Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:34

"Ҳаводан озодликнинг ҳиди келарди"


Бундан 20 йил бурун ўзбек зиëлиларининг олд қатлами Бирлик халқ ҳаракатига асос солишди.
Бундан 20 йил бурун ўзбек зиëлиларининг олд қатлами Бирлик халқ ҳаракатига асос солишди.

Кечаги куннинг руҳини унутган бугунги воқеликка баҳо беролмайди, эртагалик кунини тасаввур қилолмайди. Янги, йўли узун дастуримизнинг бугунги сони ўша руҳ ҳақида, 20 йил муқаддам - 1989 йилда Ўзбекистонда ҳукм сурган руҳ ҳақидадир.

1989 йил 28 май куни мамлакатнинг энг янги тарихидаги илк демократик ҳаракат – Бирлик халқ ҳаракатининг таъсис қурултойи бўлиб ўтган эди.

Қурултой иштирокчиларидан бири Дилором опа Исҳоқова эслайди.

- Бирлик ҳаракатининг таъсис қурултойи 1989 йил 28 майда Ëзувчилар уюшмасининг биносида бўлиб ўтган.

Ëзувчилар уюшмасидаги катта зал 150-200 кишига мўлжалланган. Аммо одамлар тикка туришган эди¸ анча одамлар эшикнинг орқасида қолган эди.

Умуман залга яқинлашиб бўлмайдиган даражада одам кўп эди. Эсимда қолган нарсалардан бири шуки¸ раҳматли Олим Каримов шу таъсис қурултойини олиб борган эдилар¸ дея эслайди Дилором Исҳоқова.

Бирлик халқ ҳаракатининг 1989 йил 28 май куни бўлиб ўтган таъсис қурултойи тўғрисидаги мана шу маълумот билан чекланмоқчимиз.

Ҳаракатнинг уютқилари кимлар эди, таъсис қурултойини кимлар тайёрлаган, унгача кимлар ва қаерларда учрашган, ким нима деган, ким нима қилган – шу ва шу каби масалаларга тўхталмоқчи эмасмиз.

Бу ҳақдаги маълумотлар билан интернет тўла. Хоҳлаган ўқиб олаверади.

Хоҳлаган “сиз-биз” руҳидаги – “мен бор эдим, сиз ҳам бор эдингиз” деган мазмундаги хотираларни ўқиши мумкин.

Хоҳлаган “жиз-жиз” руҳидаги – “мен бор эдим, сен йўқ эдинг” деган хотираларни ўқиши мумкин.

Биз эса, Сиз муштарий эътиборини боя айтганимдай, ўша давр руҳи тўғрисида ўтказганимиз суҳбатларга тортмоқчимиз.

Зеро, кечаги куннинг руҳини унутган бугунги воқеликка баҳо беролмайди, эртагалик кунини тасаввур қилолмайди.

Фарғоналик дорбоз Аҳад ака 1989 йил 28 майгача – таъсис қурултойигача бирликчи бўлганлардан.

Озодлик: Аҳад ака¸ таъсис қурултойи бўлганига 20 йил бўптия деб¸ шу кунларда бир ўйловдингизми?

- Нима деса бўлади¸ эски кадрларимизнинг ҳаммаси ҳар қаëққа тарқаб кетдию.

Эски кадрлар тарқаб кетгандан кейин 20 йиллигини нишонлаш бизнинг ҳозирги вазиятда жуда мушкул нарсаю¸ лекин мен хурсандман.

Чунки ҳанузгача содиқ инсонлар бор экан. Улар билан тез-тез ҳамсуҳбат бўлиб турибмиз. Ҳамма нарса ўз даврига қараб бўлар эканда¸ дейди Аҳад дорбоз.

Ана, Аҳад дорбоз ҳам гапни даврга, ҳар бир даврнинг ўзгачалигига бураяпти.

Аҳад ака билан суҳбатга дастуримиз давомида кўп қайтамиз ҳали.

20 йил кечаги гап. Лекин ўша кеча билан бугуннинг ўртасида янги бир авлод туғилиб, ақли тўлди, дунёқараши шаклланиб улгурди.

