Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Ўзбек уранига харидор сероб


Таҳлилчилар фикрича, ўзбек расмийлари ўз уранига харидор топиш борасида хотиржамлар.
Таҳлилчилар фикрича, ўзбек расмийлари ўз уранига харидор топиш борасида хотиржамлар.

Ўзбекистон ва Япония ўртасида Навоий вилоятида уран конларини қидириб топиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, эҳтимолий даромадлар томонлар ўртасида тенг тақсимланади.

“Регнум” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Япониянинг нефт, газ ва металлар бўйича давлат корпорацияси Навоий вилоятида уран заҳираларини қидириб топиш ишларига шу йилнинг ўзида 500 минг доллар ажратади.

Ўзбекистон Геология ва минерал заҳиралар бўйича давлат қўмитаси билан имзоланган келишувга мувофиқ, геология қидирув ишлари 2010 йил март ойигача тугатилади.

Япониянинг Ўзбекистон уранига қизиқиши¸ албатта¸ шу билан чекланмайди.

Маълумотларга кўра, Япония ўзбек уранининг асосий харидоригина бўлиб қолмасдан¸ 2006 йилдан буён Япониянинг “Mitsui & Co. Ltd” концерни, “Sojits” ва “Itochu” корпорациялари билан геология қидирув ишларни олиб бориш ва уран конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилган.

Ушбу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон 2012 йилга қадар уран ишлаб чиқариш ҳажмини 1.5 мартага ошириш ниятида.

Айни пайтда Ўзбекистон бугунги кунда четга қанча миқдорда уран сотаётгани ва ундан қанча даромад кўраётгани давлат сири бўлиб қолмоқда.

Мамлакатда ишлаб чиқариладиган ураннинг ҳаммаси Навоий тоғ-металлургия комбинатининг маҳсулотидир.

Комбинат матбуот хизматининг раҳбари Ирина Семенова уран ишлаб чиқариш ҳажми ёпиқ ахборот тоифасига киришини айтди.

- Корхонамиз ёпиқдир. Бизда махфийлик режими амал қилади. Сиз сўраётган маълумотни фақат раҳбарият розилиги билан беришимиз мумкин¸ деди Ирина Семёнова.

Биз раҳбарият билан ҳам боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо Навоий тоғ-металлургия комбинати директорининг ўринбосари Сергей Лысенконинг жавоби ҳам худди шундай бўлди.

- Келинг¸ бу ҳақда гаплашмайлик. Бу рақамлар ёпиқ бўлганлиги туфайли уларни ошкор этишга ҳақли эмасман¸ деди корхона директорининг ўринбосари.

Энергетика мавзуларини ёритувчи “Energy daily” нашрига маълум бўлишича, 2007 йилда Ўзбекистон 2,270 тонна уранни сотган.

Ўша йилда дунё бозорида бир фунт ураннинг (бир фунт – 0.45359 килога тенг – таҳр.) ўртача нархи 100 долларни ташкил этгани инобатга олинса, уран савдосидан кўрилган умумий даромад 500 миллион доллардан ошган.

Ўтган йилдан бошлаб, жаҳон иқтисодий бўҳрони таъсирида уран нархи анча пасайди. Бироқ¸ шунда ҳам Ўзбекистон ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига даромадни камайтирмоқчи эмас.

Уран савдоси атрофидаги махфийлик изоҳсиз қолаётир. Аммо 2007 йилда дунёда энг демократик давлат бўла туриб Швециянинг ҳам Ўзбекистондан уран сотиб олаётганини ошкор қилган журналист Леннарт Петершон Ўзбекистонда уран савдоси билан боғлиқ махфийлик бу савдодан тушаётган маблағларнинг ноқонуний ўзлаштирилаётгани билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

- Швециянинг энг йирик энергетик компанияси давлатга қарашлидир. “Ваттен Фал” деб номланган ушбу компания ўзига керакли ураннинг учдан бир қисмини жуда узоқ йиллар давомида Ўзбекистондан сотиб олаётганини билдим ва буни ошкор қилдим.

Бу сир фош бўлгандан кейин компания Ўзбекистондан уран сотиб олишни тўхтатишга мажбур бўлганди¸ дейди Швециянинг ТВ-4 телеканалининг мухбири Леннарт Петершон.

Швецияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 50 фоизи атом электростанцияларига тўғри келади.

Швециянинг Ўзбекистондан уран сотиб олишни тўхтатгани Ўзбекистон табиий бойликларидан келаётган даромадлар тақсимоти борасида илгари сурилган даъволарнинг анча жиддийлигидан даракдир.

- Дунё бўйлаб кўплаб компаниялар диктаторлик давлатлари билан ҳамкорлик қилади. Аммо Ўзбекистон билан уран савдоси борасида гап кетганда¸ Швеция билан эришилган келишувлар ҳукуматлар назоратида бўлганди.

Ўзбекистонда уран савдосидан тушадиган даромадлар тўғридан-тўғри ҳукумат одамларининг чўнтагига тушади.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, Навоийдан келадиган даромадларнинг 10 фоизини шахсан Каримов олар экан.

Швеция ҳукумати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини эътироф этади.

Умид қиламанки¸ жаноб Каримов билан улар энди ҳеч қачон бизнес қилишмайди¸ деди Леннарт Петершон.

Болалар меҳнати туфайли дунё бозорида Ўзбекистон пахтасининг бойкот қилиниши ҳақиқатга айланиб бораётганига қарамасдан, таҳлилчилар фикрича, энергетик тақчилликка қараб кетаётган дунёда Ўзбекистон урани бундай маҳсулотлар тоифасига кирмаслиги аниқ.

Ўзбекистон уранига нафақат Япония ва Корея тимсолидаги Шарқ давлатлари¸ балки Европа Иттифоқи ҳам кўз тикмоқда.

Ўтган ойда Европа Иттифоқининг Прагада бўлиб ўтган энергетик саммити олдидан Озодликка интервью берган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Ўзбекистон уранига алоҳида қизиқиш борлигини айтганди.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг энергетик имкониятларини тўлиқ эътироф этади. Биз нефт ва газ ҳақида кўп гапирамиз. Лекин энергетиканинг яна бир муҳим воситаси уран ҳақида ҳам унутмайлик.

Биз Ўзбекистоннинг уран ишлаб чиқарувчи етакчи давлат эканини эътибордан соқит қилаётганимиз йўқ. Бу соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз¸ деди Европа Иттифоқи расмийси.

Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги газ можаросидан кейин Словакия ўз атом электорстанциясини ишга туширди.

Россия газига қарамликни камайтириш мақсадида Европанинг айрим давлатлари мавжуд атом электростанцияларни тўхтатмасликка ва лозим бўлса¸ янгиларини қуришга қарор қилди.

Атом энергиясига бўлган қизиқиш дунё бўйлаб ортмоқда. Бу вазият уранни экспорт қилувчи Ўзбекистон фойдасига ўйнамоқда.

Ўзбекистон Геология ва минерал заҳиралар бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аниқланган уран заҳиралари миқдори 185 минг тоннадан ортади. Халқаро атом энергияси агентлиги маълумотларида қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон уран заҳиралари бўйича дунёда еттинчи, ишлаб чиқариш бўйича бешинчи ўринда туради.
XS
SM
MD
LG