Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:05

Дилмурод Саййид озод қилинмади


Кузатувчиларнинг айтишларича, Дилмурод Саййидга нисбатан ўтаётган маҳкама жараёнида холислик сезилмаяпти.
Кузатувчиларнинг айтишларича, Дилмурод Саййидга нисбатан ўтаётган маҳкама жараёнида холислик сезилмаяпти.

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг жиноят ишлари бўйича судида журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидга нисбатан маҳкама жараёнини давом этмоқда.

Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар ясаш¸ қалбаки имзолар қўйишда айбланмоқда.

Дилмурод Саййиднинг жамоатчи ҳимоячиси бўлиб қатнашаётган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, 16 июн куни улар суд мажлсига учта илтимоснома киритишган, бироқ суд ҳайъати уларнинг барчасини рад қилган.

- Бугун маҳкама очилиши билан биринчи бўлиб илтимоснома киритдим.

Дилмурод Саййид ўткир сурункали сил касалига чалингани туфайли уни суд ҳукми кучга киргунча озодликка чиқариб туриш, яъни эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда сақлашни озодлик билан алмаштириш тўғрисида илтимоснома киритдим.

Бундан ташқари "Эзгулик" жамияти номидан Ўзбекистон республикаси жиноят процессуал кодексининг 252 моддасига кўра¸ кафолат хати ҳам олиб келган эдим. Афсусуки¸ бу илтимосномамизни суд рад қилди.

Бундан ташқари бугун киритилган бошқа илтимосномаларимиз ҳам рад қилинди.

Сайдулла Боймуродов деган одам унинг ëнига МХХ ходимлари келиб¸ диктофон бериб, “Дилмурод Саййидга пул-мул таклиф қилиб ëзиб олгин”, деб айтгани тўғрисида кўрсатма берди. Бу 2004 йилда бўлган экан.

Бу журналистга нисбатан 2004 йиллардан бошлаб тузоқ қўйилганини исботлаб турибди. Мен шу ҳолат бўйича суднинг МХХ га сўровнома юборишини илтимос қилдим. Бу сўровнома ҳам рад қилинди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Шунингдек, адвокатларнинг маҳкама жараёнини аудио ва видео тасвирга олиш бўйича ҳам илтимосномаси қаноатлантирилмаган.

Дилмурод Саййиднинг адвокатлари шу пайтгача бўлаётган маҳкама жараёнлари маълум даражада адолатли, холис тарзда ўтаётганини таъкидлаб келаётган эдилар.

Бироқ Абдураҳмон Ташанов 16 июн кунги суд мажлисидан қониқмаганлигини айтади.

- Суднинг кайфияти мутлақо тескари томонга ўзгаргани¸ холисликдан узоқлашгани бугунги суд мажлисида аëн бўла бошлади.

Судда кўрсатмалар ўта чалкаш¸ гувоҳлар¸ жабрланувчилар кўрсатмалари ниҳоятда чалкаш бўлаяпти. Суд уни баёнлаштиришга улгурмай ҳам қолаяпти, деди Абдураҳмон Ташанов.

Дилмурод Саййид жорий йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинган эди. У дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 моддаси асосида товламачиликда айбланди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ¸ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Аммо¸ тергов бу кўрсатмаларни инобатга олмади, аксинча журналистга янги айбловлар қўйилди.

Кузатувчиларга кўра, Дилмурод Саййиднинг қамоққа олиниши расмий Тошкентнинг Ўзбекистон ахборот майдонини тозалаш сиёсати доирасида амалга оширилган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Игорь Воронцов ҳам Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Саййид билан боғлиқ вазиятни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ деган фикрни билдирган.

- Бизнинг фикримизча, Дилмурод Саййид журналист ва ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти туфайли азоб чекаяпти. Унинг ҳибсга олиниши, афсуски, Ўзбекистонда журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари таъқиб қилиниш занжирида навбатдаги қадам бўлиб ҳисобланади.

Биз маҳкама жараёни қандай давом этишини диққат билан кузатиб борамиз, деган эди Игорь Воронцов.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг, ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

Дилмурод Саййид иши бўйича маҳкама жараёни 17 июн куни давом эттирилади.
XS
SM
MD
LG