Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

Каримов Бакиев билан "тил топишди"


Россиядаги сўнгги икки саммит доирасида Ўзбекистон президенти қатор ҳамкасблари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Россиядаги сўнгги икки саммит доирасида Ўзбекистон президенти қатор ҳамкасблари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Кузатувчиларга кўра¸ ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият кескинлашиб турган бир пайтда Тошкент ва Бишкек раҳбарларининг ўзаро мулоқотга боргани¸ орадаги совуқ уруш руҳини пасайтиришга хизмат қилган.

14-16 июн кунлари Россияда бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитлари доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг алоҳида сўзлашуви бўлиб ўтгани ҳақда 16 июн куни хабар қилган эди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган кейинги хабарларга кўра, Каримов ва Бакиев учрашуви чоғида кейинги пайтда турли можаролар кўп содир этилаётган ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммоларни ҳал этиш масаласи ҳам кўтарилган.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаровнинг айтишича, Ислом Каримов ва Қурмонбек Бакиев учрашувидан сўнг қирғиз ҳукуматига бир қатор топшириқлар берилган.

- Биринчиси, бўлиб ўтаётган воқеаларга ҳеч қачон сиёсий баҳо бермаслик. Иккинчиси эса қандайдир муаммо пайдо бўладиган бўлса, уни икки давлат вазирликлари, тегишли идоралари ва маҳаллий ҳокимиятлари ҳамкорликда ҳал қилиши кераклиги.

Бизга жуда қатъий топшириқ берилди, деди Адахан Мадумаров Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбати чоғида.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибига кўра, айни пайтда Ўзбекистон томони билан чегарадаги муаммоларни маҳаллий ҳокимиятлар ва чегарачилар ҳамкорликда бартараф этиши мумкинлиги масаласида шартнома имзолаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Бундай шартнома жорий йил бошида Тожикистон билан имзоланган эди.

- Бу масалада Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Мурод Эргашович билан бир неча марта сўзлашганмиз. Юзма-юз учрашганмиз.

Худо хоҳласа, бу йўналишда аста-секинлик билан бўлса ҳам силжишлар бўлаяпти. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган келишув каби шартнома Ўзбекистон билан ҳам имзоланишига умид қиламиз, деди Адахан Мадумаров.

Айни пайтда¸ ўзбек-қирғиз чегарасида 60 га яқин баҳсли ҳудудлар мавжуд. Мутахассисларга кўра, мазкур баҳсли ҳудудлар Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида кўплаб можароли воқеалар ўчоғи бўлиб қолмоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича Қирғизистон давлат комиссияси раҳбари Саламат Аламановнинг айтишича, Ислом Каримов ва Қурмонбек Бакиев учрашувида чегарага оид айрим муаммолар юзасидан ўзаро тил топиша олганлари олқишга лойиқ.

Бироқ Саламат Аламановнинг кейинги сўзларидан маълум бўладики, амалиётда бундай “тил топишув”дан деярли самара йўқ.

Қирғиз ҳукумати расмийси чегараларни аниқлаш ишини якунлаш учун техник жиҳатдан муаммо йўқлигини, бироқ томонларнинг муросага келиши ўта қийин кечаётганини айтади:

- Уларнинг муросага келиши қийин бўлаяпти. Биз ҳам муроса қила олмаяпмиз. Бор гап шу. Баҳсли ҳудудларни аниқлаш бўйича техник жиҳатдан ҳеч қандай тўсқинликлар йўқ, деди Саламат Аламанов.

Кейинги ойларда ўзбек ва қирғиз матбуотида ўзаро айбловлар билдирилган кўплаб мақолалар пайдо бўлган эди. Қирғиз матбуоти бу чиқишларни “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида совуқ уруш бошланди” қабилида тақдим қилган эди.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, Каримов-Бакиев учрашувида “томонларнинг тил топиша олгани” матбуот томонидан бошланган “қисқа муддатли совуқ уруш”нинг якунланишига ҳам туртки бўлади.
XS
SM
MD
LG