Бундан 20 –21 йил аввал бошланган демократик ҳаракатни ўзбек зиёлилари бошлаб берган эди.

Биринчи суҳбатдошимиз ўша зиёлилар вакили адабиётшунос олим, 80- йилларда Тошкент давлат университети ўқитувчиси Бахтиёр Исабеков.

Бахтиëр Исабеков: 20 йил олдин ҳозирги пайтда орзу қиладиган даражада кайфият бор эди.

Биринчи навбатда ўша пайтда¸ менинг назаримда¸ миллий мустақилликнинг дастлабки қадами бўлмиш тил мустақиллиги учун¸ яъни Ўзбекистонда ўзбек тилининг ҳукмрон бўлиши учун курашда бу жуда яхши намоëн бўлган.

Бошқача қилиб айтсак¸ ўша пайтда одамларда ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиш кайфияти ҳукмрон бўла бошлаган эди.

Айниқса ëшларда¸ хусусан талабаларда¸ бу нарса жуда яхши кўринган эди.

Озодлик: Демак¸ хусусий¸ шахсий манфаатдан миллий манфаат устун бўлган давр эди.

Бахтиëр Исабеков: Албатта. Айниқса¸ бу талабалар орасида шунақа эди.

У пайтда ҳам талабаларга митингларда қатнашгани учун¸ сайловларда тарғибот ишлари олиб борганлиги учун ўқишдан ҳайдалиши¸ жиноий ишларга тортилиши каби хавфлар бор эди.

Масалан, “СССР давлати қолсинми ëки мустақиллик керакми?” деган референдум ўтказилганида¸ болалар “СССР таркибида қолмаймиз” деганни ëқланглар¸ деб варақалар чиқаришган.

Ўша варақаларни тарқатгани учун болаларга ҳеч ким мукофот ҳам бермас эди¸ ҳеч ким раҳмат ҳам айтмас эди. Буни йигитларнинг ўзи биларди. Лекин улар шуни қилишди.

Милицияларнинг қўлига тушиб бир-икки сутка ëтишларини билиб туриб¸ шу ишларни қилишди.

Бу нарса ëшларнинг¸ хусусан талабаларнинг миллат манфаатини ўз шахсий манфаатларидан устун қўйганининг яққол далили эди. Ҳозирга қиëсласак¸ худди шунинг тескариси бўлиб қолган.

Озодлик: Ўша пайтда ҳаводан сиëсатни қорни кесиб олгандай кесиб олиш мумкин эди. Ҳаводан кайфиятни кесиб олиш мумкин эди. Ҳаводан сиëсатнинг ҳиди келар эди. Ўша ҳид нимадан пайдо бўлган?

- Бунинг пайдо бўлиш замини биринчидан¸ 100 йиллик истибдод¸ иккинчидан¸ кейинги пайтда ана шу истибдодни англаш учун Горбачëв берган демократия¸ муҳит¸ дейди адабиётшунос Бахтиёр Исабеков.

Бирлик халқ ҳаракати таъсис қурултойи бўлиб ўтган 20 йил аввалги давр руҳини эслаяпмиз.

Бирликнинг биринчи қалдирғочларидан бири Аҳад дорбоз билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Дастлаб¸ биринчи қадамлар қўйилаëтганда...

Аҳад дорбоз: Биринчи қалдирғочлар деса бўлади.

Озодлик: Ҳа¸ ўша вақтга қайтайлик. Нима учун бирдан дорбоз одам¸ сиëсатдан узоқ одам¸ ерга тушиб ерликлар қиладиган ишга бел боғлаб қолди?

Аҳад дорбоз: У даврда Россияга қарам бўлганлигимиз учун мустақил бўлишни истаганмиз. Ҳаëт ўзгача¸ мамлакатимиз бой. Пахтамиз бор¸ олтинимиз бор¸ нефт бор¸ кўмирларимиз бор. Бу нарсалар жуда кўп.

У пайтда биз бунақа мустақилликни тасаввур қилмаганмиз. Мустақилликни мутлақ бошқа бир кўринишда тасаввур қилганмиз.

Балки биз хатога йўл қўйгандирмизку¸ лекин у даврларда мустақилликни бошқача тушунганмиз.

