Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:53

Карзай базани қолдириш ўтинчида


Россия матбуоти тарқатган айрим хабарларга кўра, Дмитрий Медведев ва Ҳамид Карзай Бишкекдаги АҚШ базаси масаласини муҳокама қилиб улгурганлар.
Россия матбуоти тарқатган айрим хабарларга кўра, Дмитрий Медведев ва Ҳамид Карзай Бишкекдаги АҚШ базаси масаласини муҳокама қилиб улгурганлар.

Екатеринбургда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзайнинг ўзаро учрашиб, Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатда қолдириш истиқболини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими хабар берди.

Ҳар иккала президент Екатеринбургда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этмоқда.

Ҳамид Карзай июн ойи бошида Қурмонбек Бакиевга мактуб йўллаб, у билан яккама-якка учрашиш нияти борлигини билдирган эди.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Айбек Мўлдўғазиевнинг айтишича, Екатеринбургдаги учрашув чоғида Ҳамид Карзайнинг Қурмонбек Бакиевдан Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқармаслик тўғрисида илтимос қилиши кутилмоқда.

Қирғизистон президенти котибияти эксперти Илм Қарипбеков мазкур учрашув арафасида расмий Бишкекнинг бу масаладаги позициясини баён қилди:

- Президент Бакиев бу масала юзасидан ўз позициясини билдириб кетган. Қирғизистон Республикаси Афғонистон ва Покистондаги вазият барқарорлашуви учун ўз имконияти даражасидаги ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр, деди Илм Қарипбеков.

Айни пайтда қирғиз расмийларига кўра, бу баёнотни “Қирғизистон Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси ҳозирлиги муддатини узайтиришга розилик беради”, қабилида тушунмаслик керак.

Лекин айрим сиёсатшунослар фикрича, Қурмонбек Бакиевнинг Ҳамид Карзай билан учрашувидан сўнг расмий Бишкек база масаласидаги ўз позициясини ўзгартириши мумкин.

- Афғонистон президенти Карзай билан учрашувдан сўнг АҚШ базаси Қирғизистонда қолиши ҳақида қарор қабул қилинса, расмий Бишкек Россия аралашувисиз ўзи мустақил ташқи сиёсат олиб бораётганини исботлаган бўлади.

Бу эса президентлик сайлови арафасида турган Қирғизистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга, дейди сиёсатшунос Медетбек Шамшибеков.

Россия матбуотида эса Ҳамид Карзай Россия раҳбари Дмитрий Медведев билан Қирғизистондаги АҚШ базаси масаласини муҳокама қилиб улгургани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Москвадаги “Время новостей” газетасининг қирғиз ҳукумрон доираларига яқин бўлган манбага таяниб ёзишича, айни пайтда Қирғизистон Россия билан АҚШ базасини қолдириш масаласида маслаҳатлашувлар олиб бораётир.

Бироқ Россия Ташқи Ишлар вазирлигидаги манбанинг “Газета-ru” нашрига берган маълумотида, АҚШ базасини қолдириш ёки қолдирмаслик тўғрисидаги қарорни расмий Бишкек мустақил равишда қабул қилиши кераклиги ҳақида айтилади.

Бош қароргоҳи Бишкекда жойлашган “Марказий Осиё янгиликлар хизмати”нинг Вашингтондаги мухбири Юрий Сиговнинг ёзишича, АҚШ президенти Барак Обаманинг минтақа мамлакатлари бўйлаб режалаштирилган сафари ҳам айнан Қирғизистондан бошланиши мумкин.

Бу учрашувда АҚШ ва Қирғизистон президентлари база масаласида муросага келадилар, деб умид қилинмоқда.

Қирғизистонлик сиёсатшуносларга кўра, бундай тахминларда жон бор. Негаки, расмий Бишкек 18 августгача АҚШ базаси мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилган бўлса ҳам, шу кунгача базадаги ҳарбий-техникавий воситалар ва ҳарбийлар сони озаймаган.

Бишкекдаги АҚШ базаси қўмондонлиги эса шу кунгача мамлакатни тарк этишга тайёргарлик кўриш ҳақида бирорта ҳам кўрсатма ёки буйруқ олинмаганини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG