Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:44

"Экономист" ўзбек режимини танқид қилди


“Экономист”нинг ёзишича, террорчилик таҳдиди иллюзиясини ўз мамлакатидаги қатағонларни оқлаш учун ўзбек расмийларининг ўзи яратаётган бўлиши мумкин.
“Экономист”нинг ёзишича, террорчилик таҳдиди иллюзиясини ўз мамлакатидаги қатағонларни оқлаш учун ўзбек расмийларининг ўзи яратаётган бўлиши мумкин.

Британиядаги нуфузли “Экономист” нашри Ўзбекистонда иқтисодиёт устидан тўлиқ назорат ўрнатган президент Каримовнинг исломчи экстремистлардан келаётган таҳдидни кучайтираётгани ҳақида ёзиб чиқди.

“Ушбу мамлакатда рўй берган сўнгги икки ҳодиса бу мамлакатнинг исломчилар қурбонига айланиши мумкинлигидан дарак беради”¸ дейилади Экономист мақоласида.

Бу даъвосини мақола муаллифи ўтган ой охирида бир нафар милиция ходимининг ҳаётига зомин бўлган Андижондаги портлаш ва кейинроқ Хонобод шаҳри ҳуқуқ-тартибот идораларига қарши уюштирилган ҳужум билан қувватлайди.

Мақола бугун ёзилганида эди, эҳтимол унга 23 июн куни Фарғона водийсининг Қирғизистон қисмида жойлашган Жалолобод шаҳри яқинида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ва қирғиз ҳарбийлари ўртасида рўй берган қуролли тўқнашувлар ҳам киритилган бўлар эди.

Бу ҳодисалар фактлигича қолмоқда¸ аммо “Экономист”нинг ҳам эътирофича, террорчилик таҳдиди иллюзиясини ўз мамлакатидаги қатағонларни оқлаш учун ҳукуматнинг ўзи ҳам яратаётган бўлиши мумкин.

Бундай иддаолар аввал ҳам кўп бора билдирилган ва буни ҳатто Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубовдан ҳам эшитиш мумкин.

- Халқда радикал исломчиларга нисбатан мойиллик йўқ. Ўзбекистонда¸ яна бир марта таъкидлаб айтаман¸ “Радикал Ислом хавф солаяпти. Радикал Ислом мамлакат ҳокимиятини эгаллаб олиши мумкин. Барқарорликка катта хавф бор” деган нарса Каримов ва МХХнинг уйдирмаси эди.

Бир пайтлар “Амалдаги президент ҳокимиятдан кетадиган бўлса¸ мамлакатни радикал исломчилар эгаллаб олиши мумкин” деган нарсаларни биз ҳам тўқиб чиқарганмиз. Шунинг учун мен бу нарсаларга ишонмайман¸ деган эди Икром Ëқубов.

Исломчи радикаллар таҳдиди ҳақида Ўзбекистонда кўпинча Ўзбекистон исломий ҳаракати ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош исми билан боғлаб гапирилади.

16 июн куни Исломобод расмийлари Покистон армиясининг Жанубий Вазиристонда амалга ошираëтган ҳаво ҳужумлари чоғида ўнлаб ўзбек жангарилари ўлдирилгани ва Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг жароҳатлангани ҳақида билдирган эди.

- Ҳа¸ мен бу хабарни тасдиқлайман. Жанубий Вазиристондан олганимиз хабарга кўра¸ минтақадаги ҳаво ҳужумлари чоғида ўзбек жангарилари етакчиларидан бири жароҳатланган¸ деган эди Покистон армиясининг расмий вакили генерал Аҳтар Аббос.

Тоҳир Йўлдошнинг жароҳатлангани ҳақидаги хабарни Ўзбекистон исломий ҳаракати тасдиқлаб ёки инкор қилиб баёнот қилганича йўқ.

2007 йил октябр ойида Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида пайдо бўлган хабарни унинг кейинроқ пайдо бўлган овозли номаси рад этганди.

Тоҳир Йўлдош Қурбон ҳайит муносабати билан эълон қилган ушбу баёнотида илк бор Ўзбекистондаги ўткир иқтисодий-ижтимоий муаммолар мавзусига тўхталганди.

- 100 йил қулликда хор бўлиб яшагандан, бир кун бўлса ҳам ҳурриятда азиз бўлиб яшашни Ислом бизга таълим берган эди. Эй мусулмон йигитлар. Чет элга чиқиб, қул-мардикор бўлишингизга бизлар ҳаргиз рози эмасмиз¸ деган эди ўз баëнотида Тоҳир Йўлдош.

“Экономист” нашри исломчи экстремистларнинг айнан Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, ўз сафларини тўлдириши мумкинлиги ҳақида ёзди.

“Мамлакатда иқтисодий аҳволнинг ёмонлашаётгани ва халқ норозилигининг ортаётгани¸ ҳукуматнинг иқтисодиёт устидан қаттиқ назорат ўрнатгани билан боғлиқ”, дейилади мақолада.

Қолаверса, жаҳон иқтисодий бўҳрони оқибатида хориждан кўпчилик меҳнат муҳожирларининг қайтиб, ишсизлар сонини кўпайтиргани¸ мамлакатга жўнатилаётган валютанинг кескин камайгани айтилади.

Наманганлик Алижон аканинг айтишича, буларнинг барчаси Фарғона водийсида ҳукм сураётган вазиятга мосдир.

- Маълумотларнинг қанчалигини билмайман-ку¸ лекин четдан келаëтганлар кўп бўлаяпти. Ўз-ўзидан ишсизлар сони ортади-да. Бизда иш жойлари етарли эмас-ку. Фермер ўзига қўшимча одам олмайди.

Яхшилаб гапирилиб¸ қандайдир ëрдам кўрсатилмаса¸ айниқса ëшлар қандайдир экстремистик гуруҳга кириб кетиши мумкин, деб ҳисоблайман¸ дейди Алижон ака.
XS
SM
MD
LG