Озодлик: Қанақа тушунгансизлар?

- Одамларнинг бемалол юриши¸ кўча-кўйда бемалол туриши¸ бошқа давлатга чиқмоқчи бўлса¸ бориб келиши – биз мана шундай мустақилликни тасаввур қилганмиз¸ дея эслайди фарғоналик бирликчи Аҳад дорбоз.

20 йил аввалги даврни эслаш навбати бирликчи Дилором опа Исҳоқовада.

Дилором Исҳоқова: Ҳаводан озодликнинг¸ эркнинг¸ ҳурриятнинг ҳиди келарди. Ўпканг тўлиб-тўлиб нафас олгинг келадиган давр эди.

Ҳар хил гаплар бор эди¸ ҳар хил оқимлар бор эди¸ лекин уларнинг ҳаммасидан қатъий назар умид бор эди.

Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлишига умид бор эди. Ўзбекистонда шунча йиллардан бери орзу қилинган давлат қурилади¸ ҳуқуқий давлат қурилади деган ишонч¸ орзу бор эди.

Озодлик: Сизни бирликнинг таъсисчиларидан десак бўладими?

Дилором Исҳоқова: Албатта.

Озодлик: Орзу бўлса¸ умид бўлса¸ ўша орзу-умидни одатда совет халқи раҳбариятга боғлаб қўяверарди. Сизлар нима учун раҳбариятга боғламасдан ўзинглар ҳаракат қилгансизлар?

Дилором Исҳоқова: У пайтда шундай бир давр бўлдики¸ раҳбариятнинг аҳамияти қолмаган эди. Ҳеч бир раҳбар инсонларни ҳозиргидай қўрқишга¸ ҳисоблашиб ҳатти-ҳаракат қилишга зўрлай олмас эди.

Шу қадар эркин фикр бор эди¸ эркинлик бор эди. Ҳеч қайси раҳбардан сўрамасдан¸ ҳукуматнинг бирор-бир органи билан маслаҳатлашмасдан алоҳида ташкилот – Бирлик ҳаракати тузилган.

Озодлик: У пайтда раҳбарият заифмиди¸ ожизмиди?

- Раҳбарият ожиз ва заиф эмас эди. Ўша раҳбарлар ҳам ўзбек эди ва улар ҳам Ўзбекистонда ўзгариш бўлишини жуда истаган эди.

Биласизми¸ жуда инсофли одамларни кўрганмиз. Кейин бу одамлар қўрқув ва босимлар таъсирида жуда ўзгарди. Дунëқарашлари ич-ичида балки ўшадир¸ лекин улар ўша дунëқарашларини сандиққа солиб¸ устидан қулф уришди.

Лекин у пайтда жуда хайрихоҳ эди улар. Газеталар муҳаррирлари “Тезроқ шеърингизни беринг. Тезроқ мақола беринг” деб илтимос қилишарди.

Тасаввур қилинг: Бирлик ҳаракатининг бошида юрган одамларнинг энг кичкинаси ҳам мен эдим¸ энг ношуди ҳам мен эдим.

Улар шу қадар номи улуғ¸ ўзлари улуғ инсонлар эди. У пайтда энди уларга бўлган эътиборни тасаввур қилаверинг.

Ҳозир бу нарсаларни эслаб, ҳайратга тушасан одам¸ дея эслайди Дилором Исҳоқова.

Бирлик халқ ҳаракати таъсис қурултойи бўлиб ўтган 20 йил аввалги давр руҳини эслаяпмиз.

Бирликчилик стажи 20 йилдан ошган Аҳад дорбоз ўтган даврни ўзича таҳлил қилар экан, файласуфона ўй-хаёлларга берилади.

Таниш-билишлари, ёру-биродарлари орасида 20 йил муқаддам танлаган йўлидан (танланган йўл Бирлик эди) оғиб кетганлар ҳам кўп бўлгани тўғрисида гапиради.

- Ариқнинг иккита лабига оëқни қўйиб бўлмайдида. Ë ўнгга юриш керак¸ ë чапда тўхтаб қолиш керак.

