Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:25

Дардчил тақдирлар


Озодлик билан боғланиш учун +420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг - биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.
Озодлик билан боғланиш учун +420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг - биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига боғланган тингловчилар бу гал ҳам турли мамлакатлардан қўнғироқ қилдилар, суҳбат мавзулари ҳам турлича бўлди. Аммо бу суҳбатларнинг ҳаммаси дардчиллиги билан бир-бировига ҳамоҳанг.

Яман араб давлатидан Озодликка қўнғироқ қилган ҳамюртимиз Яманда ҳам ўзбек меҳнат муҳожирлари жуда кўп эканлиги, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бу ерда ҳам топталаётгани, айниқса ўзбек хотин-қизлари бу мамлакатга алданиб олиб келинаётгани ва уларнинг ёмон ишларга мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида гапирди:

- Ўзимизнинг хотин-қизларимиз¸ аëлларимиз¸ опа-сингилларимиз ташқарига чиқиб ишлашга мажбур бўлишаяпти. Улар уйидан чиқиб кетса¸ бола тарбияси қанақа бўлади?

Уларни чиққандан кейин ҳам ҳар хил ишларга мажбур қилишаëтганини кўриб турибмиз. Булар мажбур бўлаяпти. Мана шуларни кўриб¸ бунақа ҳаëтга чидаш мумкин эмас. Биздаги бойликлар кимнинг қўлида? Қачон бўлса ҳам халқ фойдаланадими¸ дея савол ташлайди Яманда меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир.

Россияда муҳожиротда юрган бошқа бир ўзбекистонлик суҳбатдошимиз эса ўзбек болаларига шу кунда яхшироқ тарбия берилмаса, келажакда улар ҳам чет ўлкаларда мардикорлик қилишдан бошқа ишга ярамай қолиши мумкинлигини айтиб куюнади:

- Ўқитувчиларнинг ўзлари ëш-ëш мактаб ўқувчиларига яхши тарбия бермайди. Ҳозирги ўқитувчиларнинг баъзилари ўқувчилардан нос олиб чекади¸ сигарет олиб чекади¸ бошқа қилади. Одамларнинг ўзларида ҳам айб бор. Шунинг учун одамлар ўзларининг ҳаëтини яхшилаб¸ болаларига тўғри тарбия бермаса¸ Россияга қул бўлиб кетишлар давом этаверади¸ дейди Россияда ишлаётган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонлик тингловчиларимиздан бири, Озодлик радиосининг ашаддий мухлиси эканлигини айтар экан, мамлакат оммавий ахборот воситалари халқнинг ҳақиқий ҳаётини ёритмаётганлигини, аслида қашшоқ ва камбағал аҳолиси бор юртни жаннатмакон қилиб кўрсатаётганлигини таъкидлайди:

- Ўзбекистонда¸ ўз юртида кўнглидаги гапни одамлар ҳайиқиб айтмайди. Лекин сизларга боғланиб бемалол айтаверади. Сизларни ҳақиқий ватанпарвар десак ҳам бўлади¸ дейди ўзбекистонлик тингловчиларимиздан бири.

Яна бир ўзбекистонлик тингловчимиз эса ўзбекистонликларни ҳеч бўлмаса ўртаҳол бўлиб яшашини орзу қилишини айтади:

- Ўзбекистоннинг ўртача яшайдиган одамининг уйида олтита товуғи бўлса¸ тўртта қўйи бўлса¸ боласи билан битта сигири бўлса¸ эскироқ бир машинаси бўлса¸ икки-тўрт сотих огороди бўлса¸ эрталаб туриб сут-қатиқ ичса¸ обедда товуқнинг катагидан тухум олиб еса¸ кечқурун бир парча гўшт еса, ана ўшанда яхши бўлади¸ дейди ўзбекистонлик бу тингловчимиз.

Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаётган бошқа бир суҳбатдош эса Ўзбекистонда уй-жой масаласи тобора чуқур муаммо бўлиб бораётганини айтади:

- Қайсидир йили ëшлар йили бўлди. Шунда ëшларга уй берилди. Шунда ҳам давлат ишида ишлайдиган ëшларга берилди. Ҳозир давлат ичида қанақа иш бор? Иш бор¸ ойлиги кам. Жуда ҳам кам. Қандай қилиб бундай ишда ишласа бўлади? Меҳнат қиладиган одамларда шунча пул йўқ. Уларга унақа квартира берилмайди. Шу масалада мен сизларга телефон қилган эдим.

Икки сотихли уйда уч хўжалик яшаймиз. Яна битта уйлантирадиган укам бор. Уй йўқ¸ пул керак. Шу туфайли Россияга¸ Қозоғистонга неча марта чиқдик¸ қориндан орттириб бўлмайди¸ дейди Россияда ишлаётган суҳбатдошимиз.

Жанубий Қозоғистон вилоятида наманганлик 15 оила деҳқончилик қилишади. Уларнинг айтишларича¸ ҳар бир оиланинг ўз радиоприёмниги бор ва улар ҳар куни Озодлик радиосини тинглашади.

Ўз исмини билдиришни истамаган наманганлик йигитнинг сўзларига кўра, уларнинг бирдан бир муаммоси бу чегарадан кириб-чиқиш масаласи. У ўзбек чегарачилари меҳнат муҳожирларини талаётганлигини айтади:

- Менга кўпинча ҳақиқатни гапирганинглар ëқади. Бизни ҳозир чегара қийнаб турибди. Дарғом пости бор¸ Қоплонбек пости бор.

Бу ердан у ëққа ўтганда Ўзбекистонда қийналаяпмиз. Ҳозир яширинча йўллардан ўтиб кетаяпмиз. Кўп деҳқонлар Қозоғистондан кетаëтганда чегарада қора меҳнат қилиб топган пулини олдириб қўяяпти.

Қозоғистон пости тегмайди. Нариëқда ўзимизникилар олади. Хонасига олиб киради¸ ҳамма ëғингизни текширади ва кейин олиб қўяди. Аëл кишими¸ эркак кишими - фарқи йўқ: ҳамма ëғини текширади¸ дейди ўз исмини билдиришни истамаган суҳбатдошимиз.

Россиянинг Томск шаҳридан қўнғироқ қилган наманганлик меҳнат муҳожири ўзи ва шерикларининг қулликда сақланаётгани ва саккиз ойдан бери темир бетон заводида маошсиз ишлаётгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, аслида уларни Наманганнинг Чуст туманидаги Сарак қишлоғида яшовчи Султонхон деган киши алдов йўли билан олиб келиб, бу ердаги иш берувчиларга сотиб юборган:

- Биз Томскда бетон заводида ишлаганмиз. Ана ўша жойда ҳозир кўпчилик ўзбеклар бор. Паспортни олиб қўйган. Ойлик сўрасак¸ беришдан бош тортаяпти¸ дейди наманганлик меҳнат муҳожири.

Биз бу мавзуни ўрганишда давом этамиз.

Ҳурматли тингловчи, Озодлик радиосининг эркин микрофони сизлар учун доим очиқ.

Марҳамат қилиб, +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг:
XS
SM
MD
LG