Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:39

Каримов от пойгасига бормади


Президент Ислом Каримов от пойгасида президент Дмитрий Медведевни қўлламовчи эмас.
Президент Ислом Каримов от пойгасида президент Дмитрий Медведевни қўлламовчи эмас.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Дмитрий Медведевнинг Москва марказий отчопарида 18 июл куни уюштириладиган от пойгасини томоша қилиш таклифини рад қилди.

Пойга баҳонасида ўтказилиши режалаштирилган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитига Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Молдавия ва Тожикистон президентлари ташриф буюрдилар.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 23 июлда ўтадиган президентлик сайловлари муносабати билан от пойгасига бора олмаслигини билдирган. Шунингдек, Украина президенти Виктор Юшченко, белорус президенти Александр Лукашенко ҳам Москвага бора олмасликларини билдирганлар.

Ўтган йилги норасмий учрашувга бормаган президент Каримов бу йилги учрашувга ҳам келмади.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, отларга ҳаммадан кўра кўпроқ меҳр қўйган туркман раҳбари Бердимуҳаммедов ҳам Москвага бормайди.

Ўтган йил август ойида Москва билан қуролли можарода бўлган Грузия умуман МДҲдан чиқиб кетмоқчи.

Хуллас, ҳозирча Медведев билан бир қаторда ўтириб, чавандозларга "ҳа, баракалла" деб далда бериб турувчилар орасида Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Молдавия президентларинигина кўриш мумкин.

Ўтган ҳафта Москвада ўтказилган давра суҳбати чоғида Россия Давлат Думасининг МДҲ масалалари бўйича мутасаддиси Константин Затулин МДҲ ичида кечаётган бугунги жараёнларни Грузия можароси ва жаҳон молиявий бўҳрони билан боғлади.

- Менимча¸ Россия МДҲга қизиқишини йўқотмаса, бу ташкилот сақланиб қолаверади. Жаҳон молиявий бўҳрони МДҲ ичидаги заиф давлатларни кучлироқ бўлганлардан ёрдам сўрашга мажбур қилмоқда.

Лекин бир вақтнинг ўзида бошқа бир тенденцияни ҳам кузатмоқдамиз. Кавказдаги август воқеаларидан сўнг айрим МДҲ давлатлари Москвадан узоқлашиш ва Ғарб билан яқинлашиш мавриди етгани ҳақида ўйлай бошлади. Бу, айниқса, Беларус ва Ўзбекистонга тааллуқлидир.

Андижон воқеаларидан сўнг Россия қаноти остида халқаро босимлардан қутулган Ўзбекистоннинг яна Ғарб томон талпиниш тендецияси кузатилмоқда. Каримовда "Кавказ воқеалари учун Россия албатта жазоланади" деган тушунча пайдо бўлди. Ва бу вазиятдан у Ғарб билан муносабатларни тиклаш учун фойдаланиб қолди¸ деди Россия Давлат Думасининг депутати.

МДҲ масалаларини ёритувчи москвалик сиёсий шарҳловчи Санобар Шерматованинг фикрича, Кремл Ўзбекистонга нисбатан кейинги сиёсатини ҳозирча тўлиқ белгилаб олган эмас. Аммо Марказий Осиё йўналишида фаоллашган Россия сиёсатчиларининг яқин кунлар ичида қабул қиладиган қарорлари Тошкентга билвосита жиддий таъсир кўрсатади.

Россия Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида янги ҳарбий базани жойлаштиришга ва Тожикистондаги “Айний” аэродромидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистондаги гидроэнергетик иншоотларнинг келажаги Россиянинг ҳам молиявий, ҳам сиёсий таянчига қараб қолган.

- Биринчи ҳолатда, Россия базалар масаласини ҳал этиб, Ўзбекистонга сув-энергетика масаласида ён бериши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон ўзини ютқазган, деб ҳис қилмайди ва базаларга кўнади.

Иккинчи ҳолатда эса Россия ҳам базаларни жойлаштириши¸ ҳам сув энергетика масаласида Ўзбекистон талабларига қулоқ солмаслиги мумкин. Шунда Ўзбекистон аутсайдер сифатида мутлақо четда қолиб кетади¸ дейди Санобар Шерматова.

31 июл – 1 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган КХШТ га аъзо давлат раҳбарларининг Бишкекдаги норасмий учрашувлари давомида Кремлнинг Тошкентга нисбатан янги сиёсати ойдинлашиб қолиши мумкин.

Кузатувчилар фикрича, президент Каримов Бишкек саммитига ҳам боришни ўзига эп кўрмаса, ўзининг Тошкентдан туриб Москва қарорларига таъсир ўтказиш имкониятларини чеклайди.
XS
SM
MD
LG