Бу нарсага кўп ўртоқларимиз оëқларини қўйиб¸ кўпларининг оëқлари синиб¸ йиқилиб қолди. Лекин бу нарсага содиқ бўлиб қолиш жуда қийин нарса экан.

Сиëсатда бир гапни айтиш¸ ўша гапдан қайтиш деган нарсалар бор. Бу биз полвон одамларга мансуб эмас.

Ўша бўйича қолиб кетдик¸ бунинг орқасидан қамалиб ҳам чиқдик. Лекин ўтган умрга афсус қилмаймиз¸ дейди Аҳад дорбоз.

Аҳад дорбознинг Бирлик билан боғлиқ фаолияти учун қамалиб чиққани алоҳида ҳикоядир ва уни бироздан сўнг эшитасиз.

20 йиллик вақт довонидан туриб ортга қараладиган бўлса, Бирлик халқ ҳаракати чинакамига халқ ҳаракати бўлганига имон комил бўлади.

Ҳаракат ўз олдига қўйган мақсадларни аҳолининг турли қатламлари вакиллари қўллаб-қувватлаган эди.

Таниқли журналист, фаол бирликчилардан бири Анвар Усмонов.

- Биринчидан¸ бу Ўзбекистонда катта воқеа бўлди. Болтиқ бўйида¸ Озарбайжонда¸ Арманистонда миллий фронтлар бўлиб¸ демократик йўлида анча кураш бошланди.

Навбат Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон ухлаëтган мамлакат эмас эди. Халқ демократия хоҳлаëтган эди¸ озодликни кўрмоқчи эди.

Миллий уйғониш Бирликдан бошланди. Бу бизнинг халқимизнинг биринчи ютуғи¸ ғалабаси¸ дейди бирликчи журналист Анвар Усмонов.

Эслатиб ўтаман, дастуримиз Бирлик халқ ҳаракатининг 1989 йил 28 майда бўлиб ўтган таъсис қурултойи тафсилотлари ёки унинг иштирокчилари тўғрисида эмас.

Эшиттиришимиз ўша давр руҳи, ҳавоси, кайфияти тўғрисидадир.

Ўша давр билан бугуннинг фарқи тўғрисидадир.

Бош қаҳрамонимиз, бирликчи Аҳад дорбозга қайтайлик.

Дорбоз 89 йилдан сакраб ўтиб, 90-йилларда воқеаларни айтиб берадики, унинг ҳикояси эшиттиришимизнинг кейинги фаслини очиб беради.

Дорбоз сиёсатнинг доридан йиқилгани, қамалиб чиққани тўғрисида ҳикоя қилади.

Аҳад дорбоз: Бирлик халқ ҳаракати Эрк демократик партияси билан биргаликда бир неча марта плакатлар кўтариб¸ ҳокимиятнинг олдига норозилик намойиши қилиб чиққан.

Озодлик: Нечани йилдаги гап бу?

- Бу 1990-1991 йилларда бўлаëтган нарса. Шундан кейин ҳаммамизни кўз остига олишди.

Асосий масала 1993 йилда бошланди. Мана шу йилларни энг катта қатағон йиллари деса ҳам бўлади.

Биз норозилик намойиши уюштириб Марғилонда 3000-3500 одамни йиққанмиз. Шунда Ички ишлар вазири Рустамжон деган йигит келиб¸ “Бунақа қилманглар энди¸ нима бўлса ҳам тинчлик билан ўтказинглар” деди.

Биз “хўп” деб¸ уларнинг гапига розилик бериб¸ ўша куни тарқалиб¸ эртаси куни вилоят ҳокимлигининг олдида йиғилмоқчи бўлганмиз.

Уйдан кийиниб чиқиб тўғри ҳокимиятнинг олдига келаëтсам¸ машина келди ва ичидан тўрт-беш киши тушиб¸ мени машинага тиқиб олиб кетишди.

Ғанихон Маматхонов билан иккаламизни олиб бориб¸ подвалга ташлашди.

Ҳеч қандай баҳона бўлмагач¸ “Уйини ëқди¸ ўтини ëқди” деган масалаларни қўйиб¸ шу билан олиб бориб қамашди. Олти ой беришди.

