Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:06

Қирғизлар янги қонундан норози


Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари "Қуролли кучлар тўғрисида"ги янги қонунни босмачиликни қонунийлаштирилиши сифатида баҳоламоқдалар.
Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари "Қуролли кучлар тўғрисида"ги янги қонунни босмачиликни қонунийлаштирилиши сифатида баҳоламоқдалар.

“Мудофаа ва Қирғизистон Республикаси Қуролли кучлари тўғрисида”ги янги қонунда ҳарбийларга фуқаролар шахсий мулкидан фойдаланиш ҳаққи берилгани норозиликларга сабаб бўлмоқда.

“Қирғизистоннинг “Мудофаа ва Қирғизистон Республикаси Қуролли кучлари” тўғрисидаги қонунининг 18 моддаси мамлакат Конституциясига зид келади. Чунки қонуннинг бу моддаси фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини чеклайди”, деб баёнот тарқатди “Фуқаровий жамият коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти.

Ташкилот раҳбари Тўлейкан Исмоилованинг айтишича, янги қабул қилинган қонунга биноан ҳарбийлар бундан буён тинчлик даврида ҳам фуқаролар мулки, автомашинасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу эса турли жанжалларга, судлашувларга сабаб бўлади ҳамда жамоатчиликда Мудофаа вазирлигига нисбатан ишончсизлик пайдо қилади.

- Қурулли кучларнинг бундай позициясини тушунмаяпмиз. Агарда бюджетда пул етмаса, “Бюджетда пул етмаяпди, шунинг учун халқнинг хусусий мулкини оляпмиз”, деб очиқ айтишса бўларди.

Янги қонун 1941 йилларни эсга солмоқда. “Мобилизация. Қандай мулкинглар бўлса олиб келинглар, ҳимояланиш керак”, дегандай.

Бу қандай сиёсат? Бу рейдерлик сиёсати. Негаки, ҳар бир одамнинг хусусий мулкига тажовуз қилинмоқда, дейди Тўлейкан Исмаилова.

Қирғизистон парламенти депутати Алишер Мамасалиев парламент муҳокамасида мазкур қонуннинг 18 моддасини ўзгартириш шартлигини айтган эди. Бироқ унинг таклифи бошқа депутатлар тарафидан қўлланилмади.

Депутат МДҲ мамлакатларининг “Мудофаа ва Қуролли кучлар тўғрисида”ги қонунлари билан танишиб чиққани, Россия ва Қозоғистонда ҳам шундай қонунлар бор экани, бироқ уларда фуқароларнинг мулкидан фойдаланишга “Ҳарбий вазият” ёки “Фавқулотда ҳолатлар”дагина рухсат берилишини айтади:

- Агарда ушбу моддани мана шу ҳолда қолдирсак, Мудофаа вазирлигининг ходимларига автомашина керак бўлиб қолса, хоҳлаган пайтларида фуқароларнинг машинасини тортиб олиши мумкин.

Ушбу қонунга транспортдан ташқари, иморат, қурилиш ва фуқароларнинг бошқа хусусий мулклари ҳам киритилган. Бу Конституцияга зиддир.

Бош қонунинг 14-моддасида “Турар жой дахлсиз. Фақатгина эгасининг розилиги билан ундан фойдаланиш мумкин”, деб ёзилган дедим. Бироқ кўпчилик депутатлар қонунни қўллаб, қабул қилишди. Мен энди президент маъмурияти қонунни шошмасдан ўрганиб чиқади, деган умиддаман, дейди депутат Алишер Мамасалиев.

Қирғизистон Мудофаа вазири Бақтибек Қалиев ушбу қонун Қирғизистон хавфсизлигини таъминлашга қаратилган асосий қонун экани, унда давлат органларининг юридик мажбуриятлари ва ҳуқуқлари аниқ белгиланганини маълум қилди:

- Қонунда махсус рўйхатга олинган техникаларни топшириқ бўлганидагина фуқаролардан олиниши айтилган. Миллий хавфсизликни таъминловчи ҳар бир техника ҳарбий комисариятларда рўйхатга олинган, деди вазир.

Бироқ, “Фуқаровий жамият коррупцияга қарши” нодавлат ташкилотининг қонун юзасидан тарқатган маълумотида, “ҳукуматнинг Қуролли кучларни керакли воситалар билан таъминлай олмай, уни солиқ тўловчилар зиммасига юклаётгани босмачиликни қонунийлаштириш” экани айтилади.
XS
SM
MD
LG