шарадага алданмаймиз”, деб таъкидлади.

Шунингдек, у овоз бериш чоғида йўл қўйилган қонунбузарликлар Эронда тираниянинг бунёдга келтиришидан огоҳлантириб, ўз тарафдорлари ва Аҳмадийнажод етакчилигидаги ҳукуматга мухолифларни ёлғон сайловларга қарши туришга чақирди.

Айни пайтда салкам 2 фоиз овоз тўплади, деб эълон қилинган Инқилоб поспонларининг собиқ етакчиси Маҳдий Карубий ҳам сайлов расмий натижаларини “ноқонуний ва қабул қилиб бўлмас”, деб баҳолади.

Теҳрон кўчаларида эса 13 июн куни бироз таранг кайфиятдаги осойишталик ҳукм сурди. Полиция эҳтимолий тўқнашувлар олдини олиш мақсадида Марказий Сайлов комиссияси ҳамда ҳукумат биноларани ўраб олди. Жума куни блок қилинган уяли алоқа орқали смс алоқалари шанба куни ҳам ишламади.

13 июн куни тонгда эълон қилинган сайловнинг дастлабки натижалари амалдаги президент Аҳмадийнажод тарафдорларининг шодиёнларига уланиб кетди. Улар куни билан Теҳрон кўчаларида ўз ғалабасини нишонлади.

Улар сафида бўлган теҳронлик аёл ўз қувончини шундай ифодалади:
- Биз бу кечани худди бутун бошли ҳафтани кутгандек интизор бўлиб кутдик ва Аллоҳга бу туҳфаси учун шукроналар айтаман, деди иккинчи бор президентликка сайланган Аҳмадийнажоднинг теҳронлик тарафдори.

Айни пайтда сайловнинг бундай натижасидан норози бўлган, асосан, талаба ёшлар ва амалдаги режимга муҳолиф зиёлилар ҳам Теҳрон кўчаларига йиғилди.

Эрондаги ислоҳотчи талабалар гуруҳи етакчиларидан бири Маҳдий Арабшоҳий иқтисодий бошқарувдаги камчиликлари ва сиёсий муаммолар билан мамлакатни изоляцияга олиб кирган Аҳмадийнажод қандай қилиб қайта сайланиши мумкин, деган гумонда.

- Шу пайтга қадар улар Аҳмадийнажодга 20 миллион киши овоз берганини айтди. Аммо, биз Теҳронда ўз кўзимиз билан кўрганларимиз ва бошқа шаҳарлар, ҳатто, қишлоқлардан олган маълумотларимиз бунинг аксини кўрсатмоқда, дейди Аҳмадийнажод режимига муҳолиф талабалар гуруҳи етакчиларидан бири.

Мусавий тарафдорлари кун давомида Теҳрон кўчаларида тинч норозилик намойишларини ўтказдилар. Улар “Мусавий, Мусавий”, дея овоз бериб, қўлларида: “Сайловимизни қайтиб беринг!” мазмунидаги шиорларни тутиб турдилар.

Айн пайтда мамлакат ичкарисидаги сайлов натижасидан норозилар кайфиятини қувватлаб, хориждан билдирилаётган муносабатлар ҳам янграй бошлади.

Жумладан, 1979 йилги Эрон ислом инқилобидан сўнг мамлакатда илк бор президент бўлиб сайланган ва ҳозир Францияда қувғинда яшаётган Абулҳасан Банисадр бугунги Эрон сайловларини “улкан ёлғон”, деб атади.

- Менимча, бу улкан ёлғон. Буни тушуниш мушкул эмас. Унутмагандирсиз, Гитлернинг тарғибот ишлари бўйича маслаҳатчиси Йозеф Геббелс айтган эди: “Шундай улкан ёлғон сўзлагинки, унинг ёлғонлигига ҳеч ким шубҳа қилмасин”. Ҳозирдан бошлаб, бу режим оддий одамларга сайлов ўтказишдан ҳеч бир маъни қолмаганини кўрсатмоқда, деди Эронинг собиқ илк президенти Абулҳасан Банисадр.

Таҳлилчилар амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод тузумини танқид қилиб, агар ислоҳотчи Мусавий ғалаба қозонса, Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ бўҳрон ижобий томонга ҳал этилишига ҳамда Ғарб билан алоқаларнинг ўнгланишига умид билдирган эди.

АҚШ нинг янги президенти Барак Обама эса Теҳрон билан алоқаларнинг янги босқичини бошлаш истагини билдирган.
XS
SM
MD
LG