Қаршидаги қамоқхонада пичоқ кўтариб¸ ўлдирмоқчи бўлди¸ деган айб билан яна олти ой қўшиб берди.

1995 йили энди чиқамиз деб турганимизда¸ Сангородга жўнатиб юборишди ва у ерда чўнтагимга пистолетнинг ўқларини солиб қўйиб¸ “Кимни отмоқчисан? Пистолетинг қаерда?” деб яна бир йил қўшиб берди.

Шу билан томоша қилиб¸ яна айланиб юрдик. Олти ойга кетган одам уч ярим йил деганда уйга қайтиб келдик.

Уйга қайтиб келгандан кейинги ўзгаришлар¸ бошқача ҳаëт – буни ҳозир ифода қилиб бериш ҳам қийин бўлиб қолди¸ дея эслайди Аҳад дорбоз.

Аҳад дорбознинг гапи айланиб келиб¸ яна давр деган сўз билан тугади.

Аҳад дорбоз қамоққа ташланиши билан бир давр – Бирлик ҳаракати бошланган давр якунига етди, қамоқдан чиққанида эса, бошқа – бугунги давр аллақачон бошланиб бўлган эди.

Демак, суҳбатдошларим билан ўша эврилиш ҳақида гаплашмоқчиман.

Бахтиëр Исабеков: 1990- йилларга эътибор беринг. Ўша пайтларда¸ талабалар жонли бўлган пайтда¸ ҳукумат қўллаган чора-тадбирларни эсланг.

Биринчи навбатда “Талабалар¸ зиëлилар¸ ижодкорлар¸ шоирлар илм билан шуғуллансин. Сиëсатни сиëсатчилар қилсин” деган сиëсат билан юрилар эди ва шуни ўтказишга ҳаракат қилдилар.

Кейин талабалардаги етишиб келаëтган кайфиятни сўндиришга ҳаракат қилинди. Бу талабаларда ҳали етук ҳолатда эмас эди.

Озодлик: Сиз ўзгариш эволюциясини айтаяпсизда.

Бахтиëр Исабеков: Ҳа. Ўша пайтда ҳукумат бор кучини ëшлардаги ўша кайфиятни¸ биринчи навбатда мустақиллик учун бўлган ҳаракатни¸ иккинчи навбатда демократия учун бўлган ҳаракатни йўқ қилиш учун ташлади.

Улар бунда ҳам динимиздан¸ ҳам урфимиздан фойдаланишди. Охирги марта талабалар отилганидан кейин индинига чақирилган митинг бор эди. Мен ҳозир йиллари ва саналарини айта олмайман.

Ўша пайтда талабаларнинг ота-оналарига ҳам телевизор орқали чиқиш қилиб турилди¸ ҳам талабаларга каникул ташкил қилинди.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта автобуслар келиб¸ болаларнинг ҳаммасини ўзининг вилоятига олиб бориб қўядиган бўлди.

Ўшанда митинг йўқ қилинди ва вазиятни қўлга олиш мақсадида ота-оналарни матбуот орқали “Сен қанақа фарзанд тарбиялагансан? Тарбия тўлиқ ота-онага боғлиқ” деган нарсалар билан қўлга ола бошлади.

Бу ҳам етмагандек мустақиллик кайфиятида¸ миллий кайфиятда¸ демократик кайфиятда бўлган болаларнинг ҳаммасини вилоятларга тарқатишга ҳаракат қилди.

Чунки у пайтда ҳам Тошкент марказ эди ва талабаларнинг илғорлари ҳам шу ерда эди. Яъни ҳар бир талаба ўзининг вилоятида ўқигани яхши¸ деди.

Бундан ташқари ëтоқхоналарни бир-биридан ажратиб темирлар билан ўраб ташлади. Улар орасидаги алоқа имкон қадар камайтирилди. Бу натижа берди.

Озодлик: Натижани тасвирлаб беринг.

- Натижа шундайки¸ ҳозирдагилардаги кайфиятнинг ҳаммаси тирикчилик учунга айланиб кетди. Қашшоқлик билан уларга ташвиқот ўтказиш йўли билан самараси инерт ҳолатига олиб келиш бўлди.

Фақат ҳозир билан яшайдиган¸ фақат ҳозирни ўйлайдиган авлод вужудга келиб қолди. Ўзи мақсад шу эди. Шунга эришдилар¸ дейди Бахтиёр Исабеков.

Аҳад дорбоз билан суҳбатимиз давомида Бирлик халқ ҳаракати партияси ҳамда Эрк демократик партиясининг расмий қайддан ўтказилмай келаётгани тўғрисида ҳам гап бўлди. Эшитинг, фақат диққат қилиб тингланг.

Аҳад дорбоз: Бу сиëсий партияларни ҳеч қачон рўйхатга олмас эди ҳам. Эркнинг ëки Бирликнинг рўйхатдан ўтмаслиги бу уларнинг ихтиëридаги нарса эди.

Озодлик: Нима учун рухсат бермаяпти?

Аҳад дорбоз: Йўл ҳам бермайди¸ йўл ҳам қўймайди.

Озодлик: Нима учун?

Аҳад дорбоз: Бу аниқ. Нима учун? Бу ахборотларни мендан кўра сиз яхшироқ биласизку.

Озодлик: Мен сизнинг фикрингизни билмоқчиман.

Аҳад дорбоз: Менинг шахсий фикрим¸ бу нарсага ҳеч қачон йўл бермайди.

Озодлик: Нима учун?

Аҳад дорбоз: Шунча йил қилинган ўзининг маҳсулотини энди... Бўпти¸ Эрк демократик партияси билан Бирлик халқ ҳаракатини рўйхатдан ўтказайлик¸ деб ҳеч қачон рўйхатдан ўтказмайди. Ҳар хил баҳоналар бор.

Озодлик: Нима учун?

Аҳад дорбоз: Баҳоналар ҳар хил¸ лекин асосий мақсад мансаб.

Озодлик: Қанақа мансаб? Каримов Эркка раис бўламан дейдими?

Аҳад дорбоз: Йўқ¸ йўқ. Каримов ҳеч қачон Эрк партиясига раис бўлмайдику.

Озодлик: Мансаб деяпсизку.

Аҳад дорбоз: У одамнинг олдига қўйган вазифаси билан Эркнинг мақсади ўртасида от билан туяча фарқ бор.

Озодлик: У кишининг мақсади нима?

Аҳад дорбоз: Кимнинг? Ислом аканингми?

Озодлик: Ҳа.

- Ислом ака ҳамма мақсадларини қилиб бўлди. Ҳамма орзу-мақсадларига етишди. Гап тагида гап бор дейдию¸ дейди Аҳад дорбоз.

Бояроқ Бирлик халқ ҳаракати таъсис қурултойи бўлиб ўтган 20 йил аввалги давр руҳини эсладик. Бахтиёр Исабеков билан 90-йиллар бошидаги эврилишлар тўғрисида гаплашдик.

Мана энди Дилором Исҳоқовага сўз.

Дилором Исҳоқова: Кейинги давр эса ҳамма нарсани бирданига бўғиб¸ сал-пал эркин фикрлайдиган инсонларнинг ҳаммасига жуда қаттиқ қатағон уюштирилди. Бунинг бошида¸ албатта¸ Каримов турибди.

Озодлик: Балки у кишининг тутумларида бир мантиқ¸ бир ҳикмат бордир?

- Йўқ. Мен кечагина уч-тўртта одам билан ўтириб бир нарсани айтдимки¸ мен бир неча йиллардан бери шу одамнинг чиқишини кузатиб бораман.

Эринмай эшитаман¸ эринмай ўқийман. Менга қизиқда бу нарсалар.

Менга энг охирги ëққанларидан бири КХШТ доирасида тузилган тезкор кучларга совуқ муносабатда бўлгани бўлди. Ўшанга қўшилмагани менга жуда маъқул бўлди. Мен маъқуллаган ягона нарса бу.

Мен Каримовнинг шунча йил давомида бошқа қилаëтган бирорта ишида мантиқ кўрганим йўқ.

Гапираëтган гапларида¸ чиқараëтган фармонларида мантиқ бордай туюлади. Лекин чиқарилаëтган қонунларнинг ҳам¸ қарорларнинг ҳам бирортаси ишламайди. Чунки бизнинг давлатимизни коррупция бошқаради¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Бирлик халқ ҳаракатининг 20 йил муқаддам, 1989 йилнинг 28 майида бўлиб ўтган таъсис қурултойи иштирокчиси Дилором опа Исҳоқова эди.

Бугунги авлод, 20га кирганлар авлоди бирликчилар нима учун майдонга чиққанини билавермайди. Хўш, нима учун чиқишувди?

Бу саволни бирликчи Акбаржон Ориповга бердик.

Акбаржон Орипов: Энг аввало пахта монокултурасига барҳам бериш¸ ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш. Кейинроқ бу нарсаларга эришилгандан кейин¸ Ўзбекистонда демократия учун кураш бошланди.

Дастлабки иккаласи амалга оширилди десак¸ энг асосийси¸ Ўзбекистонда демократик ҳокимиятни барпо этиш масаласи ҳал бўлгани йўқ. Шундан бери кураш олиб борилаяпти.

Бирлик халқ ҳаракати дастлаб тузилган пайтда¸ Ўзбекистон Олий Советига бўладиган сайловларни демократик руҳда¸ кўппартиявийлик асосида ўтказиш талаблари ҳам қўйилган.

Шу билан бирга болалар меҳнатига чек қўйиш масалалари кўрилган¸ энг асосийси Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун кураш бошланган¸ мустақиллик талаб қилинган.

Совет иттифоқининг “марказ” деб аталган жойига Ўзбекистоннинг мустақиллигини талаб қилиш талаби қўйилган.

Озодлик: Мана орадан 20 йил ўтди. Ўша вақтда илгари сурилган шиорларни¸ талабларни ревизия қиладиган бўлсак¸ қайси вазифалар бажарилди? Қайси шиорлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ?

Акбаржон Орипов: Кўп нарса Ўзбекистон ҳукуматига боғлиқ бўлмаган ҳолатда ҳам ҳал бўлди. Мустақилликни оладиган бўлсак¸ совет иттифоқи парчаланиб кетгандан кейин ўз ўзидан мустақил бўлиб қолдик.

Ҳозирги ҳукуматнинг “Биз мустақилликка эришдик. Ислом Каримов бизга мустақилликни олиб берди” деган сафсаталарига шароитнинг ўзи замин яратиб бериб қўйди.

1989 йилнинг ўзида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши парламентимизда кўриб чиқилди ва бу амалга оширилди.

Ҳозир бунга қай даражада амал қилинаëтгани ўзингизга маълум. Ҳар қалай ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришилди.

Бу Бирликнинг¸ халқнинг ҳақиқий талаби эди. Кўп минглаб одамлар митингларга чиқиб бу талабларни қўйган. Бу жуда ҳам оммавийлашган ва бу нарсага эришилган.

Озодлик: Демак¸ айтганингиз иккита масала ҳал бўлди. Яна қайси масалалар ҳал бўлди?

- Ўша пайтдаги Бирликнинг талабларидан яна бири Орол қуришининг олдини олиш эди. Бу масаланинг қай даражада ҳал бўлаëтгани ҳам ўзингизга маълум.

Ўзбекистонда болалар меҳнати шу пайтгача ҳал бўлмади. Мактаб болаларини пахтага¸ бошқа ишларга жалб қилиш давом этаяпти.

Мустақил бўлган билан бизнинг ҳукумат мустақил бўлди¸ президент мустақил бўлди. Бундан халққа ҳеч бир фойда бўлгани йўқ¸ дейди бирликчи Акбаржон Орипов.

Дастуримизнинг бош қаҳрамони Аҳад дорбоздан яна бир нарсани сўрадик.

Озодлик: Сиëсат билан дорнинг ўртасида ўхшашлик борми?

Аҳад дорбоз: Жуда катта.

Озодлик: Айтинг ўшани.

Аҳад дорбоз: Биз оддий одамлармиз. Оддий одамларнинг хонадонларида¸ тўй-байрамларида қатнашамиз. Бу санъат 1000 йилардан буëн давом этиб келади.

Бозорларда бўлди бу. Йиғинларда мен одамлар билан қовушиб¸ олдинги одамлар билан ҳозирги одамларни таққослаб кўраяпман. Жуда катта фарқ бор.

Озодлик: Дорнинг сиëсатдан фарқи нимада?

Аҳад дорбоз: Дорнинг сиëсатдан фарқи йўқ ¸десам ҳам бўлади. Чунки лангарни яхшилаб ушламасангиз¸ тепадан йиқилиб тушасиз.

Сиëсатда ҳам худди шу. Ўзингизга сал эҳтиëтроқ бўлиб юрмасангиз¸ бирпасда ағдариб қўйишади. Отингизни ҳам сўрамайди.

Озодлик: Ҳеч дордан йиқилганмисиз?

Аҳад дорбоз: Бўлган.

Озодлик: Сиëсатданчи?

Аҳад дорбоз: Лўнжи деган нарса бор.

Озодлик: Нима у?

Аҳад дорбоз: Лўнжи бу дорнинг тепасидан ўтказилган трос. Дорбозни ушлаб туради. Дорбоз кейин қўрқмасдан ҳаракат қилаверади.

Илгари дорбозларда бу нарса бўлмаган. Лўнжи бўлса¸ дорбоз тушиб кетиб қолса ҳам осилиб қолади. Ҳозирги дорбозларда шу нарса бор.

Олдинги дорбозларда бўлмагани учун улар йиқилган¸ қўллари синган.

Дорнинг тепасидан тушиб кетиб¸ шундай белбоғни ечиб қўйиб¸ томоша бузилмасин деб ўғилларининг тепасига шундай ëпиб қўйиб¸ ўйинни давом эттирган одамларни кўрганмиз.

Озодлик: Сизлар 20 йил олдин Бирликни бошлаган пайтда¸ ўша лўнжисиз бошлаган экансизларда.

Аҳад дорбоз: Ана¸ кам бўлманг. Мана шунча йигитларимиз қамалиб чиқди. Бошларига кўп ишлар тушди.

Уни кўрмаган инсон исон эмас¸ авваламбор. Бунақа нарсаларни ҳам кўриш керак.

Лўнжи бўлиши керак эдида. Орқадан келаëтган одамларни тўғри жарга олиб бориш эмас¸ текис йўлга олиб чиқиш керак эди.

Биз бирдан¸ бехосдан югуриб юбордик ва олдимизда нима борлигини сезмадик. Сезганимизда¸ кеч бўлди. Кўзимиз кечроқ очилди. Лекин бунга афсус йўқ.

Озодлик: Олдинда нима бор экан?

- Олдимизда жуда катта деворлар бор экан. Буни биз англамаганмиз. Деворни ҳам йиқитиш мумкин эди. Биттаси у ëққа¸ биттаси бу ëққа тортиб¸ якуни шу бўлди.

Ҳанузгача Бирликни рўйхатдан ўтказмайдику. 20 йил бўлди. Оддий сиëсий партия бўлса¸ ўзининг шахсий мақсади бўлмаса¸ халқ учун яхшилиги бўлса.

Сиëсий партиялар кўп ҳозир. Ҳаммасининг бир-биридан фарқи йўқ. Ҳаммаси халққа у қиламиз¸ бу қиламиз¸ дейди¸ лекин халқ учун жон фидо қиладиган партия йўқ¸ дейди фарғоналик бирликчи Аҳад дорбоз.

Дастуримизга Ўзбекистондаги демократик ҳаракатнинг ҳамманинг тилида юрадиган лидерларини атайлаб таклиф қилмадик. Таклиф қилганларимизни мавзуни ёритишимизга ёрдам бера олишади, деб уларни овора қилмадик.

Лекин Бирлик халқ ҳаракати партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатовни таклиф қилдик.

Бир неча йилдан бери қувғинда яшаётган Пўлатов таклифимизни қабул қилмади.

Кейинги ҳафтада Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон давлати тепасига келганига, Ўзкомпартия биринчи котиблигига тайинланганига 20 йил тўлади.

Бирлик тепасида ҳам 20 йилдан бери бир киши ўзгармай ўтирибди.

Ғалати ўхшашлик-а?

Мана энди бўлди.
XS
SM
MD
LG